ТИЗИМДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР: ШАҲАРДА ҲАММАЁҚ ТИНЧ

  • 12:08
  • 14,08-2019
  • 65
  • Улашинг

  Ўтган даврда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, уни халқчил тизимга айлантириш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш зиммасига юклатилган қуйи бўғинлар фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. Кўрилган чоралар натижасида самарадорлик ошмоқда. Маҳаллаларда тинч ва осойишта ҳаёт таъминланиб, жиноятчилик даражаси камайишига эришиляпти.

Бунга Андижон шаҳрида амалга оширилаётган «Хавфсиз шаҳар» дастури доирасидаги комплекс чора-тадбирларни мисол сифатида келтириш мумкин. Саъй-ҳаракатларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятлар профилактикаси бош йўналиш қилиб белгиланган. Жамоат жойлари, бозор ва майдонларда жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари ходимларини чақириш учун ташвиш тугмаларига эга 34 та «SOS» махсус устунчалари ўрнатилган. «SOS» ташвиш тугмаларининг самарали қўлланилиши тайёрланаётган жиноятларнинг олдини олишда сезиларли натижа бермоқда. Фуқаролардан тушган 43 та хабар текширилиб, ҳолатлар юзасидан зарур чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, «Вазиятлар маркази» шакллантирилиб, бу ерда вилоят марказидаги кичик туманлар, жамоат жойлари, кўчаларга ўрнатилган 286 та кузатув камерасидаги тас­вирлар онлайн режимида акс этиб туради. Барча ҳудудий профилактика инс­пекторла­рининг автомашиналари милтилловчи маёқчалар билан жиҳозланганки, бу уларнинг ҳодиса жойига ўз вақтида, ҳеч бир тўсқинликсиз етиб боришини таъминлайди.

Жамоат жойларида пат­руль-пост хизмати батальонининг 15 та стационар пос­ти куну тун фао­лият юритади. ППХ нар­ядлари исталган вақтда турли салбий ҳолатлардан азият чеккан фуқароларга ёрдамга етиб келишга шай туради.

Айнан «Хавфсиз шаҳар» дастури доирасида олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида кўча, кафе-бар, чойхона, кўнгилочар масканларда жиноятлар сони анча камайди.

«Тиғ» профилактик тадбири доирасида ёшлардан 245 та ўткир тиғли предмет олиб қўйилди.

Шаҳарда ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида маст ҳолатдаги эркакларнинг 17 та жанжали бартараф этилди, тайёрланаётган тўртта жиноятнинг олди олинди.

Яқиндан бошлаб кузатув камераларига тушиб қолган автомашиналарнинг давлат рақами белгиси, шахсларни таниш бўйича дастур ишлай бошлади. Ушбу тасвирларга асосланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган
40 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилди.

Миллий ва хориж таж­рибаси шуни кўрсатадики, жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, қонунбузарларга нисбатан муросасиз бўлиш, ҳуқуқ­бузарлик содир этган шахс устидан назоратни кучайтириш каби чора-тадбирлар ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Бу эса ўз-ўзидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш усулларидан фойдаланишни, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйишни, шунинг­дек, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш заруратини келтириб чиқаради.

 

Борис КЛЕЙМАН.

Андижон вилояти.

Суратларда: вилоят ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятидан лавҳалар.

Муаллиф олган

 суратлар.