Навоийнинг мард ўғлони

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 350
  • Улашинг

– Ўқувчиларимиз орасида интилувчан, спортга, адабиётга меҳр қўйган ёшлар анчагина, – дейди ИИВ Навоий академик лицейи директори, подполковник Ёдгор Аҳмедов. – Асатбек Тошпўлатов ана шундай келажаги порлоқ ёшларимиздан бири. Яқинда қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Бўй-басти келишган, қарашларида ўзига ишонч ва қатъият порлаб турган Асатбек яқинда ўн саккиз ёшга тўлади. Устозлари эътироф этганидек, спортга меҳри баланд.

– Ўн ёшимдан қўл жанги билан мунтазам шуғулланаман, – дейди у. – Спортга қизиқишимга акам Асилбек сабабчи бўлган. Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим ўзи билан бирга машғулотларга олиб борарди. У ерда болаларнинг тезкор ҳаракатлари, спортдаги ютуқларини кўриб, қалбимда иштиёқ уйғонган.

Ҳаётга катта умидлар билан қадам қўяётган, орзулари осмон қадар юксак ёш спортчи мазкур лицейда ўқишни танлаганини гапираркан, қалбидаги фахр-ифтихор туйғулари тилга кўчди:

– Ички ишлар органларида ишлашни ёки ҳарбий соҳани ҳавас қилмайдиган йигит бўлмаса керак, назаримда. Негаки, тинчлик-осойишталикни таъминлашда бу соҳа эгаларининг хизмати беқиёс.

Фикрлари теран, содда ва самимий йигитнинг шижоати, интилиши, юксак мақсадларни кўзлаб дадил одимлаётгани кўплаб тенгдошларига ибрат бўлса арзийди. Гоҳида айрим ёшларнинг дарсдан сўнг беҳуда вақт ўтказиши, бирор фойдали машғулот билан шуғулланмай, бемақсад юришига гувоҳ бўламиз. Ҳолбуки, бугунги кунда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар мавжуд. Айниқса, Навоий шаҳрида қатор спорт иншоотлари, тўгараклар ишлаб турибди.

– Спорт – жисмоний соғломлик, кучли ирода ва чиниқиш манбаи, – дейди Асатбек. – 2015 йилдан бош­лаб вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб келяпман. Устозим Карим Холиқовдан беҳад миннатдорман. Спортда эришган ютуқларимда у кишининг катта хизматлари бор.

Дарҳақиқат, А. Тошпўлатов кейинги йилларда бир қатор нуфузли мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қўл жанги бўйича республика чемпионатида фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, сентябрь ойида Германияда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди. Айни пайтда мазкур мусобақага астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

– Инсоннинг келажагига болаликдан тамал тоши қўйилади, – дейди ИИВ Навоий академик лицейи ўқитувчиси, истеъфодаги подполковник Отабек Шамсиев. – Бунда бола ўсиб улғайган муҳит, оиланинг ўрни катта. Ўқувчи-ёшларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаётий қарашлари, фикр-мулоҳазалари, орзу-истакларини тинг­лаб, севинаман. Чунки улар катта мақсадлар билан яшаяпти, ниятлари улуғ. Фикрлари тоза, самимий. Асатбек ана шундай ёшларимиздан бири. У нафақат яхши спортчи, шу билан бирга, яқинлари, дўстларига эътиборли, кези келганда, улардан ёрдамини аямайди.

  Фарзанди ортидан яхши сўз эшитиш, унинг ютуқларини кўриш ҳар бир ота-онага беқиёс қувонч бахш этиши шубҳасиз. Ўш спортчи Асатбек Тошпўлатов эришаётган муваффақиятлардан ота-онасининг севинчи чексиз. Яқинда тарқалган хушхабар эса уларни янада тўлқинлантирди: дилбанди, лицей ўқувчиси, қўл жанги бўйича икки карра Осиё, икки карра жаҳон чемпиони, спорт устаси А. Тошпўлатов Президентимиз қарорига кўра, «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. «Ёшлар куни» муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими
Қ. Турсунов давлатимизнинг юксак мукофотини топшираркан, «Балли ўғлим, юртимиз шарафини янада юксакка кўтаришингга ишонамиз», дея қутлади.

– Юксак ишонч менга қанот бағишлади, – дейди Асадбек ҳаяжон оғушида. – Келгусида ютуқларим билан бу ишончни оқлайман. Эришган барча муваффақиятларим, аввало, ота-онамники! Ўз навбатида, спортнинг қўл жанги тури бў­йича сабр ва меҳр билан устоз­лик қилган жонкуяр мураббийларимга раҳмат айтаман.

Чиндан ҳам ота-она учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Келажаги порлоқ шогирдининг ютуғи эса ҳар бир устоз учун қадрли.

Вилоят ИИБда ўтказилган тадбирга Асатбекнинг отаси Зоҳиджон Умматов ҳам таклиф этилди. Бошқарма раҳбарияти томонидан лицей фахрига айланган ўқувчининг ютуқлари эътироф этилиб, самимий тилаклар билдирилди ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Очиғи, бу эътибордан бошим кўкка етди, – дейди З. Умматов мамнуният билан. – Ўғлимнинг Юртбошимиз томонидан юксак мукофотга муносиб кўрилгани, қолаверса, фарзандимизга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромдан жуда хурсандман.

Ота-онанинг қаддини тик, бошини баланд қилган, уларга ғурур ва ифтихор бахш этадиган фарзандлар доимо эл ичра азиздир.

 

Нигора РАҲИМОВА,

«Postda» мухбири.

Навоий вилояти.