Болалар мамнун, ота-оналар хотиржам!

  • 11:07
  • 12,07-2019
  • 419
  • Улашинг

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғида ИИВ «Оқтош» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият юритади. Оромгоҳ ҳар сменада 400 нафардан зиёд ўғил-қизни қабул қилади.

 «Оқтош»ни чиндан ҳам фарзандларимизнинг севимли дам олиш маскани, дейиш мумкин. Бу бежиз эмас. Бунинг замирида ўқувчиларнинг дам олишини ташкил этишда замонавий ёндашув ётади. Бу ерда фаолият юритадиган фидойи инсонлар ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратади.  

Оромгоҳ соф ва мусаффо ҳавоси, бетакрор табиати билан ажралиб туради. Бу ерга қадам қўйишингиз билан ўзингизни ўзга оламга кириб қолгандай ҳис этасиз: бир-биридан қувноқ, хушчақчақ болалар, илиқ, самимий суҳбатлар сизни бир зум бўлса-да, беғубор болалик сари етаклайди. Дам олаётган ёшларнинг дўстона муносабатлари эса қувончингизни оширади.

Улар ўзлари севган машғулоти билан машғул: спорт ўйинлари, гуруҳ ишларида фаол иштирок этади. Оромгоҳ малакали ва тажрибали тарбиячилар, гуруҳ раҳбарлари тавсияларига асосан ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ фаолият юритади.

 

Шак-шубҳасиз, айтиш мумкинки: бу ерда болалар, шаҳар шовқинидан йироқда, баланд тоғлар бағрида ўзларини чиндан-да хотиржам ва бахтиёр ҳис этишмоқда. Уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.

Динара ҲАЙИТБАЕВА (Хоразм вилояти Хива тумани):

– Бу ерда иккинчи йил дам олишим. Ўтган йилдан бери анча ўзгаришлар юз берибди. Маданий дастурлар янада бой ва қизиқарли ташкил этилган, тўгараклар сони ортган, кутубхонада эса турли мавзуларга оид китоблар сони анча кўпайибди. Мен расм чизишга қизиқаман. Шу боис расм тўгарагига қатнашяпман. Энг асосийси, турли вилоятлардан келган кўплаб дўстлар орттирдим, уларнинг телефон рақамларини ёзиб олдим ва умид қиламанки, ҳозирги самимий муносабатларимиз кейин ҳам давом этади.

Беҳруз ҲИКМАТУЛЛАЕВ (Тошкент шаҳри):

 – Бизнинг оромгоҳда – ҳаммаси аъло даражада. Муҳит ажойиб, ўтказиладиган тадбирлар, мазмунан жуда бойитилган. Ҳамма болалар аҳил, қувноқ, истеъдодли! Раҳбарият бизга алоҳида ғамхўрлик қилиб, эътибор қаратади. Дўстларим билан ҳар куни стол тенниси, шахмат-шашка, футбол ва волейбол ўйнаймиз. Зерикишга умуман вақтимиз йўқ.

Тарбиячилар ва гуруҳ раҳбарлари худди уйдагидек муҳитни яратишни уддалашган. Оромгоҳда ҳамма нарса ҳисобга олинган, болалар ўзлари қизиққан машғулот билан шуғулланиши мумкин. Мен рақс тушишни жуда яхши кўраман ва бугун дугоналарим билан кўргазмали рақс ижро этиб, ўз маҳоратимизни намойиш этамиз. Бу ерда кўп нарсаларни ўргандик. Уйга қуёшда тобланган, руҳан тетик, янгича дунёқараш билан қайтамиз. Мароқли ҳордиқ учун ташаккур.

Айсултан ХУДОЙБЕРГЕНОВА (Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри):

 – «Оқтош»га учинчи йил келишим, тарбиячилардан миннатдормиз. Улар меҳрибон, ҳамиша ёрдамга шай. Оромгоҳда укам Алпамис билан дам оляпмиз, овқатлари мазали, турли концертлар, кўрик-танлов ва викториналар ўтказилади.

Болалар муносабатлардаги ҳар қандай сохталик, сунъийликни жуда нозик ҳис этишади. Уларнинг соғломлаштириш оромгоҳида фаолият юритаётганлар ҳақидаги илиқ сўзларини, «Оқтош» болалар учун ўз уйидек бўлиб қолганини эшитиш нақадар ёқимли.

Ўз ўрнида, ёш авлод учун ҳар куни байрам уюштираётган, уларни дўстлашишга, масъулиятли ва меҳрли бўлишга ўргатаётган Ормгоҳ ходимларига тасаннолар айтгингиз келади.

Агар фарзандингиз соғлом, масъулиятли бўлиб, улғайишини ва асосийси – таътил кунларини қувонч билан эслашини истасангиз уни «Оқтош»га жўнатинг. Хавотир олманг, у ишончли қўлларда бўлади!

А. БАҲОДИРОВА,

лейтенант.