Ёшларнинг дўстлик сафари

  • 16:02
  • 15,02-2019
  • 109
  • Улашинг



 

 

Қадимдан ўзбек ва тожик халқлари дўст-биродар бўлиб, ҳамжиҳатликда яшаган. Бу тарихий ришталар икки мамлакат раҳбарларининг эзгу ташаббуси боис янги қиёфа касб этди. Азалий алоқалар тикланиб, ҳар икки давлат фуқароларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз кириб-чиқишига имкон яратилди.

 

Қўшни давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа кўплаб соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланиши қардош халқлар фаровонлигига хизмат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон Ички ишлар вазирликлари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш, тезкор ахборот алмашишни фаоллаштириш каби бир қатор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Икки мамлакат ички ишлар органлари ходимларининг ўзаро тажриба алмашишининг мунтазамлик касб этиб бораётганлиги эса фаолият самарадорлигида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида милиция полковниги Бухоризода Мансур Ғоиб бошчилигида Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари ва бир гуруҳ ёшлар Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрганди. Улар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, қадимий обидалар ва улуғ аждодларимизнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишганди. Ички ишлар органлари ходимларига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ўзаро фикр алмашганди.

Жорий йилнинг 24–27 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Тожикистон Респуб­ликасида бўлди. Ушбу ташрифни ички ишлар органлари тизимидаги фаол ёшларнинг дўстлик сафари, десак, тўғрироқ бўлади. Чунки делегация аъзолари асосан ИИВ Академияси ва Ёнғин хавфсизлиги инс­титутининг курсантлари ҳамда вазирлик академик лицейлари ўқувчиларидан иборат эди.

Ўзбекистонлик меҳмонларни Тошкент вилоятининг «Ойбек» чегара постида тожикистонликлар юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишди. Баҳорни эслатувчи илиқ ҳарорат ва байрамона тантанаворлик, одатга кўра, меҳмонларнинг нон-туз билан кутиб олиниши, асосийси, мезбонлар юзидаги самимий табассум барчага бирдай манзур бўлди.

Ташриф давомида меҳмонлар Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров тумани, Хўжанд, Гулистон, Истаравшан шаҳарларида бўлишди. Бўстон шаҳридаги «Вахдат» миллий боғи, Шайх Муслиҳиддин мақбараси, «Регис­тон» майдони, «Мунгтепа» қалъа ёдгорлиги, Садриддин Айний сайилгоҳи, «Баҳористон» дам олиш маскани каби бир қатор диққатга сазовор жойларни томоша қилишди. Ўзбекистонлик ёшларга Тожикистон Рес­публикасининг «Авангард» ёшлар ташкилоти вакиллари ҳамроҳлик қилди.

– Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган халқпарвар сиёсати туфайли янада ривожланмоқда, – дейди Сўғд вилояти ИИБ ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш хизмати бошлиғи, милиция полковниги Баҳром Саидзода. – Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги амалий ҳамкорлик ҳар икки мамлакат барқарорлиги ва тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз. Бу жараёнда ёшларимиз асосий ташаббускор бўлишига ишонаман.

Ўзбекистонлик меҳмонларни Тожикистон Респуб­ликасининг Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармасида бошқарма бошлиғи, милиция генерал-майори Қудратулло Назарзода қабул қилиб, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳадаги ҳамкорлик тобора ривож­ланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади. Икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги дўстона алоқани янги босқичга олиб чиқаётганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Раззақович Бобожонов ва Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-полковник Раҳимзода Рамазон Ҳамрога алоҳида миннатдорлик билдирди.

– Ҳазрат Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий давридан дўст-биродар бўлган ўзбек ва тожик халқларининг кўп ўхшаш жиҳатларини кўрдик, – дейди ИИВ Фарғона академик лицейи 3-босқич ўқувчиси Фарҳод Умаров. – Бизнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти сингари, бу ерда «Авангард» ёшлар ташкилоти мавжуд экан. Улар бизга ҳамроҳлик қилиб, ўз юртининг тарихи ва бугунги куни ҳақида кўп маълумот беришди. Бу юртнинг самимий одамлари ва дўстона муносабатидан илҳомланиб ёзган шеъримни уларга ўқиб бердим. Бундай саёҳатлар биз, ёшларнинг дунёқарашини янада кенгайтиришда, янги дўстлар орттириб, келгусида улар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

«Авангард» ёшлар ташкилоти вакиллари ва ўзбекистонлик ёшлар ўртасида футбол бўйича ўтказилган «Дўстлик кубоги» баҳслари ташрифнинг энг ҳаяжонга бой воқеаларидан бири бўлди. Қизғин курашлар остида ўтган мусобақа якунида дўстлик ғалаба қозонди.

– Тожикистонлик тенг­дош­ларимиз орасида спортнинг турли йўналишларида муносиб ўринларни қўлга киритиб, жаҳон майдонларига чиққан спортчиларни яхши биламиз. Бу, албатта, ушбу мамлакатда спорт соҳасига берилаётган эътибор натижасидир, – дейди ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти курсанти Рустам Аҳмедов. – Бугун ўтказилган футбол мусобақаси ҳам юқоридаги фикрларнинг тасдиғи бўлди. Келгусида икки мамлакат ички ишлар органлари ўртасида бундай спорт мусобақалари кўпайса, бу дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Мусобақа якунида меҳмонларга Тожикистон Рес­публикаси ИИВ ва Сўғд вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан «Дўстлик кубоги», диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Ташрифнинг сўнгги куни ташкил этилган тантанали тадбирда ўзбек ва тожик тилида янграган куй-қўшиқлар икки миллатнинг нафақат тарихи, балки эртанги тараққиёти ҳам кўп жиҳатдан бугунги дўстлик ришталарининг мустаҳкам бўлишига боғлиқ эканлигини ҳис қилиш имконини берди.

 

Хуршид РЎЗИЕВ,

ИИВ КББ Ёшлар иттифоқининг

Етакчилар кенгаши раиси, майор.

Ўхшаш мақолалар