Сайёҳлар хавфсизлиги ишончли қўлларда

  • 11:05
  • 27,05-2019
  • 1196
  • Улашинг

Юртимизда сўнгги йиллар мобайнида туризм салоҳиятини юксалтириш, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, уларга қулай ва хавфсиз шароит яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга доир қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, соҳада йиғилиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли бугунги кунда дунёнинг 55 та мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим қоидаси жорий этилди.

Бу борада соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган ИИВнинг Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур хизмат томонидан вазирликнинг бошқа соҳавий хизматлари билан ўзаро ҳамкорликда сайёҳлик намойиши объектлари ва уларга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, туристларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, хорижий давлатлардан ташриф буюрган делегация вакилларини кутиб олиш, ташриф чоғида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам муҳим вазифалар бажариб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБларининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ходимлари томонидан 44 та хорижий давлат ва халқаро ташкилотларнинг
271 та делегациясини кутиб олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ бўлган тадбирлари давомида бирорта ҳам кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмади.

Мазкур давр мобайнида ташриф объект­ларида хизмат олиб бораётган хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларига турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган
11500 нафардан ортиқ хорижий ва маҳаллий туристларнинг барчасига зарурий ёрдам кўрсатилди.

Вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда жами 145 маротаба туристлар хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш, расмий делегацияларни қабул қилиш, халқаро фестиваллар, байрам тадбирлари, халқаро спорт анжуманлари ва бошқа кўплаб тадбирлар юқори савияда ташкиллаштирилди. Шунингдек,
4700 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида жойларда 223 маротаба учрашувлар ташкиллаштирилиб, унда юртимиз ҳудудидаги сайёҳларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг бу борадаги маданияти ва меҳмондўстлик фазилатларини юксалтириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, тизим фаолиятига доир бўлган барча ислоҳотлар соҳанинг янада ривожланишига бевосита ёрдам беради.

 

Элдор ҲАКИМОВ,

подполковник.