Энергетик ичимликлар

  • 10:06
  • 24,06-2019
  • 1212
  • Улашинг

ёхуд «Қопқоқ йиғиш акцияси»даги машмашалар

Хизматдан сўнг севимли оила даврасида овқатлангач, дунёда бўлаётган янгиликларни кўриш, бироз ҳордиқ чиқариш ниятида телевизор қаршисига ўтирамиз. Каналларни кузатаркансиз, деярли барчасида турк ёки корейс сериаллари намойиш этилаётган бўлади. Уларнинг кўплигидан гоҳида қайси бирини кўришни билмайсан, киши.

Яхшиямки, лотин тилида «қичқираман» деган маънони англатувчи реклама бор, сериаллардан чарчаганингизда бир зум тин оласиз. Бўлмаса нима қилардик?! Марҳум қизиқчи айтганидек, «Маза қилиб реклама кўриб турганимизда, кино қўйиб юборадимией?!»

Қадим Юнонистон ва Римда оғзаки ҳамда ёзма тарзда товар белгиси қўйиб, тамғалаш йўли билан пайдо бўлган реклама бугунга келиб оммавий ахборот воситалари орқали ўзига хос даромад манбаига айланди.

Қопқоқ остидаги «қопқон»

«Чарчадингми, қувватингни ошир!», «Ўзингга ишон!», «Сен албатта уддалайсан!», «Ўзинг танла!» каби сўзларни ҳар кун кўриш ёки эшитишга ўрганиб қолдик. «Tizer», «Sitro», «WF», «Ok» каби ичимликларни тарғиб қилувчи «ютуқли акциялар» рекламаси роса урчиди. Гўёки ҳаёт фақат мана шу ичимликлардан иборатдек.

Бозорнинг ўзгармас қонуни – талаб ва таклиф бор-ку, дерсиз. Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлиши керак эмасми?!

Ҳам моддий, ҳам соғлиққа зарари ортиб бўлган бундай ичимликларнинг «шайдолари» кўпайса кўпаймоқдаки, асло камайгани йўқ.

«Ютуқли қопқоқ» акциялари эса кўпчиликнинг хаёлини банд қилиб улгурди. «Paynet» орқали «арзимас беш минг сўм пул» сарфлаб, барчанинг нигоҳини «михлаган» шоуга қатнашиш ниятида юрганлар ёки асосий мақсади энергетик ичимликни истеъмол қилиш эмас, балки маҳсулот қопқоғидан чиқадиган «совға»ни олиш бўлган юртдошларимиз минг­лаб, миллионлаб топилмоқда.

Энг ачинарлиси, «қопқоқ ишқибозлари»нинг баъзи қилиқлари барчасидан ошиб тушмоқда: автомашина ютиб олиш учун юк машинаси тўла ичимлик сотиб олиб, бирма-бир қопқоғини очиб кўраётган «қопқоқ шайдоси»нинг «қаҳрамон»лиги акс эттган видеонинг ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганини кўриб ёқа ушлайсан киши.

Телеканалларимизга «ўзгача файз бериб турган» ва одамларни осонликча пул топишга «ўргатаётган», моҳиятан қиморни эслатувчи шоулар кўплаб юртдошларимизни енгил бойликка эга бўлишга ўргатмоқда.

«Борига барака», «Олтин калит», «Омад шоу», «Миллионер шоу» каби кўрсатувлар негизида кўпчилик ҳисобидан бойиб кетишдек жўн ғоя ётибдики, бу эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз тарбияси ва онгу шуурига бошқача таъсир ўтказаётганлигини англаш қийин эмас.

 

Оиладаги машмаша

Хизматдан қайтиб, оилам, яъни ҳаловат ошёнига қадам босарканман, ўғлимнинг кайфияти тунд эканлигини пайқадим. Аёлимдан сўрасам, ўртоғи билан битта ичимлик қопқоғи учун жиққа-мушт бўлганлиги, мактабда тушлик учун берган пулларни энергетик ичимликка сарфлагани маълум бўлди. Уни ёнимга чақириб, бу иши дуруст эмаслиги, мазкур ичимликлар организм учун зарарлиги ва саломатликка путур етказишини ётиғи билан тушунтирдим.

Ўғлим «Да­да, шунча одам ютуққа эришяпти-ку, менда машина ва компьютер ютишимга атиги иккита қопқоқ қолди», деди. Энергетик ичимлик­лар рекламаси ва шоуларининг ўғлим онгига, тарбиясига жиддий таъсир ўтказганлигини анг­ладим. Бироқ унга машина ёки бойликка осонликча эришмасликни, бунинг учун ўқиб-ўрганиш, тинимсиз меҳнат қилиш кераклигини тушунтириб, шу кундан бош­лаб мазкур ичимликларни харид қилишни тақиқладим.

 

«Ажал аралашмаси»нинг зарари хусусида

Мутахассислар фикрича, энергетик ичимликларни кўп истеъмол қилиш организм учун хавфли экан. Бундай ичимликлар таркибида кофеин миқдорининг юқори бўлиши, айниқса, юрак-қон томир тизимини чарчатиб қўйиши мумкинлиги, меъёридан ортиқ ичиш бепуштлик, қандли диабет, ҳаттоки, саратон хасталигига сабаб бўлиши исботланган. Энергетик ичимлик инсон миясига таъсир ўтказиб, уйқусизликни келтириб чиқаради, иштаҳа йўқолади. Ўз-­ўзидан уйқусизлик кишининг кун давомидаги фаол турмуш тарзига таъсир ўтказмай қўймайди. Яъни, ишчанлик сусаяди, мия ва юрак зўриқади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, газланган ва энергетик ичимликларни доимий равишда истеъмол қиладиган кишиларда ошқозоности бези саратони кўп кузатилади. Агар эътибор қаратсак, қувватбахш ичимликларнинг «шайдолари»
15–35 ёшдагиларни ташкил этмоқда. Айнан шу инобатга олинса, бу нақадар оғриқли муаммоларимиздан бири эканлиги чуқурроқ англашилади. Айрим Европа давлатларида бундай ичимликларни сотишга тақиқ қўйилганлиги бежиз эмас...

 

«Чеклов фойда беради...ми?»

Фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 221-моддасига асосан, энергетик ичимликлар бўйича чек­ловлар жорий қилинди. Эндиликда қуйидагилар тақиқланади:

– Соат 07:00 дан 22:00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

– реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс­лар орасида текин тарқатиш;

– асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан, сотиш;

– асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш кабилар.

Савол туғилади: қонунчилигимизда амалга оширилган бундай тақиқлар фойда берадими? Албатта, фойда беради. Фақат фарзандларимиз тарбиясида огоҳ бўлишимиз, уларни турли сунъий таъсирлардан асрашимиз зарур.

 

Фойдали акциялар кўпайтирилса...

Қувватбахш ичимликларни тарғиб қилиш ўрнига фойдали акцияларни кўпайтириш, китобхонлик, китобсевар инсонларни рағбатлантиришга йўналтирилган шоулар ташкил этилса, фойдали эмасми? Бундай шоуларда ҳомийлар ёрдамга муҳтож, моддий томондан қийналган инсонлар учун хайрия тадбирларини амалга оширса, нур устига аъло нур бўлади. Ёшларнинг билимини рағбатлантириш мақсадида интеллектуал шоулар, ютуқли ўйинлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

капитан.