Онахоннинг орзуси ушалди

  • 11:08
  • 14,08-2019
  • 125
  • Улашинг

Халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, мурожаатларни жойида ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник
Р. Хатамов Фарғона вилояти Олтиариқ туманида сайёр қабул ўтказди.

Қабул жараёнида вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардан келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Уларга қулайлик яратиш мақсадида сайёр қабул ўтказилаётган ҳудудда тиббий хизмат, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ҳамда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган фуқарога паспорт ҳамда етти нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистон Рес­публикасида яшаш учун гувоҳнома тантанали равишда топширилди.

– Ўзбекистон фуқароси бўлишни йиллар давомида ният қилгандим, – дейди Ҳамрохон Собиржонова. – Мана бугун орзуимга эришдим, фуқаролик паспорти олганимдан жудаям бахтиёрман. Илтимосимизни инобатга олиб, фуқароликка қабул қилинишимизга имкон берган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Шундан сўнг сайёр қабулга ташриф буюрган фуқароларнинг 67 та мурожаати эшитилиб, улардан 44 таси жойида ҳал этилди. Қолгани бўйича эса мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилиб, аниқ вазифа ва муддатлар белгиланди.

Риштонлик меҳнат фахрийси Муаззамхон Ҳамралиева бир неча йиллардан бери саломатлигидаги муаммолар туфайли азият чекаётганидан арз қилди. Нуроний онахоннинг даволаниши учун имтиёзли шартларда ордер олиш масаласи ижобий ҳал этилди.

Қабул жараёнида имконияти чекланган фуқароларга ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси, зарур уй-рўзғор жиҳозлари берилгани ҳам кўпчиликни қувонтирди.

Шу куни Ички ишлар вазири ўринбосари Олтиариқ тумани «Полосон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи болалигидан ногирон ва ижтимоий кўмакка муҳтож Дониёрбек Эргашев истиқомат қиладиган хонадонга ташриф буюрди. Ушбу оиланинг яшаш шароити, муаммолари ўрганилиб, моддий кўмак кўрсатилди.

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.