Келажакка соя солаётган офат уни йўқ қилиш сизу бизга – барчамизга боғлиқ

  • 12:08
  • 13,08-2019
  • 69
  • Улашинг

Яқинда Россиянинг Красноярск шаҳрида содир этилган машъум жиноят тўғрисида оммавий ахборот воситалари тарқатган хабар уни ўқиган ҳар қандай инсонни бир муддат тилдан қолдирган бўлса, ажаб эмас. Негаки, инсон томонидан амалга оширилган бундай ваҳшийликни тасаввур қилиш маҳол. Сатрлар узра кўз югуртираётиб вужудингизни совуқ тер қоплаганлигини ҳис қиласиз.

Гиёҳвандлик моддасининг кучли таъсири остида ақлу ҳушини йўқотган 35 ёшли эркак ўзи билан яқин муносабатда бўлиб келган аёлни шафқатсизларча пичоқлаган. Қотил қурбони вужудини тирикликнинг сўнгги аломатлари тарк этгунига қадар унга тиғ ураверган. Кейинги жараён шу қадар даҳшатли ва ғайриинсоний кечганки, тасвирламоққа тил айланмайди. «Оғунинг қули» марҳуманинг кўкрак қафасини ёриб, ҳали ҳарорати сўнмаган юраги ва ўпкасини суғуриб олган. Сўнгра юракни қозонга солиб қайнатган ва...

Бирор-бир инсонга нисбатан гиёҳванд деган таърифни эшитганимизда, беихтиёр вужудимизда сесканишни ҳис этамиз. Ақл-ҳуши расо ҳар қандай киши Ер юзидаги энг онгли жонзотни тубан махлуққа айлантиришга-да қодир бўлган заҳри қотилга нисбатан шундай муносабатда бўлиши табиий.

Гиёҳвандликни жамиятга мислсиз даражада талафот етказадиган офатга қиёслаш мумкин. Тиббий хулосаларга кўра, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи шахслар организми инсонни абгорлик қаърига отгувчи иллат – ичкиликка ружу қўйган шахсларга нисбатан бир неча маротаба тезроқ яроқсиз ҳолга келади. Чунки бу жараёнда инсонда нафақат физиологик ҳолат, балки руҳий мувозанат ҳам издан чиқади. Янада ҳалокатли оқибат эса гиёҳвандлик моддаларини сурункали қабул қилувчиларга ОИВ инфекцияси, ОИТС ва вирусли гепатитнинг ўта оғир турлари хавф солишидир.

Алкоголга мутелик йиллар мобайнида муттасил равишда спиртли ичимлик ичиш натижасида юзага келса, гиёҳвандлик моддалари бир неча ойдаёқ кишини бутунлай ўзининг «қули»га айлантира олади.

Ўрганишлар шуни кўрсатадаки, гиёҳвандларнинг аксарият қисми қизиқиш туфайли унинг асирига айланади. Шунингдек, тенгдошларидан «ортда қолмаслик», ўсмирлик давридаги оғир кечинмалар ҳам гиёҳвандликдан нажот топишга сабаб бўлади. Эътибор беринг, санаб ўтилган сабабларнинг барчаси асосан ёшларга хос. Бинобарин, «аср вабоси»га мубтало бўлаётганларнинг асосий қисми ёшлар экани, энг аянчлиси, улар орасида вояга етмаганларнинг ҳам салмоқли ўрин эгаллаши бу хатарнинг даҳшатини янада яққолроқ намоён этади. Демакки, жамият пойдеворидан зил кетмоқда. Оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, шахс ва жамиятнинг мол-мулки, моддий бойлигига ҳам мислсиз даражада зарар етказади. Бу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларнинг бузилишига, болаларнинг етим қолишига олиб келади. Соғлом инсонни охир-оқибатда муҳтожлик, қашшоқлик ва ўлимга мубтало этади.

 Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демманинг хулосасига кўра, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг аксарияти ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилиш оқибатида оила аъзолари ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлар билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган.

Бирлашган Миллатлар Таш­­килоти маълумотларига кўра, ҳозир жаҳонда 500 миллиондан ошиқ инсон гиёҳвандлик «дарди»дан азият чекмоқда. Уларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Шу билан бирга, жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳванд­лар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили минглаб ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасидалар гиёҳвандлик сабаб оламдан кўз юмади. Хавотирлиси, рақамлар йилдан-йилга даҳшатли суръат билан ошиб бормоқда.

Дунё миқёсида олиб борилаётган кузатишлар вояга етмаганлар ва ёшлар гиёҳвандлиги миқёсининг ортиб боришига таъсир қилувчи омиллар турли давлатларда, қолаверса, бир мамлакатнинг ўзида ҳар хил бўлшини кўрсатмоқда. Лекин улар орасида қуйидаги умумий жиҳатлар ҳам мавжуд:

биринчидан, ўсмирлар оқибатини ўйламаган ҳолда аввал тамаки чекиши, сўнгра гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиши орқали улғайиб қолганликларини кўрсатишга уринишади;

иккинчидан, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишга ўрганиб қолган ёшлар ўз тенгдошларини турли шароитларда ўз сафига қўшилишга ундашади;

учинчидан, гиёҳвандларнинг пайдо бўлишига оилавий муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Хонадондаги сурункали жанжаллардан безор бўлган ўсмир кўчадан «паноҳ» топишга ҳаракат қилади;

тўртинчидан, ёшлар айнан балоғат даврида бекорчи бўлиб қолиши ёки уларни ўзларига ёқмаган иш билан шуғуллантиришга мажбурлаш ҳам гиёҳвандлик кўчасига кириб қолишни юзага келтиради.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилиши, етиштирилиши ва сотилиши ҳолатларига қарши кенг кўламдаги чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Республикада гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, наркотрафик ва наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланишига йўл қўймаслик бўйича юқори натижаларга эришилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этиб келинади.

Таассуфлар бўлсинки, кўрилаётган кенг қамровдаги чораларнинг самарасини таъкидлаш баробарида энг оғриқли жиҳатларга тўхталмаслик мумкин эмас. Чунончи, ҳалигача айрим юртдошларимиз томонидан мамлакатимиз чегаралари орқали гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга уриниш ҳолатлари кўплаб учраётир. Нафс кўзини кўр қилган ана шундай кимсалар оғунинг қурбони бўлаётган ёшлар ўрнида ўз фарзандлари бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмикин? Қўшнисининг ёки маҳалладошининг оғуфурушлик билан шуғулланаётганини била туриб бепарво қараётганлар-чи? Улар кун келиб бу балои офат жигаргўшаларини ҳам домига тортиши муқаррарлигини англармикин?

Айрим ота-оналар фарзандларининг тунги клублар ва дискотекаларда бемақсад кезишларига оддий ҳолдек қараётгани фожианинг кўзга кўринмас соясидир. Лоқайдлик, ўз фарзандининг руҳияти, орзу-истакларига етарли даражада аҳамият бермаслик, айрим болаларнинг назоратдан четда қолгани гиёҳвандлар ва уларнинг раҳнамолари учун янги-янги «қурбон»лар ҳозирламоқда.

Шу нуқтаи назардан гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Гиёҳвандлик аталмиш иллатни йўқ қилиш сизу бизга – барчамизга боғлиқ. Фақатгина бирдамликдаги ҳаракат ва кураш билан бугунимиз ва келажагимизга соя солиб турган бу офатнинг йўлига ғов қўя оламиз.

 

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

журналист.