Қўқон дунё ҳунармандлари нигоҳида

  • 10:09
  • 12,09-2019
  • 159
  • Улашинг

Шу кунларда кўҳна ва ҳамиша навқирон Қўқон шаҳри Биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилмоқда. Айни кунда Дунёнинг 78 та давлатидан расмий вакиллар, мутахассислар, сайёҳлар, ҳунармандлар ташриф буюргани ҳам мазкур анжуманнинг нуфузи ва салоҳияти нақадар баланд эканидан далолат беради.

Унда ҳунармандчиликнинг 34 та йўналиши бўйича 1116 нафар маҳаллий, 29 та йўналиши бўйича эса 191 нафар хорижлик ҳунарманд қатнашмоқда. Фестиваль доирасида «Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзуида илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади ва унда 24 давлатдан олимлар иштирок этади. Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган маҳаллий иштирокчилар ва хорижлик меҳмонлар юқори савияда кутиб олиниб, уларга зарур шарт-шароитлар яратилган.

Таъкидлаш лозимки, Фарғона вилояти ИИБ томонидан Халқаро фестивални тинч ва осойишта ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармалари ходимлари Қўқон шаҳар ИИОФМБ шахсий таркиби ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда самарали иш олиб бормоқда.

Жумладан, маҳаллий меҳмонлар ва хорижий сайёҳлар жойлашган меҳмонхоналарда, шунингдек, фестиваль доирасидаги тадбирлар ҳамда кўргазмалар ўтказиладиган павильонларда кундузги ва тунги навбатчилик йўлга қўйилди. Тадбирнинг асосий қисми ўтадиган Ўрда хиёбони ва унинг атрофида қўшимча назорат пунктлари ҳамда мобиль постлар ташкил этилди. Бу эса, шаҳарга ташриф буюрган сайёҳларга хотиржамлик бахш этиб, эмин-эркин саёҳат қилиш имконини беряпти.

– Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлдик. Бугун эса довон оша Қўқонга келдик, – дейди Германиядан келган сайёҳ Карен Макротер. – Қўқон ҳунармандлар шаҳри экан. Бу тарихий ва замонавий шаҳар ажойиб ҳунармандчилик намуналари, муҳташам тарихий обидалари билан диққатга сазовор. Бу ерда биринчи марта ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига катта тайёргарлик кўрилибди. Саёҳатимиз жуда қизиқарли ўтяпти, халқингиз жуда олижаноб ва меҳмондўст экан. Қўқонга яна келамиз, албатта.  

– Мен Португалиядан келдим, Қўқон темир йўл вокзалида бизни тантанали кутиб олишди, – дейди сайёҳ Треза Анвес. – Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Тошкентдан поезд орқали табиатни томоша қилиб келдик. Ўзбекистон бўйлаб оилам билан ҳеч қандай муаммоларсиз, тинч ва хотиржам саёҳат қилиб юрибман. Қўқон шаҳри жуда ёқди. Халқингизнинг меҳмондўстлигига қойил қолдик, миллий таомларингиз ҳам бетакрор. Халқаро ҳунармандлар фестивалида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз.

– Бир гуруҳ дўстлар билан илк бора юртингизга ташриф буюрдик, – дейди россиялик сайёҳ Елена Сомойлинкова. – Ҳамма жойда хотиржамлик, кўтаринки кайфият. Унутилмас таассуротлар оляпмиз. Меҳмондўст ва самимий халқингизнинг урф-одатлари бизга жуда ёқди. Шахсан ўзим қадимги осориатиқаларга, пичоқчилик ва қиличларга жуда қизиқаман. Айнан Қўқондаги Жоме мажмуаси устахонасида ясалган буюмлар эътиборимни тортди. Уста ҳунармандлар уларнинг яратилиш жараёни ҳақида мароқли ҳикоялар сўзлаб беришди.

Бир сўз билан айтганда, халқаро фестиваль катта кўтаринкилик ва юқори савияда давом этаётир. Иштирокчилар ва хорижий меҳмонлар хавфсизлиги эса ишончли таъминланмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

                                                                                                               Муаллиф олган суратлар.