Эл дуосин олган кам бўлмас

  • 12:09
  • 11,09-2019
  • 52
  • Улашинг

Навоий вилоятининг Конимех тумани ўзига хос иқлими, бетакрор табиати билан ажралиб туради. Турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ҳудуд тобора обод ва фаровон манзилга айланмоқда. Янгидан қад ростлаётган кўркам турар жой бинолари, маданий-маиший иншоотлар аҳоли турмуш фаровонлиги ошиб бораётганининг ёрқин намунаси, десак, муболаға бўлмайди.

– Ўзгаришлар, аввало, халқимиз руҳиятида ўз аксини топмоқда, – дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Баҳронжон Қурбонов. – Яратувчанлик ва эзгу орзулар билан меҳнат қилаётган туман аҳли барча жабҳада ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Ўзгача шижоат ва улкан режалар билан яшаётган халқимизнинг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудда барқарор вазиятни сақлаш бош мақсадимиздир. Айни пайтда барча куч ва саъй-ҳаракатларимиз ана шу вазифага қаратилган.

Халқимизда яхши анъана ва қадриятлар бор. Байрам кунлари бемор ва кексалар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар билан йўқланади. Туманда учинчи сектор фаолияти билан танишарканмиз, бу борада тилга олса арзигулик ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга беминнат ёрдам берилаётганига гувоҳ бўлдик.

– 2017 йилда туғилган неварам юрак хасталиги билан даволаниб келмоқда, – дейди Шамшия Егамбергенова. – Унинг даволаниши, дори-дармонига бироз қийналиб қолгандик. Мурожаат қилганимиздан кейин сектор раҳбари ташаббуси билан ҳомийлар топилди, улар томонидан беминнат ёрдам берилди. Саховатли, меҳр-оқибатли инсонларга чин дилдан раҳмат айтаман.

Худди шунингдек, икки фуқаро ногиронлик аравачаси берилганидан мамнун бўлса, яна бир фуқаро эшитиш мосламаси билан таъминланганидан миннатдор.

Аҳоли билан суҳбат асносида маълум бўлдики, ҳозиргача сектор ҳудудига қарашли «Тўққизтепа» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 32 та турар жой биносининг 22 таси таъмирдан чиқарилган, беш километр масофадаги ички йўлга шағал ётқизилган, тўрт километр жойга ичимлик суви ўтказилган. Энг муҳими, бу борадаги хайрли ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Туман ИИБ бошлиғи сектор раҳбари сифатида бу ишларга бош-қош бўлаётгани, ҳар бир хонадон эътиборда эканлигини аҳоли самимият билан эътироф этмоқда.

Дарвоқе, подполковник Б. Қурбоновнинг туман ИИБ бошлиғи лавозимида иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо ана шу қисқа давр ичида у хайрли амаллари билан тилга тушди.

– Одамлар оғирини енгил, мушкулини осон қилиш, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш раҳбар ходим зиммасига катта масъулият юклайди, – дейди ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Ризоқул Комилов. – Сектор раҳбари сифатида Баҳронжон буни уддалаяпти. Эрта тонгдан то кечгача тиним билмайди. Ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечимини топишга уринади. Кимнинг оиласи нотинч, кимнинг фарзанди ноқобил, ким нафақасини вақтида ололмаяпти – ҳаммасидан хабардор. Маҳалладаги ночор, моддий жиҳатдан қийналган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳам ҳисобда. Ўрни келганда, уларга ҳомийлар кўмагида моддий ёрдам берса, яна кимгадир жўяли маслаҳати билан йўл-йўриқ кўрсатади. Ёш бўлса-да, кўпчиликка бош бўлиб, меҳнати билан элнинг дуосини олмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сектор аъзолари томонидан ҳудудда олиб борилган ўрганишлар жараёнида 190 дан ортиқ муаммо аниқланиб, ҳозирги кунга қадар 100 таси ечимини топган. Йил бошидан буён 144 та оилага банкдан имтиёзли кредитлар ажратилишида кўмаклашилиб, айни вақтда паррандачилик, тикувчилик, балиқчилик, асаларичилик, иссиқхона, қандолатчилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик ишлари йўлга қўйилган.

Қишлоқ ҳаёти, сектор фаолияти билан танишиб, туман марказига қайтганимизда кеч тушиб, атрофни қоронғилик чулғаганди. Аммо чироқлар ёғдусида теварак-атрофга ўзгача тароват инган, шинам ва ёруғ кўчалар, хиёбон ва гузарлар одамлар билан гавжум. Кечки салқинда сайр қилаётган ёшлар, ўйингоҳда шодон югуриб юрган болакайлар... Уларни кузатиб, беихтиёр кўнгилда фараҳбахш туйғулар, шукроналик уйғонади. Зеро, бу юксалиш, фаровонлик ва ободлик замирида тинчлик-осойишталик деган бебаҳо неъмат мужассам.

 

Нигора РАҲИМОВА,

«Postda» мухбири.

 Навоий вилояти.