90 нафар ходим – янги уйларда

  • 11:05
  • 13,05-2019
  • 416
  • Улашинг

Нукус шаҳридаги «Нур» макон фуқаролар йиғини ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимлари учун бунёд этилган янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариев, Ички ишлар вазири, полковник А. Темирханов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги «Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида хизмат олиб бораётган ходимлардан 110 нафарига узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан уй-жой бериш режалаштирилган. Айни пайтга қадар беш қаватли
90 хонадонни ўз ичига олган учта уй қуриб битказилди. Мазкур турар жойларда қурувчилар томонидан салкам 13 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жорий йил охиригача яна 20 нафар ходимни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган.

Янги турар жойга эга бўлганлардан бири Қорақалпоғис­тон Республикаси ИИВ ҲПБ катта инспектори, капитан Бабил Байжановдир.

– Ички ишлар органларида тўққиз йилдан буён хизмат қиламан, – дейди у. – Шу кунгача оилам билан ижарада яшадим. Уй-жойга муҳтожлигим ва ўтган давр мобайнида намунали хизмат қилганим ҳисобга олиниб, бугун уч хонадан иборат уйлардан бири берилди. Албатта, бундан оила аъзоларимнинг қувончи чексиз.

Шунингдек, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига еттита «Нексия-3» русумли хизмат автомашинаси ва профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига рухсатномалар ҳам тантанали равишда топширилди.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.