Болангизнинг энагаси ким?

  • 17:08
  • 14,08-2019
  • 115
  • Улашинг

Бугун аёлларимиз жамиятнинг фаол аъзоси бўлишига катта эътибор қаратил­япти. Уларнинг ўқиши, ишлаши, раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатиши, ҳатто мустақил равишда тадбиркор сифатида катта бир корхонани бошқариши учун етарлича шарт-шароит яратиб бериляпти. Бу яхши, албатта. Иккинчи томондан эса, аёлнинг биринчи навбатдаги вазифаси – жамиятга соғлом ва баркамол фарзандни етказиб бериш, оилани бадастир тутиш эмасми? Мана шу асл вазифа эътиборсиз қолдирилмаслиги керак. Акс ҳолда, оила ва жамият мустаҳкамлигига путур етади. Аёл учун пул топиш биринчи ўринга чиқиб қолмаслиги зарур.

...Кўп қаватли уйда яшасак-да, қўшнилар билан жуда аҳилмиз. Кимнинг уйига меҳмон келди, кимнинг боласи бетоб – барчасидан хабардормиз. Бир-биримиздан меҳримизни, ёрдамимизни аямаймиз. Кейинги кунларда қўшнимиз Роҳила опанинг 11 ёшлар чамасидаги ўғли уч нафар нотаниш болаларни тез-тез ҳовлига айлантиргани олиб чиқадиган бўлиб қолди. Қизиқсиниб болакайдан:

– Уйингизга меҳмонлар келишдими? – деб сўрадим.

– Йўқ, ойим бу болаларга энагалик қиляптилар. Ҳозир ўзлари уйда йўқлар, бозорга кетганлар. 

Бола дардини кимга айтишни билмай турган эканми, кўзларини жавдиратганча:

– Уларни кўчага олиб чиқиб ўйнатишим, уйда эса тўполон қилдирмай ўтиришим керак. Болаларга қараб чарчаб кетдим... – деди. Унинг елкасига оғир юк ортилгандек хўрсиниши юрагимни эзиб юборди.

Онасининг ўрнига вақтинча «энагалик» қилаётган болани бекор гапга солибман. Икки-уч қадам нарироқда ўйнаётган «тарбиясида»ги болалардан бири тупроққа юзтубан йиқилиб, бурнидан тирқираб қон оқа бошлади. Бола «ая-ая»лаб чинқириб йиғларди. Унга ачинганимдан болаларнинг онасини ҳам, уларга энагалик қилиш масъулиятини бўйнига олса-да, бозорма-бозор юришини канда қилмайдиган Роҳила опани ҳам, «энага»ни гапга солганим учун ўзимни ҳам ёмон кўриб кетдим. 

Бугунги кунда ота-онасига бемеҳр болалар ҳақидаги гаплар бот-бот қулоғимизга чалинади. Фарзандига пулга ёлланган бегона бир энага қарайди. Бола кўпроқ вақтини ким билан ўтказса, ўшанинг меҳрини топади, ўшанга меҳр қўяди-да, дегинг келади.

Бизнинг оналаримиз боласини бегонага ишонмаган, ҳатто болалар аравачасига ҳам солмай, бағрида кўтариб катта қилишган. Нега бугунги кунда айрим хонадонларда фарзанд тарбияси энагаларга ишониб топширилмоқда? Энг ёмони, айрим оналар фарзандига энага топганидан хурсанд бўлади-да, шартта боласини унга қўшқўллаб тутқазади. Аслида бола парваришига киришмоқчи бўлган аёл билан обдан суҳбатлашиш лозим. Бундай вазиятда унинг фарзандлари, оиласидаги муҳитнинг соғломлигига алоҳида аҳамият бериш ниҳоятда муҳим. Шунингдек, она энаганинг саломатлиги ҳақида шифокорнинг тиббий хулосасини талаб қилишга ҳам ҳақли. Энаганинг асли касби педагог бўлса, нур устига аъло нур! Бола тарбияси билан шуғулланадиган аёл юқоридаги барча талабларга мос келиши лозим. Афсуски, бу ҳолатларни айрим оилалар негадир муҳим санашмайди. Ижтимоий тармоқларда бот-бот кўзимиз тушадиган, ўқигач, бутун танамиз титраб кетадиган «энага қотиллар» бизга сабоқ бўлиши керак эмасми?

Психологларнинг тадқиқотларига кўра, энагалар қўлида тарбия топаётган болаларнинг аксарияти одамови, жамоага у қадар сингишиб кетмайдиган, худбин бўлиб улғайиши мумкин экан. Бобою бувисининг қўлида ёки мактабгача тарбия муассасаларида улғаяётган болалар эса киришимли, эркин фикрлайдиган ўғил-қизлар бўлиб вояга етиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир!

Келинг, шу ўринда интернет орқали бўлиб ўтган энагалик хизматига доир савол-жавобларнинг айримларини келтирайлик: 

– Ассалому алайкум, боламга қараб туриш учун энага излаётгандим...

– Тушунарли, олдиндан айтиб қўяй, менинг хизматим сал қимматроқ, ҳамёнингиз кўтарса, гаплашамиз.

– Қимматлигининг сабабини билсам бўладими?

– Биринчидан, мен жуда саришта ва озода аёлман. Иккинчидан, бола парвариши борасида йигирма йиллик тажрибам бор. 

– Хўп, бир ойлик хизмат ҳақингиз қанча бўлади?

– Уч юз АҚШ доллари бўлади. Шунингдек, болангиз еб-ичадиган ҳамма маҳсулотларни ва памперсини олиб келасиз.

* * *

– Эълон бўйича қўнғироқ қилаётгандим...

– Ҳм, қаерда ишлайсиз?

– Талабаман...

– Йўқ, мен талабаларнинг боласига қарамайман.

– Нега?

– Улар ҳақингизни стипендия олганимда бераман, деб чўзиб юришади...

* * *

– Икки ёшдан ошган қизчамга қараб турсангиз дегандим.

– Кунига эллик минг сўмдан тўлайсиз.

– Хўп, лекин сизга шунча пул тўлаганимга яраша боламга қандай тарбия беришингизни билишим керак.

– Бола иштонини ҳўллаб қўймайдими?

– Баъзан…

– Демак, ҳар куни памперс олиб келасиз. Айтиб қўяй, мен яна икки болага ҳам қарайман. Агарда улар бир-бири билан уришиб қолиб, у-бу жойи тирналса, шикоят қилмайсиз…

Сизни билмадимку-я, аммо мен ўзларини энагалик мақомида кўраётган бу аёлларда заррача оналик меҳрини сезмадим. Улар учун биринчи масала – пул. Бола неча ёшда, нималарга қизиқади, қандай овқатланади, кун тартиби қанақа каби саволлар уларни мутлақо қизиқтирмади. Ахир, фарзанд тарбияси фақат қорнини тўйдиришу тагини қуруқ тутишдан иборат эмас-ку!

Бу мулоҳазаларимиз оила даврасида давом этишига ишонамиз. Оталар, оналар ўз фарзандига энага ёллашида шошмашошарликка йўл қўймасликларини жуда-жуда истардик.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

Навбаҳор РАҲМОНОВА.