Бир сиқим тупроқ

  • 11:09
  • 09,09-2019
  • 192
  • Улашинг

Ёш улғайгани сари сўзни ҳам қадрлай бошлар экансан. Бир вақтлар тилингдан шунчаки учган сўзларни энди авайлаб, ўйлаб айта бошлайсан. Ватан – киндик қонинг томган қутлуғ манзил ҳам шундай қадр-қиммат топиб бораверади. Ёшликда жозибали кўринган кўп нарсалар вақт ўтиши билан хира тортади. Биргина туғилиб ўсган макон, болалик излари қолган кўчалар, ҳовли, ота-онанг мангу қўним топган азиз тупроқ янада қадрлироқ бўлиб қолади.

Ҳамкасбимиз, таниқли спорт журналисти, захирадаги подполковник Расул Жумаев ёшликдаги ҳамкасблари ҳақида гапира туриб, улардан бирови Германияда, яна бири Бирлашган Араб Амирликларида, яна бири бошқа давлатда яшашини айтиб қолди.

– Сиз ҳам улар каби дунёнинг исталган бир давлатида яшаб, ижод қилишингиз мумкин эди, афсусланасизми, – деб сўраймиз.

– Мумкин эди. Ёшликда унча-мунча нарсанинг қадрига етавермайсан. Ёт элда яшаётганинг ҳам билинмайди. Бироқ вақт ўтган сари... Афсусланмайман. Кўп юртларда бўлдим. Шу мавзуда «Дўстим Дониёрнинг 50 ёшига» деган бир шеър ёзган эдим.

Ўқий бошлади. Овозида Жонбулоқ – туғилган қишлоқ соғинчи, титроқ... Сиз ҳам бир парчасини ўқинг-а:

Эҳ... дўстим неларни кўрмади бу бош,

Қайларда бўлмади бу ориқ тана?

Тошканни қўя тур, Петербург, Москов,

Штутгард, Франкфурт, Лондон, Амриқо...

...

Тентидим, адашдим, недир изладим,

Қарийб Ер шарин ярмини кездим,

Лекин тополмадим ҳаётий маъно,

Жонбулоқ баридан устункан, сездим...

 

Ҳа, кичик бир қишлоқ баридан устун. Буни овоз чиқариб, баралла айтсанг, оҳори тўкилади, уни кўнгилда асрайсан.

 

* * *

Анча йиллар муқаддам Туркияда яшаб қолган бир ватандошимиз билан суҳбатлашиш насиб этган. Нуроний, чақалоқлигида онаси бағрида тарк этиб кетган Ўзбекистонни унутмаган, уни қўмсаб, имкон топиши билан туғилган юртига келиб-кетадиган бу инсон болалиги билан боғлиқ бир воқеани сўзлаб берган эди: «Уч-тўрт ёшларда бўлсам керак. Бирмунча Афғонистонда қолиб кетдик. Ҳаёт кечиришимиз оғир бўлиб қолди. Катталар тез-тез йиғилиб, бир нарса ҳақида кўп сўзлашарди. Ватан деган сўзни кўп такрорлардилар. Уларнинг гап-сўзларидан гўдак тасаввурим билан Ватан ширин, яхши нарса эканлигини англайман. Тўйиб-тўйиб егим келади. Оч эдим, ҳар доим ҳам тўйиб овқатланиш имконсиз. Шундай кунларнинг бирида бир кишидан Ватан қаердалигини сўрадим. Қўли билан дашт томонни кўрсатди. Йўлга чиқдим. Ватанни топсам тўйиб ейман, бошқаларга ҳам олиб бораман... Анча йўл юрдим. Чарчадим. Атрофда ҳеч ким йўқ. Йиғладим... Катталар мени қидириб топганларида анча ҳолдан тойиб қолган эдим. Онам мени бағрига босиб йиғлади:

– Ғурбатда юрганимиз каммиди? Нега бундай қилдинг?

– Ватанни қидирдим. Уни сизларга олиб келмоқчи эдим...

Шунда атрофимизни ўраб турган катта кишилар йиғлаб юборди...

Ватан шундай оғриқли сўз экан, катталарни ҳам йиғлатадиган... »

 

* * *

2000 йил. Ёз. Пайшанба қўрғони. Уй эгаси дарвоза олдидаги уч-тўрт йигитни кўриб, ҳайронлигини яширмади. Бўйлари баланд, қош-кўзлари қоп-қора, истарали йигит салом-аликдан сўнг мақсадини айтди:

– Мен ҳозир сизлар яшаб турган шу уйда туғилганман. Дадам вафот этганларидан кейин Самарқандга кўчиб кетдик. Мумкин бўлса, киндик қоним томган шу уйдан бир сиқим тупроқ олсам...

Бундай илтимосни рад этиб бўлармиди?!

Йигит бир сиқим тупроқни авайлаб рўмолчага тугди-да кўкрак чўнтагига солди.

Бу йигит II даражали «Шон-шараф» ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги махсус тадбирлар батальонининг гуруҳ командири, лейтенант Сайёр Садинов эди. Ўша йили унга кузни кўриш насиб этмади.
2000 йил ёзнинг сўнгги ойида мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларига суқилиб кирган жангари тўдаларга қарши курашда мардларча ҳалок бўлди. Уни ўша кўксидаги бир сиқим тупроқ билан она ер бағрига қўйишди. Ўша йили жанговар ҳаракатларда бир неча йигит ҳалок бўлди. Уларнинг бари йигирма ёшнинг нари-берисида эди.

Ҳа, Ватан шундай маъвоки, Унинг учун жон олиб, жон берадилар, азиз жонларини қурбон қиладилар.

 

* * *

Таътилнинг бир ҳафтасини қишлоқда, қариндошларимизникида ўтказдик. Машинадан тушганимиздан кейин қизим атрофга мамнун қараб, шундай деди:

– Ойижон, маҳалламизни, уйимизни жуда соғиндим-ей.

– Ҳа-а, соғинган бўлсанг, келдик, мана, қўшниларимиз ҳам бизни илиқ кутиб олишяпти, – дедим.

– Ҳаммани яхши кўрар эканман, – деди қизим қувноқлик билан. – Дадам, акам, қўшниларимиз, дугонам Фарида, ўқитувчи дугонангиз, ўтган-қайтганни гапириб ўтирадиган Валя хола ҳам кўзимга яхши кўрин­япти. Кўчаларимиз жуда файзли экан...

– Қишлоғим ҳақида кўп гапирсам кулар эдинг, ўзинг ҳам туғилиб ўсган жойларингни мақтай бошладинг-ку, – шундай деб иккаламиз баравар кулиб юбордик.

Ҳа, қизим соғинган, яхши кўришини дафъатан англаб қолган бу одамлар, кўчалар, маҳалла – ҳаммаси биргаликда бир мазмун-моҳиятни касб этар эдики, бунинг номи Ватан дейилади.

Энг улуғ, энг азиз айём – мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Юртимиз улкан шодиёна оғушида.

Айрим инсонлар Ўзбекистон мустақилликка осонгина эришганини гапиради. Эҳтимол, тўғридир. Бироқ уни сақлаб қолиш осон бўлмаганини ҳамма ҳам билавермайди. Унинг қадрига етмоқ учун ўтган кунларни ҳам эслаб турмоғимиз жоиз: мамлакатимиз учун ғоят оғир, мураккаб бир даврда ҳам унинг тинчлик-осойишталиги, барқарор ривожланиши учун жонини аямаган фидойилар бор эди. Барча қийинчиликларга қарамасдан, уларни олға ундаган куч нима эди? Бу – Ватан эди, Ватан тақдири ва унга чексиз муҳаббат эди!..

 

Инобат ИБРОҲИМОВА.