Ватан қаҳрамонларини унутмайди

  • 11:05
  • 13,05-2019
  • 738
  • Улашинг

Президентимиз фармони билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига етти миллион беш юз минг сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти белгиланиши ғамхўрликнинг юксак намунасидир.

– Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, кейинчалик ички ишлар органларида фаолият кўрсатган фахрийлар сони тобора камайиб бормоқда, – дейди вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Араббой Усмонов. – Бугун орамизда яшаётган 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси тирик афсона, жонли тарих ҳисобланади. Улар ғанимат, шу боисдан уларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ёзёвонлик Ҳайдарали ота Қўзи­боев ҳам ана шундай юртнинг фидойи ўғлонларидан бири эди. Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган отахон жанггоҳлардан омон қайтгач, узоқ йиллар туман ички ишлар бўлимида турли лавозимларда хизмат қилиб, нафақага чиқди. Нафақага чиққанидан сўнг «Нуроний» жамғармасининг Ёзёвон тумани бўлимига раҳбарлик қилди, турли жамоат ташкилотларида фаолият кўрсатди. Тадбирлар отахоннинг иштироки ва маслаҳатисиз ўтмас эди. Ўзи яшайдиган қишлоқнинг тўй-маъракасига доим бош-қош эди. Ҳайдарали ота ўтган йили вафот этди. Бироқ у яшаган хонадоннинг чироғи ўчгани йўқ.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида вилоят ИИБ раҳбарияти, фахрийлар кенгаши, туман ИИБ мутасаддилари Ҳайдарали ота Қўзибоев яшаган хонадонга келиб, фарзанд ва набираларининг ҳолидан хабар олди. Файзли хонадонда фахрийнинг хотираси ёд этилиб, урушда кўрсатган жасорати, қилган яхши ишлари, шогирдлари ҳақида самимий суҳбат қурилди. Ҳ. Қўзибоевнинг фарзандларига вилоят ИИБ раҳбариятининг совғалари топширилди.

Халқимиз ўз қаҳрамонларини асло унутмайди. Уларнинг порлоқ хотираси ёшлар қалбида абадий сақланади. Уруш даврида фронт ортида меҳнат қилиб, кейинчалик узоқ йиллар вилоят ички ишлар органларида ишлаган полковник Абдуғаффор Саттаров ҳам ана шундай қаҳрамонлардан бири эди. У нафақага чиққанидан сўнг 25 йилдан зиёд вилоят ИИБ Фахрийлар кенгашига раислик қилди. Бугун вилоят ички ишлар органларида хизмат қиладиган юзлаб ходимлар полковник Абдуғаффор Саттаровни чин маънода ўзларига устоз деб билади. Фарғонанинг бу фидойи ўғлони ҳам 2018 йилда вафот этган эди.

Байрам арафасида вилоят ИИБ раҳбарияти, фахрийлар кенгаши ҳамда 20 нафарга яқин шогирди Абдуғаффор Саттаров хонадонида бўлиб, унинг эзгу ишларини хотирлашди.

Шунингдек, ички ишлар органлари фахрийлари – Саминжон Набиев, Холматжон Каримов, Тўланбой Шокировлар ҳолидан ҳам хабар олиниб, байрам совғалари улашилди. 

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

Суратда: Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ва  фахрийлар кенгаши аъзолари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Ҳайдарали ота Қўзибоев хонадонида.

Муаллиф олган сурат.