Ҳар сўзи ҳикматга бой

  • 12:09
  • 11,09-2019
  • 52
  • Улашинг

Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашсангиз, вақтингиз зое кетмайди. Зеро, ҳаётнинг пасту баланд йўлларида учрайдиган синовларда тобланиб, бой амалий тажриба тўплаган нуронийларнинг ҳар бир сўзи ҳикматга йўғрилган бўлади.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани Шодлик маҳалласида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Абдумуталиб Қундузов ҳам ана шундай пири бадавлат инсонлардан бири. Ўттиз йилдан зиёд умрини эл-юрт осойишталигига бахшида этган бу табаррук отахон билан суҳбатлашсангиз, бир олам маънавий озуқа оласиз. Шу боис ички ишлар органларининг ёш ходимлари Абдумуталиб отанинг хонадонига тез-тез йиғилиб, унинг маслаҳат ва ўгитларини тинглаб туришади.

Лавҳамиз қаҳрамони тизимдаги фаолиятини 1976 йилда бошлаган. Ўзининг ҳалол меҳнати, сабр-матонати, билим ва тажрибаси туфайли оддий ходимликдан раҳбарлик даражасигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди. У бир неча йил Олтиариқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлади. Кейин эса вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимларида хизмат қилди.

Полковник А. Қундузовнинг раҳбарлик даври мус­тақиллигимизнинг дастлабки йилларига тўғри келди. Ўша пайтлари Ўзбекистонда жиноятчилик сезиларли даражада кўпайган, жиноий гуруҳ ва тўдалар пайдо бўлган мураккаб давр эди. Давлатимиз томонидан олиб борилган оқилона сиёсат, шунингдек, А. Қундузов каби юртнинг фидойи, жасур ва мард ўғлонларининг амалий саъй-ҳаракати, тунни тонгга улаб қилган машаққатли хизматлари туфайли жиноий тўдаларнинг пайи қирқилиб, эл-юрт осойишталиги сақлаб қолинди. Шу нуқтаи назардан полковник Абдумуталиб Қундузовни мустақиллигимизни мустаҳкамлашда алоҳида жасорат кўрсатган кишилардан бири сифатида эътироф этиш ўринлидир.

У Қўқон шаҳар ИИБ бош­лиғи лавозимида фаолият кўрсатган кезлари кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди. Масалан, шаҳар ИИБ ҳозирги биносининг қурилиш ишлари айнан полковник Абдумуталиб Қундузов томонидан бошлаб берилган. Мазкур бино айни кунда Қўқоннинг энг муҳташам иншоотларидан бири сифатида шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Бинони лойиҳалаш, тамал тошини қўйиш, қурилиш-таъмирлаш ишларига қаҳрамонимизнинг катта меҳнати синган. Шу боис Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бинонинг тантанали очилиш маросимига, гарчи пенсияга чиққан бўлса-да, А. Қундузовни ҳам таклиф этиб, вазирликнинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлади.

2006 йили шогирдлари ва ҳамкасблари эҳтиромида пенсияга чиққан Абдумуталиб ота ҳозирда фарзандлар ва набиралар роҳатини кўриб, кексалик гаштини сурмоқда. Бу йил табаррук 70 ёшни қаршилади. Унинг укаси – истеъфодаги подполковник Ҳаётжон Қундузов ака изидан бориб, ички ишлар органларида хизмат қилган. Ўғли Муроджон Қундузов ҳам ота касбини танлади. У айни пайтда ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили вазифасида хизмат қилмоқда.

 – Эл-юрт осойишталигини асраш муқаддас бурч, – дейди Абдумуталиб ота. – Мен ёш ходимларни она Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга чақираман.       

 

Араббой УСМОНОВ,

истеъфодаги подполковник.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

 

Суратда: истеъфодаги полковник Абдумуталиб Қундузов ёш ходимлар билан.