Халқни рози қилиш – энг олий мақсад

  • 10:08
  • 17,08-2019
  • 773
  • Улашинг

Бундан 40 йил аввал бунёд этилган ва сўнгги 10 йилдан ошиқ давр мобайнида эътибордан четда қолиб, номигагина фаолият юритиб келган «Тошкент» автовокзалининг янги қиёфасини яратиш ҳамда йўловчилар ва мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун замонавий шарт-шароитларга эга мажмуага айлантириш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ишларини ислоҳотларнинг амалдаги ижроси дейиш мумкин.

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ҳар бир жаб­ҳада қулайликлар яратиш ва зарур шарт-шароитларни янада яхшилаш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдан иборат.

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, аҳолига кўрсатилаётган автотранспорт хизмати сифатини яхшилаш, юртимизнинг чекка қишлоқ ва туманларини вилоят марказлари билан боғлашда жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш борасида Президентимиз ташаббуси билан улкан янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 6 мартдаги «Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида йиллар давомида соҳада тўпланиб қолган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича долзарб вазифалар белгиланган эди.

Жорий йилнинг май ойида сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилган «Тошкент» автовокзалида бир вақтнинг ўзида
2200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратилган. Бу ерда замонавий VIP-зал, она ва бола хонаси, тиббиёт хоналари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона, меҳмонхона ва хостел ташкил этилган. Бундан ташқари, имконияти чекланган фуқароларнинг эмин-эркин ҳаракат қилиши учун шароит яратиш масаласи ҳам алоҳида эътиборга олинган.

Ҳозирда автовокзалдан 12 та халқаро йўналишга мунтазам авто­буслар қатнови амалга оширилмоқда. Жумладан, Қозоғистон Республикасининг Чимкент, Туркистон, Қизил Ўрда, Алмати, Ушкунур, Тараз, Жеттисой ва Остона шаҳарларига йўловчиларни тўғридан-тўғри элтиб қўйиш учун автобуслар ҳар куни йўлга чиқмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек, Тожикистон Республикасининг Хўжанд, Россия Федерациясининг Нижний Новгород ва Татаристон пойтахти Қозон шаҳарларига ҳафта давомида бир нечта автобус қатнови амалга оширилади.

Республикамизнинг вилоятлари бўйлаб кўплаб йўналишларда доимий автобус қатновлари йўлга қўйилганлиги эса юртдошларимиз учун чинакам туҳфа бўлди.

– Невараларимни кўриб кетиш учун бир неча кун аввал замонавий автобусда Тошкентга келгандим. Мана бугун уйга қайтиш учун отланиб турибман, – дейди Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан пойтахтга меҳмонга келган Шавкат бобо Жумаев. – Ўтган йили ҳаж сафарига борганимда бизга хизмат кўрсатган автобусларни кўриб ҳавас қилгандим. Эндиликда халқимизнинг орзуси ушалиб, замонавий автобусларда узоқ сафарларга бехавотир чиқиш имкони пайдо бўлди.

Бугунги кунда Тошкентдан Самарқанд, Зарафшон, Каттакўрғон, Хатирчи, Мирбозор, Пахтаобод, Учқудуқ, Гагарин, Зомин, Янгиер, Термиз, Денов, Бухоро, Қоракўл йўналишлари бўйича маҳаллий рейс­лар аҳолининг узоғини яқин қилмоқда. Мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида узоқ масофали йўналишларга чипталарни 10 кун олдиндан харид қилиш имконияти яратилган.

Ҳар бир автобус йўналишга чиқишидан аввал тўлиқ техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Автобусларнинг санитария талабларига жавоб бериши қатъий назорат остида. Шунингдек, автовокзалдан қатнайдиган авто­буслардан фойдаланган йўловчилар юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан мажбурий суғурталанади, суғурта пули эса чипталар қийматига киритилган.

Йўловчиларга хизмат кўрсатаётган замонавий автобусларда барча қулайликлар яратилган. Кондиционер, салондаги иқлим назорати, актив ва пассив хавфсизлик тизимлари шулар жумласидан. Автобуслар салонига ўрнатилган медиатизим ва мониторлар йўловчилар сафари кўнгилли ўтишига хизмат қилади.

Автовокзал ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Асосий бинода ички ишлар органлари ходими учун алоҳида хизмат хонаси ажратилган бўлиб, бирор муаммога дуч келган фуқарога зудлик билан кўмак бериш имконияти яратилган.

– Автовокзал ҳудуди ва атрофи
68 та видеокузатув мосламаси орқали доимий кузатиб борилади, – дейди Чилонзор тумани Яккабоғ маҳалласига хизмат кўрсатувчи 338-сонли ички ишлар органи таянч пункти профилактика катта инспектори, подполковник Қаҳрамон Шаропов. – Бундан ташқари, автотураргоҳ ҳудудида ҳам 16 та видеокузатув мосламаси ўрнатилган.

Қаҳрамон Шароповнинг таъкидлашича, автовокзал ҳудудига кириб келишдан бошлаб, чипта харид қилиш кассалари, кутиш зали ва автобуслар­га чиқиш перронларигача бўлган босқичларда йўловчиларнинг ҳаракатланиши учун барча қулайликлар яратилганлиги, хавфсизлик эҳтиёт чоралари тўлиқ инновацион технологиялар орқали амалга оширилиши ички ишлар органлари ходимларининг самарали хизмат олиб боришида қўл келмоқда. Автовокзал фаолият бош­лаганидан буён ўтган вақт мобайнида умуман жиноят содир этилмаганлиги ва бирор-бир кўнгилсизлик юз бермаганлиги ҳам жамоат тартибини сақлаш йўлидаги ишлар тўғри ташкил этилганлигини кўрсатади.

Шунингдек, автотураргоҳ ҳудудида барпо этилган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ патруль-пост хизмати мобиль постида сутканинг исталган вақтида фуқароларга кўмак беришга шай осойишталик посбонлари хизмат олиб боради.

Ҳар куни минглаб одамларнинг узоғини яқин қилувчи «Тошкент» автовокзали «қайта туғилиш»дан сўнг ана шундай қиёфа касб этди. Кутиш залида ўрнатилган қулай ўриндиқларда ўз автобусининг йўлга чиқиш вақтини кутаётган ёшу кексанинг юзларида акс этиб турган хотиржамлик ва шукроналик Президентимиз раҳбарлигида асосий вазифаси халқни рози қилишдан иборат бўлган жонкуяр инсонлар ўз мақсадига эришганлигидан далолат бериб турибди.

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.