Бундан ортиқ бахт қайда бор?

  • 10:03
  • 08,03-2020
  • 149
  • Улашинг

Майор Наргиза Турсунованинг ички ишлар органларида фаолият бош­лаганига бу йил роппа-роса 18 йил тўлди.

Ўтган йиллар давомида у Фарғона вилояти ИИБ Ахборот марказида, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармасида фаолият кўрсатди. 2011 йилдан бошлаб ҳозирги пайтгача Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

– Сўнгги йилларда ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари қатори, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ҳам тубдан ўзгарди, – дейди қаҳрамонимиз. – Тизимга замонавий ахборот-коммуникация воситалари кириб келди, паспорт-виза тартиботи соддалаштирилди. Энг муҳими эса, аҳолига жуда кўп қулайлик ва имкониятлар яратилди. Ҳозир паспорт-виза масалаларида мурожаат қилиб келган фуқаролар илгаригидек навбат кутиб ўтиришмайди, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликлар камайди.

Майор Наргиза Турсунова ҳар куни эрта тонгда ишхонага кириб келаркан, одамларнинг чеҳрасидаги мамнунлик, шукроналик ҳиссини кўриб ўзи ҳам беихтиёр қувониб кетади. Ҳузурига юмуш билан кириб келган фуқаролар билан эса доим хуш муомалада бўлади.

– Наргиза опа соҳавий билимлар бўйича катта амалий тажрибага эга, фуқаролар билан муомала қилишда ҳам ёшларга доим ибрат, – дейди бошқарма инспектори, катта лейтенант Давлатжон Мирсаодатов. – Шу боис иш жараёнида ёшларга устоз сифатида кўп масалаҳатлар беради, йўл-йўриқ кўрсатади. Албатта, ана шундай тажрибали ходима билан ёнма-ён ишлаётганимиздан хурсандмиз.

Наргиза Турсунова – бахтли оналардан бири. Ўғли Сардорбек Турсунов Ички ишлар вазирлигининг Фарғона академик лицейида таҳсил олмоқда. У ҳам келгусида ички ишлар органлари сафида ишлаб, эл-юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшмоқчи.

...Ўлкамизга баҳор фасли кириб келди. Ҳар галгидек дилбар фасл майор Наргиза Турсуновага ҳам олам-олам қувонч бағишлади. Шогирдлари гулдаста кўтариб, хонасига кириб келишди. Самимий тилаклар билдириб, устозни байрам билан қутладилар.

Инсонга бундан ортиқ бахт борми?

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.