Алининг тўнини Валига...

  • 10:03
  • 25,03-2020
  • 157
  • Улашинг

Халқимизда лафзсиз, ваъдасида турмаган, омонатга хиёнат қилган инсон қаттиқ қораланади. Бугунги кунда яқинлари, дўстларининг ишончига кириб, уларни алдаётган кимсалар учраётгани дилни хира қилади, албатта.

Абдуқодир (исм-шарифлар ўзгартирилди) тадбиркорлиги орқасидан уй-жой қилди, мол-мулк орттирди.

Ҳовлили уйда яшаш орзусида турмуш ўртоғи Фазилат билан маслаҳатлашиб, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонини сотиб, пулига Зангиота туманидан ҳовли сотиб олишни режалаштирди. Яхши бир жой топилгунича пулни ишлатиб қўймаслик мақсадида автомашина олмоқчи бўлди.

Айни вазиятда Абдуқодирда катта миқдорда пул борлигини билган унинг курсдоши Абдуфаттоҳ тикувчилик цехи очиб, маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланиш учун қарз сўради. Бу ишдан яхши фойда қолишини, агарда унга 3000 АҚШ доллари бериб турса, ҳар ўн кунда бир миллион сўм фойда қолишини айтди.

Кўп йиллардан буён яқин бўлиб кетганлиги боис Абдуқодир курсдошига сўраган пулни берди. Орадан ўн кун ўтгандан сўнг фойдани олиш учун унинг олдига борганида, ўртоғи 100 АҚШ доллари бериб, қолганини кейин беришини айтди. Ўртоғининг самимийлиги ва саховатпешалигидан устомонлик билан фойдаланиб қолишни мақсад қилган Абдуфаттоҳ орадан маълум вақт ўтгач, улуш бериш ўрнига бизнеси учун маблағ етмаётганлигини баҳона қилиб, дўс­тидан яна қарз сўради.

Табиатан кўнгилчан бўлган Абдуқодир курсдошининг раъйини қайтара олмади. Абдуфаттоҳ эса тадбиркорлигини ривожлантириш учун олган пулларининг маълум қисмини бош­қалардан олган қарзларини узишга, қолганини ўз эҳтиёжи учун ишлатди.

Келишилган вақт ўтгач, Абдуқодир дўстидан пулини сўради. Абдуфаттоҳ ҳозирча иши юришмаётганлиги, қарзини кейинроқ, албатта, қайтаришини айтди. Лекин ваъда қилинган вақт ўтиб борарди. Абдуфаттоҳ эса пулни қайтаришни ўйламасдиям. Абдуқодир сўрай-сўрай бир амаллаб пулларининг бир қисмини қайтариб олди, лекин каттагина миқдори дўс­тида қолиб кетаверди.

Абдуқодир пулини қайтариб олиш учун Абдуфаттоҳга бир неча маротаба қўнғироқ қилди, телеграмига ёзди, аммо бу уринишлар фойда бермади. Сабр косаси тўлганидан сўнг Абдуфаттоҳнинг отасига учради, лекин бундан ҳам ҳеч бир натижа чиқмади. Шундан сўнггина тегишли органларга мурожаат этишга мажбур бўлди.

Тергов-суриштирув жараёнида Абдуфаттоҳ отасининг таниши зангиоталик Фармонқул акадан ҳам бизнес қиламан, фойдасидан улуш бериб тураман, дея 3000 AҚШ доллари олганлиги маълум бўлди. Пулларни эса ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган эди.

Абдуфаттоҳ судда пулларни тадбиркорлик қилиш учун олганлигини, лекин бу иш билан шуғулланмасдан фақатгина қарзларини ёпиш ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатганлигини тан олди. Агар уни кечириб, имконият беришса, бу номаъқулчилик­ларни қилмасликни айтиб, енгиллик берилишини сўради.

Суд қонун барча учун баробар, деган тамойил асосида Абдуфаттоҳ Жовлиевга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

Элза Шамсутдинова,

жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси

Сарвар СОБИРОВ,

«Postda» мухбири.