Мен ўғри эмасман

  • 21:08
  • 09,08-2019
  • 901
  • Улашинг

Бу воқеага анча бўлди. Аммо ҳар ёмғирли кунда эсимга тушаверади ва бир қизариб оламан.

Дам олиш куни бўлгани учун бемалол чой ичиб ўтиргандим, хотин қўлимга рўйхат тутқазди. Демак, бугун ҳам бозорга боришим керак.

– Чойингизни иссиқ-иссиқ ичиб олинг, адаси, ташқарида ёмғир эзғилаб ёғяпти, – хотинимнинг илиқ сўзлари қайноқ чой билан қўшилиб, дилимни яйратиб юборди.

– Комилахон билан бир қўнғироқлашар эканман-да, бугун, – деди хотиним ва қўнғироқ жарангидек кулиб юборди.

Бир қизариб мен ҳам кулгига жўр бўлдим. Чунки ёмғир ҳар иккимизга яна ўша кунни ёдга солганди. Ўшанда воқеани хотинимга айтиб берганимдан сўнг у ишхонасига бориб «гуллаб» қўйибди. Тасодифни қарангки, мени уялтирган ўша аёл хотиним билан бирга ишлар, исми Комила экан...

Воқеа бундай бўлганди.

Ўшанда ҳам якшанба бўлгани учун ширин уйқуда ётган хотинимни уйғотишга кўзим қиймай, ўзим чой дамлаб, ичиб, ўзим йиғиштиргач, телевизор томоша қила бошладим. Истараси иссиққина қиз соябон қандай пайдо бўлганлиги ҳақида гапиряпти. Дарвоқе, соябоним бузуқ-ку. «Тузатиш керак!» Хотинимнинг соябони ҳам ишдан чиққан. «Униям тузатаман!» Иккала соябонни олиб зиналардан тушаётгандим, пастки қаватдаги қўшни аёл олдимдан чиқиб қолди.

– Вой, зонтик тузатгани кетяпсизми? Илтимос, меникини ҳам ола кетинг, сими синиб қолганди...

Индамай, икки соябон ёнига учинчисини қўшиб олдим.

Ёмғир эзғилаб ёғяпти. Аксига олиб, уйимиздан бир бекат наридаги устахона ишламас экан. Бошқа устахона излашга тушдим. Ўткинчилар ҳайрон: «Қўлтиғида учта зонтик, боши очиқ, тавба...»

Қидира-қидира шаҳарнинг бир бурчагидан устахона топдим. Кичкинагина уйчасида куймаланиб ўтирган армани йигит соябонларни тузатишга рози бўлди. Нархини баланд айтган бўлса-да, кўндим.

– Қолдириб кетинг, ара, бирон соатдан сўнг олиб кетасиз.

Ёмғир авжида. Нима қилишни билмай анча наридаги сомсахонага кирдим. Бурчакдаги жой бўш экан. Сомсапаз бир-икки норози қараш қилгани учун уч дона қайноқ сомса, бир чойнак чой олдим.

Хаёл олиб қочди. «Ёғаётган ёмғирнинг ҳаммаси бир чуқурликка йиғилса, неча тонна бўларкин? Орол тўлиб кетармиди. Табиат ҳам ажойиб-да, шунча сув осмондан томчилаб ёғмасдан бирданига тушса борми...»

– Жой бўшми?

Чўчиб тушдим. Ўта хушрўй жувон чуқур кулгичларини намойиш қилиб, мендан рухсат сўраб турибди.

– Бўш-бўш, бемалол, – дедим-у, шундоқ ҳам кенг жой бўлса-да, беихтиёр стулимни чеккароққа сурдим.

Аёл аввал сумкасини, кейин соябонини столнинг бир чеккасига авайлаб қўйиб, чой қайтара бошлади. Халал бермаслик учун юзимни бурволдим. Чойни аёл ичяпти-ю, мен хижолат чекяпман. «Уста соябонларни тузатиб бўлганмикин? Бориб хабар олиш керак».

Ўрнимдан туриб энди бир-икки қадам ташлагандим, бояги аёлнинг овози эшитилди:

– Кечирасиз, яхши йигит, соябон меники эди.

Ваҳ, чўрт, хаёл билан аёлнинг соябонини олиб кетаётган эканман. Бўладиганим бўлиб, минг бор узр сўраб, соябонни жойига қўйдим. Аёл «ҳечқиси йўқ» дея самимий кулганидан кейингина бир оз ўзимга келдим. «Уф-ф, бу соябон дегани мени жинни қилади, шекилли».

Устахонага келсам, армани йигит хуноб бўлиб ўтирибди.

– Э, ара, бу зонтикларингиз анча вайрон экан. Яна озгина сабр қиласиз.

«Озгина» сабр ҳам ярим соатга чўзилди. Ниҳоят, соябонларни олиб, йўлга тушдим. Ёмғир тинган, қўлтиғимда учта соябон. Ўткинчилар эса ҳайрон: «Бир ўзига учта зонтик, ёмғир ёғаётган бўлса ҳам майлийди, тавба...»

Автобус ҳам роса куттириб келди. Бўш ўринга ўтириб олгач,  ташқарини томоша  қила бошладим. Ёмғирдан сўнг шаҳар жуда чиройли бўлиб кетибди.

– Бугун овингиз бароридан келганга ўхшайди...

Гап қотган аёлга қарадим. Аёл тиззамдаги соябонларга ишора қиларди. Тахта бўлиб қолдим. Буғдой юзим аввал оқарди, кейин қизарди, охири қип-қизил бўлиб кетди-ёв. Чунки тепамда ўша – сомсахонада бирга ўтирган аёл кулгичларини чуқур ботириб жилмайганча турарди...

Эркин САТТОРОВ.

postda.uz.