Миллий ўйинлар – тарбия воситаси

  • 11:03
  • 24,03-2020
  • 66
  • Улашинг

Халқимизда илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий ўйинлар кўп. Улардан айримлари ёшларни жисмонан соғлом, бақувват, эпчил этиб тарбиялашга хизмат қилса, бошқаси топ­қирликка ўргатади. Масалан, ўғил болалар «Чиллак», «Тортишмачоқ»ни яхши кўришса, қизлар «Супур-супур», «Оқ теракми, кўк терак», «Ҳаппак тош» каби ўйинларга қизиқишган.

Қуйида улардан айримларининг ўйнаш қоидалари ҳақида яна бир бор эслатиб ўтишга қарор қилдик.

«ЧЎНҚА ШУВОҚ»

Диаметри 3 м доира чизилиб, доира ўртасига 50 см баландликдаги қозиқ ўрнатилади ва унинг атрофига шувоқ боғланади. Қозиқнинг юқори қисмига бир ярим метрлик узунликдаги ингичка ип ҳалқасимон қилиб боғланади. Ип учини бошловчи ушлаб туради.

Ўйновчилар доира атрофида туради. Ўқитувчининг ишорасидан сўнг иштирокчилар югуриб келиб шувоқдан юлиб олишга ҳаракат қилади. Ўйинбоши ипни ушлаб олган ҳолда шувоқдан юлиб олишга ҳаракат қилаётган ўйновчиларни тепиш билан шувоқни ҳимоя қила олса, ёки бирор марта шувоқни юлиб олишга имкон бермаса бош­ловчи ўйинда ғолиб ҳисобланади.

Ўйинда 7–8 киши қатнашади. Бошловчи ўйинчини доира ичидан чиқармасдан ушлаши керак.

 

«СОҚҚА»

Ўйновчилар тенг икки гуруҳга бўлиниб, чизиқ орқасида қатор бўлиб туради. Ҳар бир ўйинчи қўлида 500–1000 г тошни ушлаб туради.

Ишора берилиши билан биринчи гуруҳ ўйинчиси соққа (тош)ни узоққа думалатиб ташлайди, иккинчи гуруҳ ўйинчиси қўлидаги соққа билан ташланган соққани мўлжалга олиб, теккизишга ҳаракат қилиб отади.

Ўйинчи соққани 7-ҳисобга санагунча теккизиши керак, агарда теккиза олмаса, унда гуруҳнинг бошқа ўйинчисига тошни ташлашга рухсат этилади. Ўйинчи соққани соққага тегизса, унга бир очко берилади, шундан сўнг шу гуруҳнинг навбатдаги ўйинчисига соққани отишга рухсат берилади. Агарда у соққани тегиза олмаса, бошқа гуруҳ ўйинчиси соққани отади ва ҳ.к. Ўйинда камроқ хатога йўл қўйиб, кўпроқ очко тўплаган гуруҳ ғолиб чиқади.

 

«ТЕПКИ»

«Тепки» ўйини учун диаметри 8 метрли доира чизилади. Ўйин яккама-якка, гуруҳ-гуруҳ ёки жамоага бўлиниб ўтказилади.

Ўйновчилар тенг икки гуруҳга бўлиниб, доира ичида туради. Бошловчи ишора бериши билан ўйин бошланади. Ўйинчилар доира ичида бир-бирини тепади ва ўзига тегизмаслик учун гоҳ чап, гоҳ ўнг томонга чап бериб, доира ичида юрадилар. Ўйинга бардош бера олмасдан, доира ташқарисига чиқиб кетган ўйинчи ютқазган ҳисобланади (ўйиндаги усул ишлатилган вақтда чиқиб кетилса ҳисобланмайди). Сўнг­ра кейинги жуфтлик тушади ва ҳ. к. Ўйин вақтида оёқдан ушлаб ағдариш ёки оёқни буриб йиқитиш, чизиқдан чиқариб юбориш мумкин. Ўйинда кўп очко тўплаган гуруҳ ёки ўйинчи ғолиб ҳисобланади.

 

«ЕЛКАДА КУРАШИШ»

Ўйновчилар тенг икки жамоага бўлинади. Диаметри 6–8 метрли доира чизилади. Ҳар бир гуруҳдаги жуфтликлардан бири иккинчисининг елкасига чиқиб ўтиради. Чавандоз отга нисбатан енгил бўлиши керак.

Бошловчи ишора бериши билан чавандоз­лар бир-бирининг қўлларидан ушлаб, тортиб ерга йиқитишга ҳаракат қилади, йиқилган чавандоз ютқазган ҳисобланади.

Бир-бирини тортиш вақтида доирадан ташқарига чиққан ўйинчи ҳам ютқазган ҳисоб­ланади. Ўйин текис, майса билан қопланган ерда ёки спорт залида, тўшакнинг устида ўтказилиши мумкин.

 

«ОТИБ ҚОЧАР»

Бу ўйинни тенг икки жамоага бўлиниб ўйнаш мумкин. Отиш жойи чизилади. Чизиқдан олдинги жойда икки қадам кенг­ликда доира белгиланади. Бу доира тўпни урувчи ўйинчиларнинг ҳимоя уйи бўлади.

Тўпни отиш ва уриш чизиғидан 25–30 м узоқликда марра белгиланади. Икки жамоа ўйинчилари отиш жойида ким қолиши учун қуръа ташлайди. Отиш жойида қолган ўйинчиларга қарши жамоанинг бир ўйинчиси копток ташлаб беради. Ўйинчи коптокни узоққа отиши лозим, агарда копток узоққа тушса, ўзи марра чизиғига бориб, жойига қайтиб кетиши керак. Копток узоққа тушмаса, унда ўйинчи доира уй ичига кириб дам олади.

Ҳимоячилар урилган коптокни илиб олиб, маррага югурмоқчи бўлган ўйинчини уради. Копток тегса, ҳимоячилар отиш чизиғига югуради, копток теккан ўйинчи дарҳол коптокни ушлаб, ҳимоячиларни уради ва отиш чизиғига югуради. Ҳимоячи коптокни илиб олса, коптокни ерга қаттиқ уради ва отиш чизиғига ҳамма югуради, яъни ўринларини алмашади.

Тўпни ерга уриб ўрин алмаштирмоқчи бўлган жамоанинг ўйинчиларини улар яна уриши мумкин. Ўйинда вазифани тез ва аниқ бажарган жамоа ғолиб чиқади.

Интернет хабарлари асосида тайёрланди.