Миннатдорлик мактублари масъулиятга чорлайди

  • 12:03
  • 23,03-2020
  • 69
  • Улашинг

Билиб-билмай жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган фарзандининг кейинги тақдири ҳар бир ота-­онани ўйлантириши табиий. Шундай вазиятда муассасадаги яхши шароитдан кўнгли тўқ бўлган, фарзандининг келгусида жамиятга ахлоқан қайта тарбияланган инсон сифатида қайтишини билган ота-онагина хотиржам бўлади.

Ушбу фикрлар исботини Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда халқ қабулхоналарига, Ички ишлар вазирининг виртуал қабулхонасига фуқароларимиздан келиб тушаётган миннатдорлик мактубларида кўришимиз мумкин. Хусусан, ўтган 2019 йил давомида юзга яқин миннатдорлик хатлари олинган.

Жумладан, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро К. Қосимова Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ва Ички ишлар вазири виртуал қабулхоналарига йўллаган мурожаа­тида Наманган вилоятида жойлашган жазони ижро этиш колониясига шу ерда жазо муддатини ўтаётган фарзанди Ж. М. билан учрашиш мақсадида ташриф буюрганида, муассаса маъмурияти қабулга келган ҳар бир фуқарони самимийлик билан қарши олиб, муаммо ва ташвишларини қисқа вақтда ижобий ҳал этаётганлигига гувоҳ бўлганини қайд қилган. Муассаса ходимларининг жазо муддатини ўтаётганларга жиноятчи деб эмас, балки ҳаёт йўлларида адашган шу юрт фуқароси сифатида муносабатда бўлаётганлигидан мамнун эканлигини баён қилган. Узоқ муддатли учрашув хонасида маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошлари учун барча шарт-шароит яратилганини алоҳида эътироф этган. У миннатдорлик мактубининг сўнгида Президентимизга, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига ва муассаса ходимларига самимий тилакларини изҳор қилган.

Маҳкумнинг ўзи эса миннатдорлик хатида колонияда ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш учун барча имкониятлар мавжудлигини баён қилиб: «Бунинг учун миннатдор эканимни муассасанинг масъ­ул ходимларига етказишингизни сўрайман», дея ўз мактубини якунлаган.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Д. Воҳидова Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида жазо муддатини ўтаётган турмуш ўртоғи Р. Ҳ. билан узоқ муддатли учрашувга борганида, колония ходимлари фао­лиятидан, фуқаролар билан муомаласидан мамнун бўлганини эътироф этган.

Албатта, бундай миннатдорлик туйғуларига йўғрилган дил изҳорлари биз, ички ишлар органлари вакилларига маънавий куч бағишлайди. Қолаверса, билдирилган ҳар бир эътироф бизни янада катта масъулият билан хизмат қилишга чорлайди.

Шаҳризод ШОКИРОВ,

катта сержант.