Осойишталигимизнинг ҳушёр посбонлари

  • 12:09
  • 11,09-2019
  • 69
  • Улашинг

Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳар кунгидек одамлар билан гавжум. Гурланлик Шоира Абдуллаева ҳам рўзғор ташвиши билан бозорга кирганди. Шу пайт ён чўнтагидан бир нима олингандай бўлди. Қараса, уяли телефони чўнтагида йўқ. У дарҳол савдо расталари оралаб бораётган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони сафдор-ходимлари Расул Таганов ҳамда Равшан Рўзимовни кўриб, уяли телефонини ўғирлатиб қўйганини айтди.

Аёлнинг мурожаатидан ҳушёр тортган ходимлар дарҳол бозор ҳудудида хизмат вазифасини ўтаётган ҳамкасблари билан боғланишди ва воқеа тафсилотини тушунтиришди. Шу пайт одамлар орасидан ён-­атрофига аланглаганича бозорнинг шимол томонидаги чиқиш йўлагига шошиб бораётган шубҳали йигит уларнинг эътиборини тортди. Сафдор Расул Таганов ҳамкасбини огоҳлантириб, ўзи гумон қилинувчининг изига тушди. Ички ишлар органлари ходимининг изма-из келаётганини кўрган йигит кутилмаганда бозор ҳудудидаги панжарадан ошиб ўтиб қоча бош­лади.

Кўп ўтмай сафдор-ходимлар Расул Таганов ҳамда Равшан Рўзимов жон-жаҳди билан қочиб бораётган шубҳали йигитни қўлга олди. У Урганч шаҳрида яшовчи А. Одилбек бўлиб, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, Шоиранинг уяли телефони борлиги маълум бўлди.

Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари ўзларига бириктирилган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали ишларни амалга оширишяпти.

– Жорий йилнинг 8 ойида назоратга олинган ҳудудларда турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 64 мингдан ортиқ фуқаро шахсини аниқлаш мақсадида шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларига олиб келинди, – дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони командири, майор Рашид Султонов. – Уларнинг 632 нафари наркология диспансерига, 272 нафари эса вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ реабилитация марказига жойлаштирилди. Шунинг­дек, ходимларимизнинг ҳушёрлиги туфайли 12 та жиноят фош этилиб, қидирувда бўлган етти нафар шахс қўлга олинди. Осойишталикни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган бундай тадбирлар куну тун давом этмоқда.

Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларни тезкорлик билан фош этишда замонавий техника воситалари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис барча соҳавий хизматлар қатори ППХ батальони ходимларига хизматда фойдаланиш учун 22 та автопатруль машинаси, 8 та скутер, 6 та сигвей ҳамда 10 та велосипед ажратилган.

ППХ батальони қошида велопатруль гуруҳи ташкил этилган бўлиб, бу хизмат тури ходимлар учун самарали натижа бермоқда. Айниқса, шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли бинолар оралиғида шовқинсиз, турли йўлакчалардан тезкорлик билан ҳаракатланиш, ҳудудни қисқа вақт оралиғида ишончли назорат қилиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, пиёда патруль гуруҳларининг бир қисми велопатруль гуруҳига ўтказилиши натижасида уларнинг хизмат ҳудудлари янада кенгайтирилди.

Патруль-пост хизмати логотипи туширилган ушбу велосипедлар хизмат қуроллари ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам анжомлари билан таъминланган.

Шунингдек, мана, бир йилдирки, ППХ батальони қошида «Эзгулик патрули» гуруҳи ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ушбу гуруҳ ходимлари зиммасига аҳоли гавжум жойларда, аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, вилоятга ташриф буюраётган фуқаролар, сайёҳларга кундалик режаларини амалга оширишлари учун зарур маслаҳатлар, тавсиялар ва маълумотлар бериш, уларнинг манзилларига соғ-омон етиб олиши учун амалий ёрдамлашиш, тўсатдан бетоб­ланиб қолган кишиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва яқинларини бу нохушликдан хабардор қилиш каби кўплаб муҳим вазифалар юклатилган.

Бундан ташқари, Урганч ҳамда Хива шаҳарлари ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳамда чет эллик сайёҳлар кўплаб ташриф буюрадиган 8 та ҳудудга «Патруль-пост хизмати маскани» ўрнатилиб, куну тун хизмат фаолия­ти йўлга қўйилди. Шунингдек, бу масканлар видеокузатув мосламалари билан таъминланган бўлиб, ҳудудлар хавфсизлиги доимий равишда назорат қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ППХ баталь­они маъмурий биноси ҳамда ҳудудида кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ерда назорат ўтказиш пункти, фуқароларни қабул қилиш хонаси, ўқув синфи, спорт, тренажёр заллари, «Руҳий енгиллаштириш хонаси», ётоқхона, ошхона ташкил этилган. Шунинг­дек, хизмат отлари ҳамда итлари учун қишки ва ёзги отхона ҳамда вольерлар, автомашиналар учун махсус гаражлар мавжуд. Яратилган бундай шароитлар натижасида хизмат самарадорлиги ошиб, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши кескин камайишига эришилмоқда. 

Юрт осойишталигини таъминлашда соҳавий хизмат ходимларининг касбий ҳамда жанговар тайёргарлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ходимларнинг билим ва маҳоратини оширишга, маънавиятини юксалтиришга, касбий кўникмасини шакллантиришга, жанговар шайлигини замон талаб­лари даражасига етказишга алоҳида эътибор берилмоқда. ИИВнинг меъёрий ҳужжатлари асосида ўтказилаётган кўрик-танловлар, мусобақалар, ўқув ва амалий машғулотлар, маънавият ва маърифат дарслари, устоз-шогирд анъанаси, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини ёш ходимларга ўргатиш каби кўплаб тадбирлар юртимиз тинчлик-осо­йишталигини таъминлашдек эзгу мақсадларга йўналтирилган.

 

Зокир ИСМОИЛОВ,
подполковник.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.

Суратларда: вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимларининг хизмат фаолиятидан лавҳалар.