Ҳарбийлар таъминоти эътиборда

  • 16:05
  • 15,05-2019
  • 51
  • Улашинг

ИИВ Қоровул қўшинларида, ҳарбий қисмлар таъминот хизматлари мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг билим даражаларини янада ошириш мақсадида уч кунлик ўқув йиғини ташкил этилди.

Ўқув йиғинининг биринчи кунида Қоровул қўшинлари қўмондонининг қўшинлар таъминотини ташкиллаштириш бўйича ўринбосари, подполковник М. Миркомилов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, ИИВ Ўз хавфсизлиги, Моддий-техник таъминот бошқармалари вакиллари иштирок этди. Йиғинга жалб қилинган раҳбарлар билан ҳарбий қисмларда моддий бойликларнинг талон-торож этилишига ва яроқсиз ҳолга келиб қолишига йўл қўйганлиги учун масъул мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар хусусида назарий машғулотлар олиб борилди. Шунингдек, таъминот хизматлари мансабдор шахсларининг зиммаларига юклатилган хизмат вазифаларини бажариш даврида қонунийлик ва хизмат интизомига риоя этишлари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда сўзга чиққан Қоровул қўшинлари таъминотини ташкиллаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Ш. Қудратхўжаев ҳарбий қисмлардаги товар-моддий бойликлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш ҳар бир ҳарбий хизматчининг бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, уларнинг яроқсиз холга келиб қолиши ёки талон-торож қилинишига йўл қўймаслик учун лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида фикр билдирди.

Машғулотлар давоми 7534-ҳарбий қисм бирлашган ўқув полигонида ўтказилди. Бу ерда иштирокчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарликлари синовдан ўтқазилди. Мазкур жараёнда улар спорт, ўқ отиш тайёргарликларидан синов топширишди.

Ўқув йиғини якунида ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, подполковник М. Миркомилов таъминот хизматлари олдида турган вазифалар, жумладан, ҳарбий қисмларда уй-жой маиший комиссиялар фаолиятини ташкиллаштириш, ёш аскарларни белгиланган меъёрлар асосида таъминотнинг барча турлари билан ўз вақтида таъминлаш масалалари ҳақида гапирди. Шунингдек, ҳарбий қисмларда йўлга қўйилган шахсий таркибнинг аутсорсинг тизимида овқатланишшини назоратга олиш ва бошқа шу каби масалалар юзасидан ҳам зарур топшириқлар берди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

лейтенант.