Танбаллик ортга судрайди

  • 16:09
  • 03,09-2019
  • 789
  • Улашинг

Таниш-билишлар йиғилиб, чақ-чақлашиб ўтирган эдик, телевизорда Тошкент шаҳридаги айрим маҳаллаларни, аниқроғи, харобага айланиб қолган уйлар, хонадонларни кўрсатиб қолди. Суҳбат тўхтаб, барчанинг нигоҳи телевизорга қадалди: томидан чакка ўтиб ётган, ҳовлиси ахлатхонани эслатадиган, деворлари кўчиб, эшик-деразалари қийшайиб ётган уйлар намойиш этилди. Шунда даврадагиларнинг хаёлидан «Наҳотки, шундай шаҳри азимда шу даражадаги қаровсиз уйлар бўлса», деган фикр ўтгани сезилиб турарди. Кўрсатув тугагач, кимдир:

– Шу бечораларга жуда қийин бўлибди, наҳотки, бу жойлардан бирор раҳбар хабар олмаса-я, – деди ачиниб.

– Аввало, аҳвол шу даражага келганига одамларнинг ўзлари айбдор, – деди жиддий туриб бошқаси.  

Ҳамма ажабланиб унга қаради.

– Албатта, бу уйлар аввал бошдан ана шундай аҳволда бўлган эмас, – дея давом этди у. – Йиллар давомида кўчган деворни ямаб, эшик-деразаларни бўяб, синган ойнасини алмаштириб, томдан чакка ўтишини кутмай, яроқсиз ҳолга келган шиферлар алмаштирилганида, уй харобага айланмасди. Анави аёлни қаранг, сочлари тўзиб, бир умр тароқ тегмаганга ўхшайди. Ҳовлиси супурги кўрмаган, уйига кирган одам ўзини  ахлатхонада ҳис қилади. Ит ҳам ётган жойини думи билан тозалайди. Булар инсон-ку, давлат таъмирлаб берсин, ҳукумат пул ажратсин, маҳалла ёрдам берсин, деб ўзини бечораҳол кўрсатишдан уялмаганини қаранг. Нима, ҳокимиятдагилар келиб ҳовлисини супуриб берсинми ёки маҳалладагилар келиб уйини тозалаб турсинми?! Ногирон ва беморларнинг йўриғи бошқа: анави эркакни қаранг, ваннасидаги жўмрак қачон бузилганини ҳам билмайди. Сув оқиб ётибди. Битта жўмракни алмаштириб қўйишга ярамайдиган эркак эркакми... Яна бир манзарани қаранг. Бир маҳалла одам битта водопроводга қараб қолибди. У ҳам бўлса жўмраксиз. Сув кеча-кундуз тинмай оқиб ётаркан. Ахир, бефойда оқиб ётган сув увол-ку. Шаҳарнинг қайсидир маҳалласида сувдан қийналишади. Бу ерда эса бекорга оқиб ётибди. Наҳотки, бир маҳалла одамдан бирортаси битта жўмрак олиб келиб ўрнатишга ярамаса. Уялмасдан жўмраги сингани қачонлигини ҳам билмаймиз, дейди. Одамларнинг уйига, хонадонига бу муносабати танбалликдан бошқа нарса эмас. Тоза, озода жойга барака ёғиларкан. Ҳаракатчан одамнинг иши ривожланаверади, дангасанинг топганида барака бўлмай, иши ортга сурилаверади.

Нуронийнинг бу гапи чуқурроқ мулоҳаза қилишга ундайди кишини. Ҳақиқатан ҳам серғайрат, серҳаракат инсонларнинг уйига кирсангиз дилингиз қувнайди. Бундан эллик-олтмиш йил аввал қурилган иморатлар оҳорини йўқотмаган. Ҳовлисидаги саранжомликни кўриб, ҳавасингиз келади, кафтдек ерда анвойи гуллар очилиб ўтибди.

Кўп қаватли уйларда ҳам ҳар хил манзарага дуч келасиз. Айримларида йўлаклар, зиналар супурилган, чироқлар порлаб туради. Айримларида эса зиналар қўпорилган, йўлаклар қоронғи, деворлари кўчиб ётганини кўриб, дилингиз ранжийди. Ҳар икки масканда ҳам инсонлар яшайди. Бирида тозалик, саришталикка ўрганган кишилар яшаса, иккинчисида эса...

Хизмат юзасидан вилоятлардан бирида сафарда бўлганимизда намунали уйлар қурилган мавзега бордик. Профилактика инспектори учун ажратилган уйга бошлашди. Ҳовлидаги озодалик хонадонга файз бағишлаб турибди. Келинчак ёш боласини аравачасига ётқизиб, ўзи мўъжазгина иссиқхонада кўкатларга сув сепаётган экан.

– Лимон экканмиз, – деди профилактика инспектори. – Ниҳоллар катта бўлгунича икки-уч йил кўкат етиштирса бўлади. Яна помидор, бодринг экканмиз, ҳадемай пишиб етилади.

Имконини топган бир парча ердан ҳам унумли фойдаланади. Ҳудудни айланиш учун кўчага чиқдик. Бир хил қурилган уйларни кўриб, давлатимиз томонидан фуқароларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ғамхўрлигига шукрона айтасиз. Уйларнинг олд томонида озгина ер ажратилган экан. Кимдир аллақачон мевали дарахт ўтқазишга улгурган, яна бошқаси экин экиб парваришлаяпти. Аммо яна бир жой эса ташландиқ ҳолатда. Қурилишдан қолган тошлар тозаланмаган ерда янтоқ ўсиб ўтибди. Ер эгасининг уйига қарадик. Худди кутиб тургандек, бир аёл ташқарига чиқди-да, дарвозани қаттиқ ёпиб бепарво кетди. Дарвоза олди супурилмаган, ҳатто эшигига қурилиш давомида теккан лой ҳам тозаланмаганди...     

  Шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кунга обод бўлиб, бир-биридан чиройли, салобатли бинолар қуриляпти. Фуқаролар учун бунўд этилаётган замонавий уйларни кўриб дилингиз ғурурга тўлади. Аммо борини асраб-авайлаш ўрнига, вайронага айлантирсак, бундан кимга фойда-ю, кимга зарар. Кексаларимиз ишчанлик, ҳаракатчанлик олға ундайди, танбаллик эса ортга судрайди, деб бежиз айтмайди.

Садриддин ШАМСИДДИНОВ.