Дунё  мамлакатлари ва Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш

  • 10:05
  • 20,05-2019
  • 1083
  • Улашинг

Коррупция жаҳоннинг глобал муаммоларидан бири бўлиб, деярли барча мамлакатларда мавжуддир. Бугунги кунда ҳам у қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари тамойилларига, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга жиддий хавф солаётган таҳдидлардан ҳисобланади.

Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади: ҳатто бундан тўрт минг йил муқаддам Бобилнинг қудратли шоҳи Хаммурапи даврида, Миср фиръавн­лари замонида ҳам порахўрликка қарши чоралар кўрилган.

Жаҳон банки институти тадқиқотларига кўра, дунёда ҳар йили 1 триллион доллардан зиёд пора тўланади. Бу ҳолат, ўз навбатида, халқаро ташкилотлардан, жаҳон ҳамжамиятидан коррупцияга қарши курашни кескин ва мунтазам равишда олиб боришда иқтисодий-сиёсий, ҳуқуқий йўлларни такомиллаштиришни талаб этади. Зеро, коррупция демократик йўналишни танлаган давлатлар ривож­ланишига тўсиқ бўладиган асосий омилдир. Кенг маънода, коррупция – демократияга қарши бўлиб, озчиликнинг кўпчилик ҳисобидан бойишини таъминлайди.

Дунёда коррупция хавфи ва таҳдид­ларига қарши бир қатор норматив– ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Улар асосида халқаро стандартлар шакллантирилган. Коррупцияга қарши курашда халқаро стандартлар ўзига хос механизм ролини бажариб келмоқда. Энди коррупцияга қарши кураш бўйича асосий қонун ҳужжатларига тўхталиб ўтсак. Булар қуйидагилардан иборат:

  1. Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси
    (БМТ Бош Ассамблеясининг 51-сессияси 82-ялпи йиғилиши. Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь).
  2. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик (Страсбург, 1999 йил
    27 январь).
  3. Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенция­си (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь).
  4. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенциясига қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил
    15 май).
  5. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрда қабул қилинган) ва бошқалар.

Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь халқаро Коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Жаҳон бўйлаб БМТ аъзолари бўлган, коррупцияга қарши кураш конвенциясини тан олган мамлакатлар шу куни турли тадбирлар, акциялар уюштиради. Плакатлар ва варақалар чоп этади. Жорий йилда ушбу кун 16-марта нишонланди.

Жаҳон мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси мамлакат етакчиси шахсан коррупцияга қарши курашда мустаҳкам ирода ва собитқадамлик қилса, ибрат бўлса, ўша мамлакатда сиёсий барқарорлик, демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари таъминланади, иқтисодиёт ўсади, халқ фаровон ва эркин яшайди. Масалан, Сингапур 1965 йилда мустақилликка эришгач, мамлакатнинг биринчи Бош вазири Ли Куан Ю Коррупцияга қарши кураш махсус суриштирув бюроси  тузиб, унга жуда катта ваколатлар берди.

Терговчилар ва махсус полиция ходимларидан иборат бўлган ушбу Бюро бевосита Бош вазирга бўйсундирилди, прокурор ва вазирларнинг ушбу ташкилот фаолиятига аралашуви тақиқланди. Илгари коррупция схемаси бўйича берилган кўплаб лицензиялар ва рухсатномалар бекор қилинди.

Коррупцияни йўқ қилиш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш натижасида деярли барча оилалар уй-жой билан таъминланди. Энг ночор фуқароларга ҳам имтиёзли ипотека кредитлари берилди. Мамлакат иқтисоди жаҳон бозорида рақобатдошликка йўналтирилди, нефтни қайта ишлаш, енгил саноат, кемасозлик соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланиб, уларга кейинчалик электроника ва инновацион технологик соҳалар қўшилди. Ушбу компаниялар беш йил муддатга турли солиқлардан озод этилди. Ислоҳотчи давлат раҳбари Ли Куан Ю Сингапур «Иқтисодий мўъжиза»си асосчиларидан бўлиб тарихга кирди.

Хитой давлати эса Дэн Сяопин ташаббуси билан «ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати» ўтказилиши натижасида 40 йил ичида камбағаллик ва қолоқликдан ўзининг 5000 йиллик тарихида юз бермаган фаровонлик, барқарорлик чўққисига кўтарилди.

Ислоҳотлар меъмори Дэн Сяопиннинг очиқлик сиёсатини янги сифат босқичида унинг сафдоши Си Цзиньпин Хитойни «янги давр», «Хитой орзуси» деб номланган стратегия орқали амалга оширди.

Ушбу сиёсатнинг устувор йўналишлари белгиланди ва давлат ҳокимият органлари ҳамда бизнес соҳасини нафси ўпқонга айланган коррупционерлардан мақсадли тозалаш бошланди. Уч йил мобайнида
1,3 миллион нафар давлат хизматчиси интизомий ва маъмурий жазога тортилди, 35,5 минг амалдорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, вазир мақомида бўлган 280 нафар, вазир ўринбосари ёки департамент раҳбари мақомидаги 8600 нафар мансабдор жавобгарликка тортилди. Кейинги беш йилда чет элга қочиб кетган
3317 нафар коррупциячи олиб келиниб, қонуний жазога тортилди.

Хитойда коррупцияга қарши олиб борилган муваффақиятли кураш натижасида иқтисодий муносабатлар соғломлашди, партия-давлат тизими интизоми пастдан юқорига қадар мустаҳкамланди, халқнинг ишончи оқланди.

Жанубий Корея­да эса 1999 йил Сеул шаҳри мэри Гох Кун томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича махсус электрон «OPEN» дас­тури ишлаб чиқилди ва фуқароларга давлат хизматчилари ишини назорат қилиб туриш имконияти яратилди. Ҳозир фуқаро истаган заҳоти ўз ҳужжатларининг давлат муассасалари томонидан кўриб чиқилишини интернет орқали кузатиб туриши мумкин. Бу фуқароларга коррупция ҳолатлари сезилган пайтларда ўз норозиликларини билдиришга имкон яратди. Коррупцияга қарши «OPEN» дастури ҳокимият органларининг фаолияти, фуқаролар ва мамлакат манфаатларига ҳалол хизмат қилишда ўзига хос эталон бўлди.

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро универсал ҳужжатларни тан олган, хусусан, 2008 йил 7 июлда БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривож­ланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Олий Мажлис томонидан жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битим (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.

Президентимиз Шавкат
Мирзиёевнинг ташаббуси ва таклифи билан 2016 йил Олий Мажлиснинг иккала палатасида ва оммавий ахборот воситалари орқали халқ муҳокамасидан ўтказилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги 34 моддадан иборат бўлган қонун 2017 йил 4 январдан эътиборан кучга кирди.

Мазкур қонунга кўра, республикамизда Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқалар оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролар коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этишлари белгиланган.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалар ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз».

Ички ишлар органлари ходимлари ҳам ушбу иллатга қарши курашнинг олдинги сафларида бўлишлари ва фуқароларга намуна кўрсатиб, қатъий позицияда туриб, халқимизнинг ишонч-эҳтиромларига сазовор бўлиш­лари лозим. Улар аҳоли ўртасида бу жирканч иллатга қарши кураш бўйича миллий қонунчилигимиз, халқаро стандартларнинг мақсад-мазмунини мунтазам равишда тушунтириб боришса, иллатга барҳам беришда муносиб ҳисса қўшган бўлади.

Зеро, жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, икки йўналиш – коррупцияга қарши изчил ва мавжуд воситалар билан қатъий курашиш ҳамда хорижий инвестицияларни мамлакатимизга кенг жалб этиш янги Ўзбекистон тараққиётини белгилайди.

 

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий фанлар
доктори, профессор,

 истеъфодаги полковник.