«Энди бошқа одамман»

  • 11:03
  • 07,03-2020
  • 110
  • Улашинг

Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот гуруҳи кичик инс­пектори, сафдор Сабоҳат Неъматованинг мазкур соҳавий хизматда фаолият кўрсата бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан, у масъулиятли, интизомли ва меҳнатсевар ходим сифатида жамоада эътибор қозона олди.

Асосий фаолияти телевидение, газета ва ижтимоий тармоқлар учун материаллар тайёрлаш бўлган Сабоҳат оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Натижада унинг муаллифлигида ўтган йили 750 дан ортиқ лавҳа ва хабарлар тайёрланди. Шундан 70 таси республика миқёсидаги телеканаллар орқали эфирга узатилди.

Аслини олганда, ички ишлар органлари фаолияти Сабоҳат Неъматова учун унчалик бегона эмас. Бундай дейишимиз боиси, Жиззах шаҳар телевидениесида ишлаб юрган кезлари асосан ички ишлар органларига оид кўрсатувлар тайёрларди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари хизматидан ҳикоя қилувчи «Автобекат» кўрсатуви ўз мухлисларига эга эди. Шу сабаб бўлдими, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот гуруҳи фаолияти йўлга қўйилгач, уни ҳам ишга таклиф қилишди. Табиийки, хизматга олинишидан илгари ўтказилган синовларда спорт билан шуғулланганлиги, педагогика коллежида олган билимлари, телевидениеда тўплаган тажрибаси қўл келиб, ўнга яқин номзодлар орасидан у танланди.

— Соҳа мендан мунтазам билимларимни оширишни тақозо этмоқда, — дейди Сабоҳат Неъматова. — Яъни, илгари фақат телевидениеда ишлаган бўлсам, энди газета ва журналлар, радио ва ижтимоий тармоқлар учун материаллар тайёрлаяпман. Ҳуқуқий билимимни ошириш зарурати ҳам пайдо бўлди. Хизматга кирганимдан сўнг ички ишлар органлари ходими зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этдим. Чунки ҳар куни, ҳар қадамда билиминг, хатти-ҳаракатларинг, одоб-ахлоқинг билан қонун посбони эканлигингни исботлашинг, эгнингдаги либоснинг шарафини асрашинг керак. Қисқаси, энди бошқа одамман.

Айтганча, ўтган йили вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташвиқот қурилмалари билан жиҳозланган мобиль тарғибот автомашинаси фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг ёрдамида ҳозирда муассасалар, ташкилот ва корхоналарда профилактик тадбирлар уюштириляпти. Бу жараёнда қўлланилаётган видеоматериалларнинг барчаси лавҳамиз қаҳрамони томонидан тайёрланган.

Сабоҳат Неъматова Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг дипломи билан тақдирланган. Шунингдек, «Йилнинг энг фаол журналисти, «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловларининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган.

Хуллас, Сабоҳат Неъматова — жамоат тартибини сақлаш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшаётган фаол хотин-қизлардан биридир.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.