Халқ ишидан саодатманд Гулбаҳор

  • 12:03
  • 09,03-2020
  • 122
  • Улашинг

Тўқимачи бекатидаги ХТБ ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси гуруҳи катта инспектори, майор Гулбаҳор Амантаевани бир қарашда замонавий, хизмат вазифасини масъулият ва қатъият билан адо этадиган, иш фаолиятида ўзига хос фикри, мулоҳазаси билан муаммоли вазиятлар ечимни хамирдан қил суғиргандек зукколик билан ҳал этадиган ички ишлар органи ходими дейиш мумкин. Аммо у билан яқиндан суҳбатдош бўлиб, ҳовлисига райҳон, ўсма экиб, ҳатто ортиғини қўшниларига ҳам улашадиган, фикратидаги ўзбек аёлларига хос меҳр-муҳаббат, оқибат, қўйинки, қалбидаги самимиятга йўғрилган инсонийлик юзига бир ёруғлик, иссиқ истара бўлиб кўчган экан-да, деган фикр ярқ этиб уйғонади.

У кикбоксинг бўйича икки карра жаҳон чемпиони, қўл жанги бўйича профессионаллар ўртасида жаҳон чемпиони, ММА бўйича «Понкратион»да мутлақ Евроосиё чемпиони, икки карра «Прайд» йўналишида жаҳон чемпиони.

Дастлаб енгил атлетикага бўлган қизиқиши сабаб спорт оламига, кейин ички ишлар органларига ҳам шахдам қадамлар билан кириб келган Гулбаҳор Амантаева мисолида ўзбек аёлининг серқирра фаолиятини кўриш мумкин. Аёл кишидан ички ишлар идорасида фаолият юритишнинг ўзи алоҳида масъулиятни талаб этади. Хизмат вазифасини бажариш билан бир қаторда, спортда эришган муваффақиятларини мустаҳкамлаш ва янада юқори натижаларни қўлга киритиш учун сабр, ирода, матонат, керак бўлганида, ўз ҳаловатидан кечиш Гулбаҳор опагагина хос фазилат, десак асло муболаға эмас.

– Гулбаҳордаги спортчиларга хос шижоат, иштиёқни ниҳоятда қадрлайман, – дейди унинг кикбоксинг бўйича мураббийи Ботир Зокиров. – Машғулотларни асосан иш вақтидан аввал ё ишдан кейин олиб борардик. У спорт залига доим жисмоний имкониятларини ошириш мақсадида ишчан кайфиятда кириб келарди. Спортда фақатгина мураббийнинг йўналиш ва тавсиялари асосида рингда ғалаба қозониб бўлмайди. Бунда спортчининг жисмоний имкониятлари ва тайёргарлиги жуда муҳим. Бу борада Гулбаҳор ишончимни оқлаган энг таж­рибали спортчилардан. Қолаверса, ундан яхши мураббий чиқишига ҳам ишонаман.

Ишонч ҳақида сўз борганда, Гулбаҳор Амантаеванинг спорт мусобақалари билан боғлиқ баъзи хотираларини келтириш жоиз: – Ҳар доим спорт мусобақаларига қатнашишим учун Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида эътибор қаратилган. Замонавий қулайликларга эга спорт залларида машғулот ўтардик.

Қалбдаги эзгу ўй амалларга кўчганда, фаолиятдаги фаоллик атроф­дагиларнинг ҳам ҳаётига яхшилик уруғини сочади. Спортда ўзига хос мактаб яратган майор Гулбаҳор Амантаева хизмат ҳудудидаги темир йўл бекати, темир йўл корхонаси, маҳалла, кўп қаватли уйлар, мактаб­ларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда вазиятлар ва қўпорувчилик ҳаракатларининг содир этилишига йўл қўймаслик, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, темир йўл бекатларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар доим ўз вазифасига масъулият билан ёндашади.

– Тўқимачи бекатидаги ХТБ хизмат ходимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш борасида хизмат ҳудудига тегишли бўлган марказ фуқароларнинг кириб-чиқиш жойлари, Тошкент отрядининг ўқчилар командаси ходимларининг назорат пунктларида назорат ўрнатилади, – дейди Тошкент минтақаси темир йўл Транспортида ХТБ бошлиғи, подполковник Хайрулла Маҳмудов. – Бунда майор Гулбаҳор Амантаеванинг алоҳида ҳиссаси бор. Унинг берилган топшириқларни сид­қидилдан ва ўз вақтида бажариши бу ҳудудда келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ички ишлар органлари тизимидаги узоқ йиллик фаолияти мобайнида касбий кўникмаларни яхши ўзлаштирган майор Гулбаҳор Амантаева бу борада ҳамкасбларининг ҳам, хизмат ҳудудидаги фуқароларнинг ҳам эътиборини қозонган. У ҳудуддаги тинчлик-осойишталик, жамоат тартибини сақлашнинг қатъий талабларини миллий қадриятларимиз қатларига сингиб кетган меҳр-оқибат, инсоф-диёнат каби инсоний фазилатлар билан боғлайди.

– Яқинда хизмат билан «Меҳрибонлик уйи»да бўлдик, – дейди Гулбаҳор опа. – Ҳамма нарса муҳайё, аммо болажонларнинг нигоҳидан «Ҳозир эшикдан онам кириб келармикин» деган саволни уқдим. Шу онда юрагимдан ўтказганларимни таърифлаш мушкул, аммо ич-ичимдан уларнинг барчасини бирдек бор оналик меҳримни бериб, бошини силагим келди. Мана баҳор, ҳадемай, Наврўз тантаналари ҳам бошланади. Ҳамкасбларимиз билан шу болалар учун насиб қилса, байрам тадбир уюштиришни режалаштиряпмиз.

Меҳрибон она, жамиятда фаол ва ўз касбининг фидойиси, жонкуяр, тажрибали ходим, моҳир спортчи. Гулбаҳор Амантаеванинг бир аёл сифатидаги ҳаёт кундалигининг ҳар саҳифасида халқ орасида бўлиш, халқ учун ишлаш саодати, ибрат ва эътирофга лойиқ фаолият бор.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА.