Институт филиали фойдаланишга топширилди

  • 10:05
  • 31,05-2019
  • 817
  • Улашинг

Ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлигини юксалтириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳамда малакасини ошириш мақсадида ИИВ Малака ошириш институти ташкил этилган эди. Ўз навбатида, жойлардаги ИИВ академик лицейлари таркибида ушбу институтнинг филиаллари фаолият бошлади.

ИИВ Бухоро академик лицейидаги филиалнинг фаолияти ҳам таҳсинга сазовор: шу кунгача бу ерда ходимлар хизматдан ажратилмаган ҳолда бешта босқичда ўқитилди.

Айни кунларда Бухоро вилоятида бўлиб турган Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р. Ҳатамов янги ўқув мажмуасининг очилишида иштирок этиб, лицей ўқувчилари ҳамда тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Қайд этиш лозим, Малака ошириш институти филиалида 3 та умумий ўқув, электрон ўқ отиш, маънавият ва маърифат, видеоконференция, ходимларнинг касбий ҳамда хизмат тайёргарлигини ошириш бўйича махсус хоналар мавжуд.

Ўқув жараёнига академик лицейнинг тажрибали ўқитувчилари (улар таркибида ички ишлар органларидан нафақага чиққан ходимлар ҳам мавжуд), вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ҳамда прокуратура органлари ходимлари ҳам жалб қилинган. Келгусида филиалда прокуратура ходимларининг ҳам малакасини ошириш режалаштирилган.

Ўқув жараёнида ходимларга соҳага оид фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, вазирликнинг буйруқлари ҳамда ходимлар амал қилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар ҳақида зарур билимлар берилмоқда. Айни пайтда бу ерда 100 нафар ходим малака оширмоқда.

Қувват ЯРАШОВ,

майор.

Бухоро вилояти.