Тозалик бор жойга барака ёғилади

  • 11:08
  • 14,08-2019
  • 61
  • Улашинг

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан 15–30 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги» ўтказилиши замирида катта маъно мужассамдир. Шунингдек, фармойиш билан мамлакатимизда 17–18 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши халқимизга хос азалий қадриятларнинг яққол ифодасидир.

Ҳар куни уйдан чиқарканмиз, кўчаларнинг тоза ва озодалигидан кайфиятимиз кўтарилади. Аммо ҳар доим ҳам озодалик фаришталари – фаррошларимиз меҳнатининг қадрига етавермаймиз...

Тан олиш керак, айрим юртдошларимиз турли нарсаларни дуч келган жойга ташлаб кетади. Ифлос қилиш эса, маънавиятли кишиларга хос эмаслиги барчамизга аён. Дарвоқе, азалдан момоларимиз совчиликка борганда биринчи галда бўлғуси келиннинг ҳовлиси, ён-атрофининг тозалигини кўздан кечиришган. Оиладаги тарбия киши маънавиятининг асосий пойдевори эканлигини инобатга олсак, барчаси аниқ-тиниқ намоён бўлади.

Тозалик, озодалик бор жойга барака ёғилади, дейишади. Шунинг учун бўлса керак, аждодларимиз қадимдан бунга алоҳида эътибор қаратишган. Айниқса, овқатланишдан олдин қўлни ювиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик, ҳовлини тоза сақлаш, кийимларни имкон қадар кир қилмасликка интилиш кераклигини кичиклигимиздан қулоғимизга қуйишган.

Муҳими, покиза жойдан турли касалликлар ортга чекинишини тиббиёт ҳам тасдиқлаганини ҳисобга олсак, гигиена қоидалари, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш саломатлигимиз гаровидир.

Юртимизда ҳаво иссиқ бўлиб турган шу кунларда уй ва кўчаларимиз, маҳалла-кўй, теварак-атроф ҳамда ишхоналаримизнинг тозалигига оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшсак кайфиятимизни кўтаришдан ташқари, саломатлигимиз учун ҳам фойдалидир.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.