Йигитлар билан бир сафда

  • 11:03
  • 07,03-2020
  • 349
  • Улашинг

Қарши шаҳрида туғилган Нафиса мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, ИИВ Академиясида таҳсил олди. Илк хизмат фаолиятини эса Ғузор тумани ИИБ ҲПБда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси лавозимидан бошлади. Тизимдаги янгилик ва ўзгаришларни мунтазам ўрганиб бориб, билим ва тажрибасини бойитди.

Нафиса 2014–2019 йилларда тергов соҳасида ишлади. Бунда жиноятларни таснифлаш ва қонунчиликдаги янгилик­ларни амалиётда қўллаш борасида устозлари – подполковниклар Қиёмхон Омонов ва Ориф Бўриевдан маслаҳат олишни канда қилмади.

Аслида, Нафиса Хўжанованинг бу соҳада фаолият юритиши бежиз эмас. Отаси, истеъфодаги полковник Очил Хўжановнинг вилоят ИИБ тизимида турли масъул лавозимларда ишлагани унга туртки бўлган бўлса, ажабмас. Қолаверса қайнотаси, истеъфодаги майор Қаҳрамон Салохов ҳам соҳада самарали хизмат қилган осойишталик посбонларидан бири.

– Болалигимда отамнинг ишдан қайтишини интизорлик билан кутардим. Негаки, эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган отам билан фахрланардим. Онам падари бузрукворимнинг формасини олиб, жавонга илгунча ҳавас билан боқардим, – дейди капитан Н.Хўжанова. – Мен ҳам худди отамдек ички ишлар органи ходими бўламан, деган ҳавас ўша чоғларда уйғонганди.

Айни пайтда Нишон тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйи­ча инспектори лавозимида хизмат қилаётган капитан Нафиса Хўжанова хизмат фаолияти давомида турли ҳолатларга дуч келади. Ҳар қандай вазиятда ҳам қонунга таяниб, босиқлик ва ақл билан иш кўриб, муам­монинг ечимини топишга интилади.

Умрингни фидойилик талаб қиладиган касбга бағишласанг, бундан қалбинг фахр ҳиссини туяди. Кечагина ёш ходима бўлган капитан Нафиса Хўжанова бугун икки фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи Фаррух Cалохов вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси лавозимида хизмат қилиб келяпти.

Содиқ РАҲИМОВ,

«Postda» мухбири.

Қашқадарё вилояти.