Хавфсизликни таъминлашга инновацион ёндашув

  • 12:08
  • 31,08-2019
  • 806
  • Улашинг

Ички ишлар органлари тизимида шундай бир соҳа борки, у транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъулдир. Бу соҳа вакиллари, айниқса, темир йўл транспортида юк ва йўловчи ташишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олишда кўп йиллик тажрибага эга.

– Фуқаролар ва уларнинг юкларини манзилларига бешикаст етказиш, шунингдек, темир йўл инфратузилмасининг бутлигини таъминлаш асосий вазифамиз саналади, — дейди Сирдарё вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари, капитан Рўзибой Мамадиев. — Бугунги кунда терроризм хавфининг мавжудлиги, гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол-аслаҳалар ҳамда бошқа тақиқланган юкларни ҳудудимизни кесиб ўтувчи транспортда олиб ўтишнинг олдини олиш биздан вазифамизга инновацион ёндашувни талаб қилади. Шунинг учун доимий равишда мутахассисларимизни замонавий ускуналарни қўллашга ҳамда ёвуз ниятли шахсларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатига муносиб жавоб беришга тайёр туришга ўргатиб борамиз.

Айтиш жоизки, темир йўл Сирдарё вилоятининг учта шаҳри ва олтита тумани ҳудудидан ўтади. Бундан ташқари, элликдан ортиқ маҳалла темир йўл ёқасида ёки унга яқин ерда жойлашган. Бу транспорт ва унда ҳаракатланаётган йўловчилар хавфсизлигига жавобгар шахсларнинг масъулиятини янада оширади.

– Бўлимимиз жойлашган ҳудудига қараб, иккита бўлинмадан ташкил топган, — дейди Сирдарё вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими Гулистон бекати бўлинмаси инспектори, катта лейтенант Илҳом Маликов. — Бўлинмамиз ҳудудидан кесиб ўтувчи темир йўлнинг асосий қисми юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар учун мўлжалланган. Поездларнинг бешикаст ҳаракатланиши ҳамда улардаги йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ходимлари билан биргаликда доимий равишда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари, шунингдек, «Диққат, поезд!», «Темир йўл кесишмаси», «Ойна» каби мавзуларда суҳбатлар олиб борамиз. Вокзал ҳудудига кирувчи йўловчилар ва уларнинг қўл юклари металлодетекторлар ёрдамида, катта ҳажмдаги юклар эса замонавий рентген аппарати ёрдамида кўрикдан ўтказилади. Фавқулодда ҳолатлар юз берганида кервер русумли ускуна ёрдамида шубҳа уйғотган шахслар ва уларнинг юклари белгиланган тартибда текширилади. Бунда тажрибали ходимларимиздан сержант Баҳодир Умаров ва сафдор Дилноза Хўжақулованинг ҳиссаси катта. Бундан ташқари, темир йўл вокзали ҳудудида ўнлаб кузатув камералари ёрдамида узлуксиз назорат амалга оширилади.

Кўрилган профилактик чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан Сирдарё вилоя­ти ҳудудидан кесиб ўтувчи темир йўлда содир этилган жиноятлар сони 65,2 фоизга камайишига эришилган. Бу ички ишлар органлари тизимининг такомиллашуви, айниқса, уларнинг моддий-техника базасининг мустаҳкамланиб бориши, кадрлар салоҳиятининг йилдан-йилга ўсиши ҳамда қоидабузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга замонавий ёндашувлар самарасидир. Транспортда жамоат тартибини сақлаш бўлими ходимлари ўз постида экан, йўловчиларимиз ва олиб ўтиладиган юклар хавфсизлиги ҳамда темир йўл транспорти инфратузилмаси бутлигининг таъминланишига шубҳа йўқ.

 

Ғайрат ЭРНАЗАРОВ.

Сирдарё вилояти.

Муаллиф олган сурат.