Оила фариштаси, эл-юрт фидойиси

  • 18:03
  • 07,03-2020
  • 120
  • Улашинг

 

Юртимизда хотин-қизларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мўътабар Оналаримизни ардоқлаш, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш қизларимиз учун зарур шарт-шароитларни яратиш бугун давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жамиятнинг қайси соҳа ва йўналишини олмайлик – бу давлат ва жамият қурилиши ёки ишлаб чиқариш тармоқлари бўладими, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаси бўладими, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки фермерлик фаолияти бўладими, уларнинг ривожи ва самарасини оширишда фидойи ва ташаббускор опа-сингилларимизнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам кўплаб хотин-қизларимиз эркак ходимлар билан бир сафда туриб халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиб келмоқдалар.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлигида тантанали байрам тадбири ўтказилди. Тадбирни Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р.А.Хатамов кириш сўзи билан очиб, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз маърузаларида “Биз хотин-қизларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ечиш, орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор имкониятларини ишга соламиз.” – деб алоҳида таъкидлаганини, сўнгги уч йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Юртбошимиз раҳбарлигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугун ҳудудий ички ишлар органларида 300 нафардан зиёд хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳамда 50 дан ортиқ психолог-мутахассис ходималар маҳаллаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларга ижтимоий кўмак бериш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Тизимдаги икки минг нафардан зиёд фидойи ва меҳнаткаш хотин-қизларнинг 117 нафари турли раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган фаол аёллардир. 
Ўтган йилдан бошлаб қизларнинг Ички ишлар вазирлиги Академиясига киришлари учун ажратилган квоталар сони  икки баробарга кўпайтирилгани ҳам истеъдодли ва интилувчан ёшларимиз учун янги имконият эшикларини очиши айтиб ўтилди.

Байрам муносабати билан Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тизимда хизмат қилаётган 395 нафар аёллар, жумладан, 5 нафари “полковник”, 17 нафари махсус унвонлар, 1 нафари “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, 47 нафари Фахрий ёрлиқ, 49 нафари эсдалик қўл соати, 281 нафари пул мукофотлари билан тақдирланди.
ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда таниқли санъаткорлар ва сўз усталарининг чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

ИИВ Кадрлар бош бошқармаси