Бобосининг тадбири қўл келди

  • 09:08
  • 13,08-2019
  • 51
  • Улашинг

Қўчқор ака тегирмондан олиб келган гуручини айвончада қолдириб, кечки овқатга ўтирди. Кун бўйи рўзғор ташвишлари билан чарчаган эканми, овқатни зўр-базўр еб, уйқуга кетди. Эрта тонгда уйғониб қараса, айвончада турган гуруч жойида йўқ.

 – Ким олган бўлиши мумкин? – дея ҳайрон бўлганича хотинидан сўради.

– Билмасам, – елка қисди аёли.

  Қўчқор аканинг боши қотди: илгари ҳам ярим қоп гуручи, тўртта товуғи, эски велосипеди ғойиб бўлганди. Энди эса паловхонтўрани сайратиб юборадиган бир қоп сара гуручи йўқ. Энг ачинарлиси, ўша гуручдан бирон маротаба ош дамланмаганди. Қўчқор ака бўлган воқеани профилактика инспекторига бориб айтмоқчи бўлди-ю, яна андиша қилди. Ахир, кимдан гумон қилсин? Ён-атрофида бегона киши яшамаса. Қўни-қўшнилар билан оға-инидек. Лекин қандай бўлмасин, гуруч ўғрисини топиш керак! У бироз ўйланиб турди-да, хотинига ўгирилди:

 – Гуруч ўғирланганини ҳеч кимга айтма!  

 – Нега? –ҳайрон бўлиб сўради Гулноз опа.

 – Бобом уруш даврида бир иш қилган экан. Биз ҳам шундай қиламиз. Ўғри, албатта, топилади.

 – Бу ишдан ҳеч ким озор кўрмайдими? – хавотирланганча сўради Гулноз опа.

 – Йўқ! – мийиғида кулди Қўчқор ака. – Бу шундай беозор «операция»ки, ҳатто ўғри ҳам қандай тумшуғидан илинганини билмай қолади.

 Орадан уч кун ўтгач, айвончада турган бир қоп ун ҳам ғойиб бўлди. Буни кўрган Гулноз опа «дод»лаб юборди.

 – Овозингни ўчир! – деди Қўчқор ака унинг ўғирланганидан суюниб. – Ўғри қопқонга тушди.

– Қани? – ён-атрофига аланглади Гулноз опа.

 – Юр, кўрасан, – деди Қўчқор ака ва из олиб қўшниси Ўлжабойнинг уйига киришди. Қарашса, ўғирланган бир қоп ун ва гуруч турарди.

 – Бобонгиз уруш даврида нима иш қилганди? – қизиқиб сўради Гулноз опа.

– Ун солинган қопни тешиб қўйган экан...

                              

                              Худойберган ЖАББОРОВ,

                                «Postda» мухбири.