Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ

  • 16:05
  • 15,05-2019
  • 427
  • Улашинг

Ички ишлар вазирлиги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Наманган шаҳридаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган бир гуруҳ оддий аскарлар Ватанга содиқ хизмат қилишга тантанали равишда қасамёд қилди. 

Сўнгра ҳарбий қисм хизматчилари ва бир гуруҳ ёшлар томонидан жанговар машқ намойишлари, саҳна кўринишлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

— Аскарнинг онаси бўлиш ҳам бир бахт, – дейди Чортоқ тумани Балиқкўл қишлоғидан келган онахон Матлуба Тожиддинова. – Ўғлим Ботиржон Бузриков ҳозиргина қасамёд қилди. Очиғи, унинг бунчалик жиддий, алпқомат бўлиб қолганини сезмаган эканман. Оналар учун фарзанд ҳамиша болалигича қолади, деганлари рост экан. Очиғини айтиш керак, она фарзандидан доим хавотирда яшайди. Деярли бир ойдан бери, «Иссиқ-совуғи жойидамикан, қорни тўйяптимикан?» деган ўйлар безовта қилаётган эди. Ҳозир келиб кўрдимки, ҳаммаси аъло, уйдагидан-да яхши шароитда яшаб, шуғулланишаётган экан.

Тадбирда ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондони ўринбосари, подполковник Суҳроб Ғаниев иштирок этди ҳамда қўшин қўмондони, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов йўллаган табрикни ўқиб эшиттирди.

  

Дилдора РАҲМОНОВА.