МИЛЛИЙ МАДАНИЯТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ – ДАВР ТАҚОЗОСИ

  • 10:03
  • 11,03-2019
  • 1680
  • Улашинг

ХХ асрда ўзбек лисонига кучли таъсир этувчи омиллар кўп бўлди. Натижада ўзимизда йўқ сўзларга ҳам муқобил ифода, яъни эквивалент излашга тўғри келди. «Маданият» сўзи ҳам «культура»нинг таржимаси сифатида янгидан пайдо қилинди. Қисқаси, бу даврда маданият ижтимоий ҳаётнинг таркибий қисмига айланди. Замонавий давлатчиликда маданият махсус бошқариладиган бир соҳа бўлиб улгурди.

Жаҳон давлатчилиги стандартларида Маданият вазирлиги тизими бўлиши кўзда тутилган. Алоҳидами ёхуд бирор унга яқин соҳа билан биргами, бундан қатъи назар, замонавий давлатларнинг аксариятида бундай вазирлик мавжуд.

Албатта, маданият – жуда кенг тушунча. Аммо Ўзбекистон Рес­публикаси Маданият вазирлиги тизими ана шу катта тушунчага дахлдор соҳаларнинг энг асосийлари фаолиятини қамраб олади ва мувофиқлаштиради.

Модомики, маданият муайян ижтимоий соҳа, уни бошқариш ва такомиллаштириш давлат зиммасидаги вазифа ҳисобланаркан, мамлакатлар умумтараққиётини айнан маданиятга бўлган муносабатга қараб ҳам белгилаш мумкин. Ҳаттоки, кўп бир мамлакатга баҳо беришни аввал унинг маданияти даражасини аниқлаштириб олишдан бошлайди.

Мустақиллик йилларида маданиятимиз тамоман янги миқёс ва даража пайдо қилди. Аввало,
у миллийлашди, ўзлигини намоён этиб, юксак маданият соҳиби бўлган халқлардан бири эканимизни дунёга кўрсатиб қўйди. Бироқ замон ҳаётнинг барча жабҳасини қайта кўриб чиқиш, уни давр талабларига мослаб ислоҳ қилишни тақозо этяпти. Жумладан, маданият соҳасида ҳам бир қатор камчиликларимиз борлиги, нималардир эскиргани, нималарнидир янгидан изга қўйишимиз аён бўлиб қолди. Зотан, мамлакат тезроқ ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишга жиддий интилар экан, демак, маданият тизими ҳам шунга мос равишда такомиллаша бориши, янада тараққий этиши шарт.

Президентимизнинг 2018 йил
28 ноябрдаги «Ўзбекистон Респуб­ликасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори айнан ана шу зарурат асосида қабул қилинди. Мазкур қонуности ҳужжати халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юксак маънавий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-­авайлаш ҳамда жаҳон маданияти билан уйғун ҳолда ривож­лантириш, миллий маданиятни кенг тарғиб этиш, унинг халқаро маданий маконда тутган ўрни ва мавқеини янада мус­таҳкамлаш мақсадида имзоланди.

Қарорда кейинги йилларда мамлакатимизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини янада юксалтириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар қайд этилган.

Бу борада туб бурилиш бошланди. Эътибор қилайлик, Ўзбекис­тон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекис­тон давлат филармонияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ва бошқалар ташкил этилди. Ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш тизими яратилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва музейи ташкил топди. Ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фес­тивалининг ўтказилиши ноёб меросимизнинг нуфузини жаҳон миқёсида ошириш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.

Яна бир янги йўл тутилди. Бу шундан иборатки, 2019–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини мамлакатимиз минтақалари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга ошириш бўйича алоҳида-алоҳида чора-тадбирлар дас­турлари (жами – 14 та) ҳам тасдиқланди.

Шу нарса ҳам белгилаб қўйилдики, Концепция ижроси кейинги йилларда ҳам изчил давом этади. Яъни, 2021 йил ва ундан кейинги йиллар учун Концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ва чора-тадбирлар дастурлари янгидан ишлаб чиқилади ҳамда улар  Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастури доирасида марказлаштирилган манбалар ҳамда республика бюджети маблағлари; Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари; имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Яна бир янгилик шундан иборат бўлдики, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди ва бу нишонни таъсис этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинадиган бўлди.

Биз ҳуқуқий давлат қуряпмиз. Бундай жамиятда ҳар бир соҳа мукаммал, замон талабларига мос келадиган қонунлар асосида фао­лият юритиши ва ривожланиши лозим. Афсуски, бизда шу пайтгача маданият тўғрисида қонун йўқ. Шунинг учун мазкур қарорда  Вазирлар Маҳкамасига 2019 йилнинг 1 июнига қадар «Маданият тўғрисида»ги қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш юклатилди.

Маълумки, маданият ва санъат ривожида кўрик-танловларнинг аҳамияти катта. Бу ижодга қанот бўлади. Санъаткорларни рақобатга, тинимсиз изланишга, янгиликка ундайди. Хуллас, кучли омил вазифасини ўтайди.

 

Маданиятимизни қанча ривож­лантирсак, дунёнинг бизга қизиқиши шунча ортади. Биз хорижга ҳар қанча кўз-кўз қилса арзийдиган маданиятга эга халқмиз. Башарият тарихи жараёнида жаҳон тамаддуни равнақига буюк ҳисса қўшган мамлакатлар у қадар кўп эмас. Санаса, бундай юртлар сони 15 тадан ортмайди. Фахрли томони шундаки, шулар орасида Ўзбекистонимиз ҳам бор. Буни дунё билади. Шунинг учун ҳам бизга қизиқиш катта. Бироқ Ер юзи аҳлининг бизни бу билиши ҳеч биримизни қониқтирмаслиги керак. Чунки биз ҳали бундан ҳам буюкроқ мақомларга лойиқ эканимизни исботлашимиз зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори айнан шу буюк мақсадга хизмат қилиши тайин.

Тараққиёт учун икки омил ўта муҳим. Биринчиси ақл, иккинчиси эса маблағ. Модомики, ҳар тарафлама равнақ топишни, тезроқ ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олишни истаётган эканмиз, маданиятимизни юксак даражага кўтаришимиз зарур. Бу – давр талаби.

Султонмурод ОЛИМОВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.