Замонавий ўзбек йигити ҳақида шеър

  • 13:10
  • 10,10-2019
  • 210
  • Улашинг

 

"ЎЗБЕК"

Қулоғида сирға, бўйнида занжир,

Фақат қош-кўзлари зулукдек қора.

Русча, инглизчада тинимсиз алжир,

Ўз тилини билмас йигит бечора.

 

Даврада ҳеч кимга гап бермас чунон,

Сўйлар Оврупода кўрганларини.

Парижда ақлини олган бир жонон –

Билан фарангча айш сурганларини.

 

Бориб кўрганми-йўқ Калтаминорни,

Лек Эйфелни мақтаб чакаги тинмас.

«От и до» билса-да, Мерлин Монрони,

Нодирабегимнинг кимлигин билмас.

 

Болапақир чарчаб кетди ахтариб,

Ўз она юртининг айбу иллатин.

Қарасам, олмонни кўкка кўтариб,

Оёқ ости қила бошлар миллатин.

 

Пайт топиб сўрадим: «Буёққа қаранг,

Сиз ҳам ўзбекмисиз, аслида ошна?»

Гапимнинг маъносин тушунгач, аранг,

Энсаси қотар: «Ну, это не важно».

 

Кечиринг, сўзларим чиқса қолипдан:

Нималигин Ватан, миллат ва ўзлик –

Қаердан ҳам билсин манов олифта,

Адашиб ўзбек бўп туғилган шўрлик.

 

Қоним қайнади-ю, ўзимни босдим,

Лекин қандай қилиб аламим тўксам?

Инглизча сўкишни билмайман, рости,

Барибир тушунмас, ўзбекча сўксам...

Рустам ЖАББОРОВ.