Истеъдод эътибордан юксалади

  • 12:09
  • 12,09-2019
  • 134
  • Улашинг

Болалигида у сухандонларга ҳавас қиларди. Оила даврасида жажжи қизалоқнинг шеърларни мароқ билан ёд айтиши ҳаммани лол қолдирар эди. Зулфия опа фарзандининг улғайиб ўқитувчи бўлишини истаса, Илҳом ака, аксинча, унинг юриш-туришида ички ишлар органлари ходимларига хос собитлик, вазминлик, қатъиятни кўрарди. Мактабни битиргач, Дилнавознинг нияти жиддийлашди – у ўқишни ИИВ Академиясида давом эттиришга аҳд қилди.

Ўшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, деган нақл бежиз эмас экан. Мактаб йиллари бор куч-ғайратини билим олишга сафрлаган Дилнавоз имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ИИВ Академияси курсанти деган шарафли номга сазовор бўлди. Энди унинг фикру зикри фақат бир мақсадга қаратилганди: таълим муассасасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, муносиб билим олиш, ота-онаси, маҳалла-кўйнинг юзини ёруғ қилиш...

У қунт билан ўқиб-изланди, устозларидан зарур сабоқларни олди. Бўш пайтларида эса турли маданий-маърифий табдирларда фаол иштирок этди. Бу орада ёшларнинг мусиқа, адабиёт ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида тузилган тўгарак атрофига ўнлаб иқтидорлилар жамланди. Улар орасида Дилнавоз Салимова ҳам бор эди. Ўзининг сўзга чечанлиги, теран ва жарангдор овози билан эътиборга тушиб, маданий-маърифий тадбирларда бошловчилик қила бошлади.

– Адабиётга меҳр онамдан ўтган, – дейди у. – Онам мени ёшлигимдан китобга ошно қилди. Мактабимизда ўтказилган тадбирларда мунтазам қатнашардим. Эсимда, бир гал Навоий таваллудига бағишланган бадиий кечада «Келмади» ғазалини ижро этдим. Тадбирдан сўнг устозимиз ёнларига имлаб, «Яша, отангга раҳмат!» деди. Ўшанда, адабиётнинг, китобнинг инсон камолотида қанчалик улкан ҳиссаси борлигини юрак-юракдан ҳис қилганман. 

Ҳозирги кунда Дилнавоз Академиянинг «Тергов фаолияти» мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда. Унинг ҳаётдаги олий мақсади – соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиш. Бу йўлда доимо изланиб, назарий ва амалий кўникмаларини бойитмоқда. Замонавий компьютер технологиялари, хорижий тиллар ва тажрибаларни ҳам чуқур ўрганмоқда. Қувонарлиси, унинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти. Жорий йилнинг апрель ойида олий ҳарбий таълим муассасаларининг ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ўртасида ўтказилган «Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз!» мавзуидаги иншолар танловида Дилнавоз фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди. Янги ўқув йили арафасида эса унинг ютуқлари қаторига «Ички ишлар вазири стипендиати» фахрий ёрлиғи қўшилди.

– Муваффақиятларим замирида Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрликлари мужассам, – дейди у. – Қолаверса, фидойи устозларимизнинг заҳматли меҳнатлари, етук тажриба ва салоҳиятларини ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Ўқув жараёнига жорий этилаётган янги методлар курсантларнинг нафақат билими, балки амалий кўникмаларини шакллантиришга ҳам пойдевор бўлмоқда.

Дарвоқе, суҳбатимиз давомида унинг яна бир қиррасини кашф этдик. Миллий анъаналаримиздан бири бўлган зардўзликни маромига етказадиган Дилнавоз аҳён-аҳёнда назмда ҳам ижод қилиб турар экан. Унинг она, Ватан, истиқлол ва дўстликни тараннум этувчи ўнлаб шеърлари ёшларни эзгуликка, она юртни севишга, шукроналик ҳисси билан яшашга ундайди. Яқинда улар тўплам шаклида шеърият мухлислари қўлига етиб борса, ажаб эмас. Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор туфайли ана шундай истеъдодлар етишиб чиқаверади...

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.