Тошкент вилоятида фоторадардан қарздорлар учун “AUTO CON” мосламаси ишламоқда

  • 18:04
  • 10,04-2019
  • 673
  • Улашинг

   Тошкент вилоятининг  М39 “Алмата-Бишкек-Тошкент-Термиз” (Тошкент шахри ва Сирдарё вилоятини боғловчи йўл) автомобиль йўли, А373 “Тошкент-Ўш” (Тошкент шахри ва Наманган вилоятини боғловчи йўл) автомобиль йўли ва 4Р12 “Бектемир-Чирчиқ-Газалкент-Чорбоғ” (Тошкент шахри ва Бўстонлиқ  туманларини боғловчи йўл) автомобил йўли, 4Р2 “Тошкент ш.-Тўйтепа ш.-А373 автойўли” (Тошкент ва Нурафшон шахарларини боғловчи йўл) автомобил йўлларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари онлайн режимда ишламоқда. Ушбу фоторадарлар орқали 2019 йил бошидан буён 17242 та қоидабузарликлар аниқланди. Хозирда ушбу қарздорлардан 3421 нафаридан қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар ундирилди. Ўтган давр мобайнида 60 кун муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жарималарни ўз вақтида тўламасдан юрган 1175 транспорт воситалари эгалидан жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда. 

 

   Бугунги кунда, шакллантирилган рўйхат асосида айнан ушбу тоифадаги транспорт воситалари эгаларини аниқлаш, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида “АUTO CON” мосламаси ёрдамида бир кунда 216 нафар белгиланган жаримани тўламаган қоидабузар ҳайдовчилар аниқланиб, белгиланган жарима ундирилгунга қадар автомашина вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилмоқда.

   Хусусан куни кеча Янгийўл шахрида ўтказилган рейдлар давомида Ласетти русумли автоулов “АUTO CON” мосламаси орқали олинган маълумотлар асосида тўхтатиб текширилганда автоулов ўтган давр мобайнида махсус автоматлаштирилган фото қайд этиш техника воситалари орқали 6 марта тезликни ошириш қоидабузарлигини содир этиб, 5 миллион 59 минг 35 сўм миқдорида жаримани тўламасдан бефарқлик билан юрганлиги аниқланди. Ушбу автоулов жарима майдонига жойлаштирилди.

 

 

   Ўз навбатида, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг                   291-моддасида белгилаб берилган 60 кун муддат  ичида  жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.

   Қоидабузарлик содир этилганлиги ёки этилмаганлиги хақидаги маълумотни олиш учун, 8860 қисқа рақамига транспорт воситасини давлат рақам белгисини хамда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини серия ва рақамини СМС орқали юборилади, оз муддат ичида СМС орқали қоидабузарлик хақидаги маълумот (содир этилган сана ва жарима миқдори) келади;

   Қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималар Банк муассасаларидан “Мунис” тизими орқали, пластик картадан “Click”, “PayMe” иловалари орқали тўловлар амалга оширилиши мумкин.

 

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи

кичик инспектори Джумаева Юлдуз