Қоидани кимлар писанд қилмаяпти?

  • 14:08
  • 14,08-2019
  • 330
  • Улашинг

Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўпгина ишлар қилиняпти. Масалан, Шота Руставели кўчасида илгари қатнов қисмини иккига ажратиб турган баланд панжарали бетон тўсиқлар ўрнатилган эди.

Йўлнинг нариги томонидан келаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қарама-қарши томондаги пиёдалар йўлакчасидан светофорнинг тақиқловчи чироғига қарамасдан, ҳаракатланиб келаётган пиёдаларни кўришига халал бергани учун ўша тўсиқлар олиб ташланди. Унинг ўрнига пастқамгина бетон тўсиқлар ўрнатилди. Энди эса йўлнинг ҳамма томони кафтдек кўриниб, ҳайдовчиларга янада қулайлик яратилди. Шундан сўнг айрим пиёдалар йўлнинг хоҳлаган жойидан кесиб ўтадиган одат чиқарди. Кейинроқ пастқам тўсиқлар ҳам олиб ташланиб, фуқароларимизга аввалгидан ҳам тушунарли бўлиши учун йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмларини иккита яхлит чизиқ ажратиб турадиган бўлди. Бу қилинган машаққатли меҳнатлар айрим йўл ҳаракати иштирокчилари учун умуман таъсир қилмади. Чунки шу пайтгача йўлнинг белгиланмаган жойидан фақатгина пиёдалар кесиб ўтаётган бўлса, ҳозир уларнинг сафига айрим ҳайдовчилар ҳам қўшилди. Улар автоуловини ўзи истаган жойдан буриб оляпти. Шуни айтсалар керак-да, «Қовун қовундан ранг олади», деб.

Чунки кўчанинг барча жойлари қатори, Жанубий вокзал ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳам баланд панжарали бетон тўсиқлар олиб ташланганидан кейин пиёдалар ерости ўтиш жойи қолиб, автомобиль йўлининг хоҳлаган еридан кесиб ўта бошлади. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб кетди. Мазкур тўсиқлар қайта ўрнатилганидан бери баъзи шов­возлардан ташқари, барча пиёдалар ерости ўтиш жойидан фойдаланмоқда.

Ушбу кўчанинг Пушкин хиёбони олдидан ўтадиган қисмида ҳам пиёдалар учун махсус ерости йўлаги мавжуд. Бироқ бетон тўсиқлар олиб ташланганидан буён аксар пиёдалар ерости ўтиш жойи қолиб, кўчанинг истаган қисмидан кесиб ўтяпти. Бунинг олдини олиш учун ҳар қадамга биттадан йўл-патруль хизмати ходимини бириктиришнинг иложи йўқ-ку!

Ахир, улар бундай ҳаракати билан, биринчидан, ўз ҳаётига рахна солмоқда. Иккинчидан эса, мазкур фуқароларнинг аксариятини катта ёшдагилар ташкил этиб, улар йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтаётганда йўл ҳаракатига халал бераётганларини унутаяптилар, шекилли... Ўки қоидани бузган пиёда ва ҳайдовчиларга жаримани кучайтириш керакми? Ундан кўра, мазкур қоидабузарлар шу пулга ўзи ва оиласи учун керакли бўлган буюмларни харид қилгани маъқул эмасмикан?

 Аввало, барчани Яратганнинг ўзи асрасин-у, аммо уларга бирор кор-ҳол бўлса, яқинларининг аҳволи не кечишини тасаввур этиб ҳам бўлмайди. Боиси, жорий йилнинг ўтган етти ойида Тошкент шаҳрида пиёдалар иштирокида 352 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, уларда
43 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган ва 325 нафар одам турли даражадаги тан жароҳати олган.

Ачинарлиси, мазкур ҳодисаларнинг 180 таси бевосита пиёдалар айби билан содир этилган. Зора, фуқароларимиз ушбу рақамлардан юқоридаги каби ҳолатларнинг қандай аянчли оқибатларга олиб келишини англаб етишса.

Бундан ташқари, ушбу кўчанинг «Grand mir hotel» меҳмонхонаси томон кетадиган қисмида пиёдалар йўлакчасига ҳамда йўл четига транспорт воситаларининг қаторлаштириб қўйилганини кўриб таъбингиз хира бўлади. Эҳтимол, буни мазкур жойларда автотураргоҳларнинг етарлича эмаслиги билан изоҳлаш мумкиндир. Нима бўлганда ҳам, бундай муаммолар ҳал этилмас экан, улар йўл ҳаракати хавфсизлигига дахл қилавериши тайин.

 

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.