Ватан тақдирига дахлдорлик – тараққиёт омили

  • 10:04
  • 29,04-2019
  • 1372
  • Улашинг

 

Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,

Сени гулдек эркалаган чаман учун.

Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,

Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири.

Она юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Мамлакатимизда ҳар бир инсон ўз қобилиятини юзага чиқариши учун давлатимиз томонидан барча чоралар кўриляпти. Президентимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта ташаббуси ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Шундай экан, юртимизнинг ақлини таниган ҳар бир фуқароси, ёшидан, касбу коридан қатъи назар, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилиши керак.

Балки, «ёшидан қатъи назар» деган жумламиз баъзиларга эриш тую­лар. Кимдир «Мункиллаб қолган чолдан ёки эндигина мактаб партасига ўтирган ўқувчидан нима кутиш мумкин?» дер. Кинояга ҳожат йўқ. Қарияларимиз ўзларининг пурмаъно маслаҳату насиҳатлари билан бош­қаларга қувват бўлишади. Уларнинг дуолари шарофатидан юртимизга файзу барака ёғилади. Алифбони тугатиб, эндигина бошқа фанларни ўзлаштиришни бошлаган болакай мурғак юрагига улкан орзуларни тугса, олдига катта мақсадлар қўйса, шу йўлда зарур бўлган билимларни чуқур эгалласа, юксак чўққиларни забт этиши шубҳасиз. Ахир, улуғлардан бири «Умид билан суқилган таёқ бир кун берар меваю япроқ» деб бежиз айтмаган. Фақат бунинг учун ота-оналар ўзларининг фарзандларини болалигиданоқ буюк ишларга чоғлаши, руҳлантириши керак.

Қурилишда ишлаётган бинокор ёки автобусни бошқараётган ҳайдовчи хаёлидан «Бир оддий касб эгаси бўлсам, Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга менга йўл бўлсин» деган ўй ўтмасин. Қурувчи ўз ишини сидқидилан бажарса, у бунёд этган уйларда яшаётганлар «Қўлинг дард кўрмасин» деб алқашади. Автобус ҳайдовчиси йўловчиларни манзилларига ўз вақтида, эсон-омон, хавф-хатарсиз, хушмуомалалик билан етказиб қўйса қандай яхши. Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом айтганидек:

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек

Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.

Кўпларнинг бахтига ўзликни

жамлаб,

Шу улуғ бинога бир ғишт

қўйсак бас.

 

Фақат бундай улуғ ният қилиш, шу ниятни рўёбга чиқариш йўлида жидду жаҳд кўрсатиш учун киши қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси бўлиши керак. Хўш, бу туйғу қандай пайдо бўлади? Таъбир жоиз бўлса, у инсонга мурғак болалигидаёқ сингдира бошланиши лозим.

«Ватан остонадан бошланади» деб бежиз айтишмайди. Инсонда юртга муҳаббат ўз уйига меҳрдан бошланади. Кейин ўзи ўсиб, вояга етган маҳалласига, қишлоғига, шаҳрига меҳр қўяди. Фақат бу меҳру муҳаббатнинг киндик қони тўкилган хонадонининг остонасидан нари ўтмаслигидан худо асрасин. Зеро, фақат ўзини, ўз оиласини ўйлайдиган худбин кимсанинг элу юртга нафи тегиши даргумон.

Ана шу меҳру муҳаббатдан дахлдорлик ҳисси туғилади. Оиласига дахлдорлик – оталик, оналик, фарзандлик бурчини чиройли тарзда адо этишдир. Болаларига яхши тарбия бериш, уларни илм олишга рағбатлантириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириши учун шароит яратиш ота-онанинг бурчидир. Фарзанд эса бундай ғамхўрликнинг қадрига етиб, ота-онасини ҳурмат қилиши, уларнинг маслаҳатлари асосида иш кўрмоғи лозимдир.

Меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳар бири эса умумий иш, натижа учун масъулиятни ҳис этса, кўзланган самарага эришилади. Бу ҳар бир ходимнинг ишга ўз вақтида келиши, вазифасини бекаму кўст бажариши дегани. Қадрдон жамоасининг ютуғига ҳисса қўшаман деган ходим ўзидан кўра тажрибалироқ ҳамкасбларининг тажрибасини ўрганишдан ор қилмайди. Ва аксинча, малакали ходимлар ёш ҳамкасбларига билганларини ўргатишдан эринмайди.

Баъзи бировлар борки: «Яхши яшашим учун давлат ҳамма шарт-шароитни яратиб бериши керак», деб ўйлайди. Бу хато қараш, боқимандаликдан бошқа нарса эмас. Давлат имконият яратади. Инсон эса ана шу имкониятдан фойдаланиб ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ишлаши, ҳам оиласига, ҳам жамиятга фойда келтириши керак. «Олма пиш – оғзимга туш» деб ўтирган билан иш битмайди. Энди киши ўзига «Ватан менга нима берди?» деб эмас, шоир айтганидай: «Мен Ватанга нима бердим, нима бера оламан?» деб савол бериши керак.

Фуқароларимизнинг ҳуқуқ-манфаатларини, юртимизда тинчлик-осо­йишталикни таъминлаб, ҳалолликни адолатни шиор қилган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг, беморларга яқин кишисидек муомалада бўлаётган тиббиёт ходимларининг, мактабларда фидойилик билан ёшларга таълим бераётган минглаб ўқитувчиларнинг шарафли меҳнатларини Ватан тақдирига дахлдорликнинг олий намунаси дейиш мумкин. Юқорида айтганимиздек, киши қайси касб эгаси бўлмасин, ўз вазифасини сидқидилдан, моҳирлик, ҳалоллик билан бажарса, у ҳеч шубҳасиз мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшган бўлади.

Шу маънода айтиш керакки, Президентимиз ёшларнинг китоб­га муҳаббатини ошириш, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида кўплаб хайрли ташаббусларни илгари сураётгани бежиз эмас. Чунки китобга дўст бўлган бола оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратади. Бундан ташқари, туғилиб ўсган Ватани, она халқининг тақдири ҳақида қайғуради. Энг асосийси, ўзини шу юртнинг фарзанди сифатида зиммасида улкан масъулият борлигини ҳис этади. Бу масъулият уни чуқур билим олишга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, оламшумул кашфиётлар қилиб, янгидан-янги марраларни забт этишга ундайди.

Кўпчилигимизда бир қусур бор. Яъни «Бизнинг халқимиз орасидан буюк зотлар етишиб чиққан!» деб кўкрагимизга урамиз. Улуғ аждодларимиз билан фахрланиш яхши, албатта. Лекин фақат шу билан чекланиб қолишдан не наф? Буюк бобокалонларимиз ўзларининг кимлигини жаҳонга кўрсатди. Мамлакатимиз ривожланишини, халқимиз фаровон яшашини истасак, энди биз ҳам уларга муносиблигимизни исботлашимиз керак. Майли, ҳар биримиз Ибн Сино ёки Мирзо Улуғбек даражасида бўла олмасмиз. Аммо ўз касбимизнинг устаси бўлиш, танлаган илмимизни пухта эгаллаб, амалиётга татбиқ этиш қўлимиздан келади-ку. Ҳеч бўлмаса шуни эплайлик.

Тўғри, илм-фан, спорт, техника, санъат ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича халқаро кўрик-танловларда муваффақият қозонаётган ёшлармиз бор. Улар ҳақиқий ватанпарвар ота-оналарнинг фарзанди, ўз юртини жонидан ортиқ севган фидойи мураб­бийлар, устоз-муаллимларнинг шогирдларидир. Тенгдошлари улардан ўрнак олишга интилиши керак.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани ўртага ташлашни истардим. Қанчалаб ёшларимиз хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишган. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам ишлаш учун мамлакатимизга қайтиб келяпти, деб айтолмаймиз. Чет эллардаги компанияларда қолиб ишлаётганларни бир томондан тушунса бўлади. Маоши биздагига қараганда яхшироқ, шароити қулайроқдир. Лекин уларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси кучли бўлганида, юртимизга келиб, иқтидорини, билимини киндик қони тўкилган заминда ишга соларди, деб ўйлайман.

Мақоламни ички ишлар органларининг фидойи ходимлари ҳақидаги мулоҳазаларим билан якунлашни истардим. Бундайлар сафимизда кўпчиликни ташкил этади. Улар ўз Ватани, халқининг тинчлик-осо­йишталигини таъминлаш йўлида, керак бўлса, туну кун хизмат қилади. Жиноятчи билан юзма-юз келганда ҳаётини хавф остида қолдириб бўлса ҳам, уни қўлга олиш чорасини кўради. Балки қишнинг изғиринию ёзнинг жазирамасини писанд қилмасдан, хизмат ўтаётган ходимлардан «Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси нима?» деб сўрасангиз, шоирона, баландпарвоз қилиб бурро жавоб бера олмас. Лекин уларнинг қалби юртга муҳаббат, бурчга садоқат туйғулари билан лиммо-лим тўла. Зеро, шу юртнинг, шу элнинг хотиржамлигини ўйлаб, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида жонини тикиб хизмат қилаётганини дил-дилидан ҳис қилади.

Орамизда, қолаверса, ҳар бир соҳада шундай инсонлар сони кўпаяверсин. Шунда Ватанимиз барча жабҳаларда тараққий топиб бораверади.

 

Фахриддин РАҲМАТОВ,

Қашқадарё вилояти

ИИБ бошлиғи ўринбосари,

подполковник.