Бугун таваллуд айёми

  • 17:08
  • 14,08-2019
  • 70
  • Улашинг

Ўзбекистон халқ артисти, «Дўстлик» ордени соҳиби, таниқли ўзбек актрисаси Яйра Абдуллаева 1930 йил 14 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Актриса «Бой ила хизматчи» фильмидаги Гулбаҳор роли билан 1953 йилдан бошлаб ўзбек кино санъатида ўз фаолиятини бошлади. Бирин-кетин «Опа-сингил Раҳмоновалар» (1954), «Стадионда учрашамиз» (1956), «Ҳамза» (1960), «Виждон амри билан» (1967) каби фильмларда суратга тушди. У кинода яратган Гулбаҳор, Дилдор, Раъно, Саодат ва бошқа образлар ёрқинлиги, жозибаси билан алоҳида диққатга сазовордир. Бу образлар талқинида ҳам актриса ижодининг ўзига ҳос муҳим қирралари ярқ этиб кўзга ташланиб туради.

Санъаткор ўзбек кино ва театр санъатида ўз ўрнига, ўз овозига эга бўлган, диапозони кенг актрисалардан бири эди. У бир неча йиллар давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ҳам фаолият кўрсатди. Эврипиднинг «Медея», Ш. Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи», «Қудратли тўлқин» А. Пушкиннинг «Дубровский» асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда Медея, Баҳор, Мария образларини катта маҳорат билан ижро этди. Ибсеннинг «Нора» асари асосида тайёрланган радиоспектаклда у ҳам постановкачи режиссёр, ҳам актёр сифатида қатнашган.

Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юксак такдирланди. В. Шекспирнинг «Қирол Лир» трагедиясида яратган Регина образи учун 1967 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Актриса 2019 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.

Маълумотлар «Ўзбек Миллий академик драма театри» сайтидан олинди.

 PS: Сайтимизда «Бугун таваллуд айёми» лойиҳасини ташкил этдик. Унда турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорларнинг туғилган кунлари эсга олиб, табрикланади. Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, 95-144-44-07 телеграм манзилига йўллашингиз мумкин.