Рақамли тадқиқот истиқболлари

  • 16:02
  • 15,02-2019
  • 2039
  • Улашинг



 

 
РАҚАМЛИ ТАДҚИҚОТ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Корея Республикаси Бош прокуратураси Рақамли тадқиқотлар миллий маркази вакилларидан иборат делегация расмий ташриф билан Ўзбекистон Респуб­ликаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказида бўлди. 


Ташрифдан кўзланган мақсад Миллий марказ мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЭКБМ ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш ва ривожлантириш бўлинмаси ходимларига рақамли экспертиза, хусусан, мобил қурилмалардаги маълумотларни тиклаш ва таҳлил қилиш жараёнларини батафсил ўргатиш эди.

Делегация аъзоларини ИИВ ЭКБМ бошлиғи, полковник Н. Галипшин қабул қилди. Учрашувда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи, подполковник Б. Бердиалиев, ИИВ ЭКБМ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Ш. Юлдашев иштирок этди.

Мулоқот чоғида ЭКБМда рақамли экспертизаларни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Корея Республикаси Бош прокуратураси мутахассислари томонидан ашёвий далилларнинг рақамли турлари билан тергов ва суд жараёнида ишлаш, шунингдек, ушбу турдаги далиллар бўйича ўтказилган тадқиқотлар юзасидан эксперт хулосаларидан келгусида суд процессида фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Миллий марказнинг мобил экспертизалар ва таҳлил масалаларини ўқитиш бўйича мутахассислари Пак Ён Чже ва Сонг Чжи Ан ЭКБМнинг ушбу йўналишдаги мутахассислари билан машғулот ўтказишди. Ўқув машғулотларида Ўзбекистон Респуб­ликаси ИИВ Академияси криминалистик экспертизалар кафедраси бошлиғининг ўринбосари, майор А. Ҳусанов ва Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ эксперти, катта лейтенант Ҳ. Юлдашевлар қатнашди.

Ўқиш жараёни махсус дастурлардан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалардан маълумотларни тиклаш ва таҳлил қилиш, мобил қурилмалар соҳасидаги рақамли тадқиқотлар билан боғлиқ материалларни ўзлаштиришни қамраб олди. Ўқишнинг якуний босқичида ЭКБМ бош маркази ахборот-коммуникация технологияларини тат­биқ қилиш ва ривожлантириш бўлинмаси бошлиғи, капитан 
Ш. Шомахсудов ва катта эксперти, капитан Х. Гаджиевдан ўзлаштирилган материаллар юзасидан www.accessdatatest.com расмий веб-сайтида онлайн-тест имтиҳони олинди. Тест имтиҳони натижаларига кўра, улар қониқарли баҳоланиб, рақамли тадқиқотларни мустақил ўтказиш ҳуқуқини берувчи «Access Data Certified Examiner v6» халқаро намунадаги сертификатлар топширилди.

Делегация раҳбари Со До Чжонг тадбир жараёнида ЭКБМ таркибидаги янги йўналиш тайёргарлигига юқори баҳо берди. Делегация аъзолари томонидан ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимларининг тайёргарлик даражаси таҳлил қилиниб, янги йўналишга жиддий муносабати, фаоллиги, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасидаги тадқиқотларни ўзлаштиришга тайёрлигига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВда рақамли тадқиқотларни амалга ошириш мақоми юқори даражадалиги тўғрисида ижобий фикрлар билдирилди.

Ташриф якунларига кўра, ИИВ ЭКБМнинг ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш ва ривожлантириш бўйича фаолияти кореялик ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, рақамли криминалистика ёрдамида жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти тенденцияси ва хусусиятидан келиб чиқиб, келгусида аниқ ўқитиш дастури ва моддий-техника базасини яратиш таклифи берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

Эксперт-криминалистика

 

бош маркази.

Ўхшаш мақолалар