Сиз борсиз, илмга ташна дил обод, қалбга меҳр, зиё улашувчи зот

  • 12:08
  • 14,08-2019
  • 75
  • Улашинг

ИИВ Академиясида таълим-тарбия олаётган бўлғуси осойишталик посбонларининг малакали ва тажрибали ходим бўлиб етишиши, қалбида касбга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларининг шаклланиши замирида фидойи профессор-ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнати ётибди.

Таъкидлаш жоизки, бундай шарафли касб эгалари таълим даргоҳида кўпчиликни ташкил этади. Устозларнинг йўл-йўриғи, панд-насиҳати ва таълим-тарбияси самараси ўлароқ, бугунги кунда ушбу нуфузли муассасани битирган кўплаб ёшлар юртимиз осо­йишталигини таъминлаш йўлида шараф билан хизмат қилаётир. Билим ва тажрибасини ёшларга ўргатаётган ана шундай заҳматкаш инсонлардан бири – полковник Исомиддин Исмоиловдир.

Исомиддин оилада 9 фарзанднинг бири. Ака-ука, опа-сингиллари ёшлигидан ўқишга қизиқишди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишди. Бунда отаси Умар ака ва онаси Зай­наб опанинг ҳиссаси катта бўлди. Улар деҳқончилик билан кун кўришарди. «Бизда имконият бўлмади, сизлар яхши ўқишингиз керак», деб болаларининг қулоғига қуйишди. Ҳар қанча қийин бўлмасин, барча шароитларни яратишди. «Ўқишга бормаган кунинг билимингда бўшлиқ бўлади. Куни келиб, у панд бериши мумкин. Ўзинг мус­тақил ҳар қанча тайёрлансанг ҳам, ўқитувчи ўқитганидек бўлмайди», дейишди.

Фарзандлар орасида Исомиддиннинг ўқишга ҳафсаласи йўқроқ эди. Унга кўп тушунтиришди, айниқса, акалари билим олишга қизиқтиришга уринишди, аммо натижа чиқмади.

Исомиддин 7-синфда ўқиб юрганида ота-оналар мажлиси бўлди. Умар ака кечки овқатдан кейин мажлис тўғрисида гап очди.

 – Аъло баҳоларга ўқиётган 10 дан ортиқ боланинг ота-онасига миннатдорлик билдиришди. Уларнинг орасида қўшниларимизнинг фарзандлари ҳам бор экан. Бўладиган бола ҳеч ким ёрдам қилмаса ҳам, ўқишини қойиллатаркан. Уларнинг ота-онасига ҳавасим келди. Фарзандлари билан фахрланиб туришди мажлисда, – деди оғир хўрсиниб.

Дастурхон атрофида ўтирганлар Исомиддинга кўз остидан қараб қўйишди. Отанинг гаплари Исомиддинга қаттиқ таъсир қилди. Унинг ғамгин қиёфаси, юрагидан чиққан ҳасратли гаплари бир неча кун кўз ўнгидан нари кетмади. Ўқишга астойдил киришди. Исомиддиндаги кескин ўзгаришдан устозлари, яқинлари жуда севинишди. Кўп ўтмай аъло баҳоларга ўқиётган синф­дошлари ҳам ундан ортда қола бошлади. Шу тариқа Жиззах туманидаги 14-ўрта мактабни битирганида синфидан ягона олтин медаль соҳиби Исомиддин Исмоилов бўлди.

Унинг ҳуқуқшуносликка иштиёқи баланд эди. Тошкент давлат университетининг юридик факультетига ҳужжатларини топширди. Олий маълумотли ҳуқуқшунос дипломини қўлга киритгач, 1982 йилда Жиззах вилояти ИИБга ишга кирди. Тўрт йил назорат, таҳлил, тезкор қидирув каби бир қанча йўналишларда фаолият юритди.

1988 йил янги қарор чиққани, унга асосан, илк бор танлов ўтказилаётгани айтилди. Унинг раҳбарлари энг фаол, фидойи, ташаббускор ходим сифатида И. Исмоиловни тавсия этишди. ИИВ Тошкент олий мактабида танловнинг дастлабки босқичи ўтди. Кейингиси Москва шаҳридаги собиқ иттифоқ ИИВ Академиясида ўтказилди. Ўзбекис­тондан борганлардан 10 нафари ўқишга қабул қилинди. Шулардан бири И. Исмоилов эди. 1991 йили «Аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишда содир этиладиган талон-торожликларнинг олдини олиш» мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга бўлди.

И. Исмоилов дастлаб ИИВ Тошкент олий мактабида ўқитувчи, 1994 йилдан эса вазирлик Академиясида ўқитувчи, катта ўқитувчи, кафедра бошлиғининг ўринбосари, бўлим бошлиғи, илмий котиб, докторант, 2001 йилдан кафедра бош­лиғи лавозимларида фаолият кўрсатди. 2017 йилдан ИИВ Академияси Жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси бош­лиғи лавозимида хизмат қилмоқда.

Эътироф этиш керакки, ўз касбининг фидойиси кафедрада ўқитиладиган фанлар бўйича дарс машғулотларини янги педагогик технологияларни қўллаган ҳолда юксак савияда ўтади. И. Исмоилов «Уюшган жиноий тузилмалар фаолиятининг олдини олишни назарий ва ташкилий-ҳуқуқий таъминлаш» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. И. Исмоиловга 2008 йилда профессор илмий унвони берилган.

У Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш тизими, хусусан, ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш муаммолари бўйича фаол илмий тадқиқотлар олиб бораётган иқтидорли олимдир. Меҳнат фаолияти давомида 250 дан ортиқ ўқув-методик ишларни тайёрлаб, чоп эттирган. Унинг муаллифлиги ва таҳрири остида нашр этилган «Криминология» ва «Ички ишлар органларининг профилактик фаолиятини ташкил этиш» каби қўлланмалар мамлакатимизда ушбу фанлар бўйича тайёрланган биринчи дарсликлар ҳисобланади. «Криминология» дарслиги 2000 йил Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Устоз» жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилган республика танловида II даражали диплом билан тақдирланган.

Унинг раҳбарлигида 2018–2019 йилларда кафедра томонидан кундузги ва сиртқи таълим курсантлари учун «Ички ишлар органларида бош­қарув ва ахборот-таҳлил фаолияти асослари» ҳамда бошқа кўплаб ўқув қўлланмалар тайёрланди. Илмий раҳбарлигида етти нафар тадқиқотчи диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, шундан беш нафари юридик фанлар номзоди, икки нафари юридик фанлар доктори илмий даражасини олган. Бугунги кунда докторлик диссертацияси устида иш олиб бораётган уч нафар тадқиқотчига илмий раҳбарлик қилмоқда.

И. Исмоилов ёш ходимларни тарбиялаш, уларга мураббийлик қилишда жонкуяр ва ғамхўр устоздир. У мураббийлик қилган М. Зиёдуллаев, Ж. Мухторов, С. Селиманова, Д. Юлдашев ва А. Муродов каби ёш ходимлар Академиянинг бир қатор таркибий тузилмаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда.

Фидойи инсоннинг ташаббуси билан 2007 йилдан Академияда «Жиноятларнинг олдини олиш фаолияти» мутахассислиги бўйича таълим олувчи тингловчилар иштирокида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани халқ таълими бўлимига қарашли 21-сонли, 2018 йилдан 23-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан мунтазам равишда ижодий, маънавий-маърифий, маданий, хайрия ва бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Эндиликда бундай тадбирларда Академиянинг барча жамоаси фаол иштирок этмоқда.

– Мен жуда бахтли инсонман, – дейди у. – Ҳаётда ўзим истаганимдан ҳам ортиқроқ натижаларга эришдим. Бунинг учун ота-онам, барча устозларимдан умрбод миннатдорман. Ҳар доим улардек бўлишга интилиб яшадим. Айниқса, ота-онам кўрсатган ғамғўрликлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Тўққиз фарзанднинг олий маълумотли бўлиши, ҳаётда ўз ўрнини топишида уларнинг хизматлари жуда катта. Менга тақдирнинг яна бир туҳфаси, турмуш ўртоғим Санобархон ҳам онажонимдек фарзандларнинг таълим-тарбия олишига жуда катта ҳисса қўшди. У Жиззах давлат педагогика институтини битирган. Тўрт фарзандимиз турли олий ўқув юртларини битириб, севган касблари бўйича фаолият юритишмоқда. Насиб этса тўққиз нафар неварам ҳам фарзандларим қатори ҳаётда ўз йўлларини топиб, эл-юрт корига ярайдиган илмли кишилар бўлиб етишади. Инсон ҳаётда ўз олдига аниқ мақсадни қўйиб, астойдил интилса, ниятлари эзгу бўлса, барчасига эришар экан. Шуни фарзандларим, невараларим ва шогирдларимга доим сингдириб келаман. Ҳаётда кимнидир ёмон йўлдан қайтариш, яхши йўлга киришига сабабчи бўла олишнинг ўзи катта бахт.

Ҳар бир инсон босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлар экан, қалбида тақдиридан мамнунлик, қувонч ва ифтихор туйғуларини ҳис этсагина чинакам бахт таъмини туя олади. Бугунги кунда ИИВ Академиясида таълим олаётган ёшлар ва мамлакатимиз ички ишлар органларида фаолият юритаётган кўплаб ходимларнинг севимли устози – полковник Исомиддин Исмоиловга ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийди...

 

Абдураҳим ХАЛИЛОВ,

полковник.