Инновацион техника воситалари билан жиҳозланган

  • 10:09
  • 12,09-2019
  • 92
  • Улашинг

Зарафшон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ислоҳотлар самараси туфайли эндиликда барча имкониятларни ўзида жамлаган замонавий хизмат биносида иш фаолиятини давом эттиришади. Қарийб 9 млрд. 300 млн. сўм маблағ эвазига қад ростлаган мазкур бинонинг очилиш тадбири байрам тусини олди. Маросимда Ички ишлар вазирлиги, вилоят ИИБ ҳамда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар ўтган йиллар мобайнида тизимда амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, соҳа ходимларига муносиб шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш борасида қилинган ишларни эътироф этишди. Шунингдек, мазкур бинони бунёд этган қурувчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар бинодаги имкониятлар билан яқиндан танишди.

— Бизнинг энг катта орзуларимиздан бири шинам, кенг хоналарда хизмат қилиш эди. Йиллар давомида замон талабларига жавоб бермайдиган бир қаватдан иборат тор хоналарда хизмат қилганмиз. Мана, бугунги маъмурий биномизнинг очилиш маросимида иштирок этиб, бу ердаги замонавий техника воситаларини кўриб, қалбимиз қувончдан жунбишга келди. Фахрийларнинг кўзларида қувонч, дилларида шодлик акс этган. Бу, албатта, Юртбошимизнинг, қолаверса, ИИВ раҳбариятининг Зарафшон шаҳар ИИБга бўлган катта эътиборидан далолат беради, — дейди  истеъфодаги подполковник Б. Гадоев.

Ўрни келганда яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги маъмурий бинода тергов жараёнини стенография қилиш, видеокузатув шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш учун махсус жиҳозланган хоналар ташкил этилди. Муҳими, бу жараёнда вояга етмаганларни сўроқ қилиш учун ажратилган махсус хоналар уларнинг ёшига мос, руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жиҳозланган.

Тергов ҳаракатларини ўтказишда холислик, шаффофлик ҳамда тезкорликни таъминлаш мақсадида инновацион техника воситалари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этилди. Бу каби ишларнинг қулайлиги шундаки, узоқ ҳудудларда яшовчи тергов процесси иштирокчиларининг оворагарчилиги олди олинади. Айрим тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа тизимида ўтказилиб, далиллар автоматик тарзда қайд этилиб борилади.

Ўктам УСМОНОВ,

лейтенант.

Севдиёр САТТОРОВ олган суратлар.