Ўзингники ўзагингни қирқади

  • 11:06
  • 19,06-2019
  • 1057
  • Улашинг

Пойтахтнинг Учтепа туманида мудҳиш воқеа рўй берди. Табрик кўчасида яшовчи Аҳмедовлар (исм-шарифлар ўзгартирилди) хонадонига юзига ниқоб кийган уч нафар йигит бостириб киради. Бу пайтда хонадон соҳиби уйда йўқ, уй бекаси эса меҳмонга келган амма билан сериал томоша қилиб ўтирган эди. Босқинчилар аёлларни бўғиб, пул ва тилла тақинчоқларни талаб қила бошлайди. Ичкари хонада китоб ўқиб ўтирган хонадон соҳибининг қизи Гулсара шовқинни эшитиб, тезда ҳовлига чиқади ва қўни-қўшниларни ёрдамга чақиради.

Шовқин-суронни эшитган ён қўшни Баҳром ака дарҳол ошхонадан пичоқ олиб, ёрдамга шошилади. Уйга кириб келганида, босқинчилардан бири унга ҳамла қилади. Аммо Баҳром ака босқинчига чап бериб, қорнига пичоқ тиқиб олади. Йигит яраланиб, ерга йиқилади. Унинг шериклари эса тезда машинага ўтириб кўздан ғойиб бўлади.

Яраланиб ётган босқинчининг юзидан ниқобни олишганида ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. У хонадон соҳибининг жияни Умар эди. Хонадон эгалари амакисининг уйига босқинчиликка тушган жиян учун тез тиббий ёрдам чақиришади.

Воқеадан хабар топган ички ишлар органлари ходимлари суриштирув ишларини бошлаб юборади. Уятдан, номусдан боши эгилган Умар ходимларга жиноий шерикларининг қаерда бўлиши мумкинлигини айтади.

Умарнинг ҳамтовоқларидан бири кўнгилочар масканда қўлга олинади, иккинчиси эса қочиб кетади. Суриштирув давомида унинг Хоразм вилоятидаги тоғасиникига кетгани ва ундан Қозоғистонга ўтиб кетиш режаси борлиги маълум бўлади.

– Босқинчилик ҳақида хабар олишимиз билан қочиб кетган учинчи шахсни қидириб топиш ҳаракатини бошладик, – дейди ИИВ Марказий навбатчилик қисми бошлиғи ўринбосари – смена бошлиғи, подполковник Бахтиёр Абдушукуров. – Дастлаб унинг онаси яшайдиган манзилни топиб, тоғасиникига қайси йўлдан бориши мумкинлигига ойдинлик киритилди. ИИВ ЙҲХББ ҳамда ППХ ва ХТСББга хабар берилиб, қидирувдаги шахснинг сурати юборилди. Шимолий ҳудудларда хизмат қилаётган барча ЙПХ постлари ходимлари огоҳлантирилди.

Урганч туманидаги «Чолиш» блок постида хизмат ўтаётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори, сафдор Обиджон Тожиев, кичик инспектор, сафдор Жамол Аҳмедов ва карантин хизмати ходими, сержант Қадамбой Йўлдошев «Беруний–Урганч» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган «ISUZU» автобусини кўздан кечираётганида бир йигитнинг безовталанганини сезишади. Яқинига борганларида у босқинчиларнинг шериги Жуманазар бўлиб чиқади. Дарҳол унинг қўлига кишан тақилади.

Хуллас, кўрилган тезкор чора-тадбирлар ва аниқ ҳаракатлар туфайли босқинчилик жинояти «иссиқ изида» фош этилиб, жиноий йўл билан пул топмоқчи бўлган кимсалар қўлга олинди.

Садриддин ШАМСИДДИНОВ,

«Postda» мухбири.

Тошкент шаҳри.