Ой панд берди

  • 11:08
  • 15,08-2019
  • 799
  • Улашинг

Баланд тоғдаги кўл бўйида жойлашган уй сайёҳлик базасига қарашли эди. Ана шу уй яқинидан Алекс Торпнинг мурдаси топилди. Тергов ҳаракатлари охири берк кўчага кириб қолгач, тажрибали изқувар инспектор Шмидтни ёрдамга чақиришди. Воқеа жойини кўздан кечириш чоғида ягона гувоҳ Петерсон шундай ҳикоя қила бошлади:

– Бу воқеа бундан ўн кун бурун содир бўлди. Мен ухлашдан олдин кўл бўйини айланиб юрган эдим. Шу пайт бутазорлар орасидан эгнига жинси шим, чарм камзул кийган, ўрта ёшлардаги чорпахил киши отилиб чиқди. У мана шу сўқмоқ бўйлаб югуриб кетди. Нотаниш кишининг хатти-ҳаракатидан шубҳаланиб, бутазорни кўздан кечираётганимда мурдага дуч келдим. Шу заҳотиёқ хонамга қайтиб, полицияга қўнғироқ қилдим.

– Воқеа жойида кўрганларингиз аниқ эсингизда қолдими? – ўсмоқчилаб сўради инспектор.

– Бўлмасам-чи! Ўшанда ҳам тўлин ой худди бугунгидек равшан нур таратиб турарди. Атроф сутдай ойдин эди.

– Марҳум билан ҳаётлигида мулоқотда бўлганмидингиз?

– Ўша куни у билан қиморхонада қимор ўйнадик. Роса омади чопди. Атрофдагиларга кўп пул ютиб олгани билан мақтанди. Негадир ҳеч кимга ишонмаслигини, ҳамма пулини ёнида олиб юришини ҳам айтди.

– Етарли! – дея унинг гапини бўлиб қўйди инспектор. – Гапингизни давом эттирмасангиз ҳам бўлади. Сиз қотилликда гумон қилиниб қўлга олиндингиз.

Савол: нега инспектор Шмидт айнан Петерсондан гумон қилди?

Детектив бошқотирмага тўғри жавоб топганларнинг исми-шарифини кейинроқ эълон қиламиз.