Оғуфурушлар ниятига ета олмади

  • 10:03
  • 25,03-2020
  • 295
  • Улашинг

Инсон билиб-билмай қилган хатосидан вақтида тўғри хулоса чиқариб, кейинчалик уни яна такрорламаса, қандай яхши. Аммо бунинг акси бўлса-чи? Келинг яхшиси, бу cаволга жавобни қуйидаги воқеадан билиб олсак.

Гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаб чиққан Тўлқин Эгамбердиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва Сарвар Тўхтаев кейинчалик ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмади. Улар бир-бириникига меҳмонга бориб, эски хотираларни ёдга оларди. Ана шундай кунларнинг бирида Тошкент вилоятига, Сарварнинг уйига борган Тўлқин унга:

– Оғайни, ҳалигининг хумори тутяпти, ўша зормандадан топиб бермасанг бўлмайди, – деди.

– Биласан-ку, бу «ҳунар»ни ташлаганимга анча бўлган, – деди норози оҳангда Сарвар.

– Ташлаган бўлсанг нима бўлибди, мен учун ҳам топиб бера олмайсанми?

– Илтимос, мени қийнамагин, жон ўртоқ, – дея унга ялиниб-ёлворди Сарвар.

Уни фикридан қайтариш бефойда эканлигини билган Тўлқин гапни қисқа қилди-да, мезбон билан хайрлашиб, Қашқадарёга, яъни ўз юртига жўнади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Сарварга қўнғироқ қилиб, маслаҳатли иш борлигини, уникига келиб-кетишини айтди. Дўстининг таклифига рад жавобини бера олмаган Сарвар уникига келди. Улфатлар бироз суҳбатлашиб ўтиргач, Тўлқин муддаога кўчди:

– Менда бир кило героин бор. 20 минг АҚШ долларига сотмоқчиман. Агар «мижоз» топиб берсанг, сени ҳам рози қиламан.

– Мен энди бунақа ишлар билан шуғулланмаслигимни ўтган сафар ҳам айтгандим-ку! – деди унинг гапларидан жаҳли чиққан Сарвар.

– Ҳозир менга пул жуда зарур, тушунсанг-чи ўртоқ, – деди дўстини кўндиришга уриниб Тўлқин.

– Сенга неча марта айтяп­ман, мени бундай ишларга аралаштирма, ахир, аввалгидан бутунлай ўзгарганман-ку, – деди гаплари ўртоғига таъсир қилмаётганидан хуноби чиққан Сарвар.

Ораларидаги шунча асаббузарликдан кейин ҳам пул деса, ўзини томдан ташлайдиган Тўлқин уни қўярда-қўймай, таниши Шавкат исмли гиёҳфурушнинг уйига олиб бориб, оғуни кўрсатади. Шу баҳонада хонадон соҳибини ҳам таништиради. Илгари ҳам заҳри қотил билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун қамалиб чиққан Шавкатни ва Тўлқинни яхши гап билан бу йўлдан қайтаришнинг имкони йўқлигини тушуниб етган Сарвар тўғри вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларига мурожаат этади.

Шундай қилиб, ўтказилган махсус тезкор тадбир чоғида бир килограмм миқдоридаги гиёҳвандлик моддасини 20 минг АҚШ долларига сотаётган Тўлқин ва унинг жиноий шериги Шавкат воқеа жойида қўлга олинади.   

Пешона тери эвазига ҳалол ризқ топишдан кўра, инсонлар ҳаётига зомин бўлувчи заҳри қотилни пуллашни афзал билган икки гиёҳфуруш ҳам суд томонидан айбига яраша қонуний жазога тортилди.

 

Лутфулло МАМАРАЖАБОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Чироқчи тумани суди раиси.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.