Санамай, саккиз деманг ёхуд нохолис ёндашувдан мақсад нима?

  • 10:07
  • 08,07-2019
  • 307
  • Улашинг

«Оқил дўсти бор кишининг ойнага муҳтожлиги йўқ», деган Жалолиддин Румий ҳазратлари. Дарҳақиқат, яхши дўст хатоларингни яширмайди, аксинча, юзингга айтиб, ўнгланишга ундайди. Жамият учун эса оқил дўст вазифасини асосан оммавий ахборот воситалари бажаради.

Ҳаммага яхши таниш ушбу қарашнинг тўғри эканлигини бугун мамлакатимиздаги бир қатор интернет нашрлари амалда исботлашга киришган, десак, адашмаймиз. Аммо айрим шу интернет нашрларининг шов-шув ортидан қувиши сабаб воқеа ва ҳолатларнинг нотўғри талқин қилинаётгани ҳам бор гап. Бундай демоққа бизни жорий йилнинг 1 июлида «Кun.uz» сайтида берилган «Арнасой тумани ИИБ раҳбарлари фермернинг отасини нега урди?» сарлавҳали материал ундади.

Мақолада фақат бир томоннинг иддао­лари ифодаланган, мухбир фақат бир томоннинг фикрларига қулоқ осган. Бу ҳам етмаганидек, масалага алоқадор тиббий хулоса ва ҳуқуқий баҳо эътибордан четда қолдирилган.

Бундай иш тутиш соҳага оид қонунлар, қолаверса, касб этикасига зид. Шу маънода, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид ҳуқуқий ҳужжатларда келтирилган айрим меъёр ва талабларни эслатиш жоиз деб биламиз.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган. Худди шунингдек, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда суиистеъмолликларга йўл қўйилмаслиги, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш қонунан тақиқланади.

Бу гаплар билан қайсидир томоннинг ҳақ ёки ноҳақлигига баҳо бериш ниятидан йироқмиз. Кимнинг кимлиги ҳақидаги баҳони тегишли идора беради. Аммо «Кun.uz»да келтирилган материалга кирмай қолган айрим фактларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик. Қўлимизда Арнасой туманидаги «Аҳмедов Фарҳод чорваси» чорвачилик фермер хўжалиги ва «Дўстлик дон маҳсулотлари» АЖ ўртасида тузилган шартнома бор. Унда мазкур фермер хўжалиги раҳбари 14 гектар ер майдонида буғдой етиштириши ва шартнома асосида 35 тонна ҳосил топшириши кераклиги акс этган.

Худди шундай, бизда туман қишлоқ хўжалиги бўлими тақдим этган маълумотнома ҳам мавжуд. Ҳужжатда «Аҳмедов Фарҳод чорваси» чорвачилик фермер хўжалиги жорий йилда режадагидан
17,1 тонна кам буғдой топширганлиги, ҳосилни етиштириш учун 29 миллион 561 минг сўм имтиёзли кредит олгани ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, фермер хўжалиги режанинг қарийб тенг ярмини бажармагани ҳолда, кредитдан 6 миллион 632 минг сўм, солиқдан 1 миллион 648 минг қарздорлиги маълумотномада акс этган.

Айни шу қарздорликлар боис жорий йилнинг
1 июль куни «Аҳмедов Фарҳод чорваси» фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Аҳмедов туман ҳокимлигига чақирилади. Йиғилишга фермернинг отаси Маматқул Аҳмедов келади. Чунки фермер хўжалигини расман ўғил, амалда ота бошқаради. Ҳоким режа бажарилмагани ҳолда фермер хўжалиги даласида
3 гектар ғалланинг ўрилмай қолганлигини таъкидлар экан, майдонга комбайн тушириш кераклигини билдиради.

Шартнома шартларини бузган Маматқул Аҳмедов бир оғиз эътироз билдирмайди ва ўрим ҳамда ташиш техникалари фаолиятини ташкил этишда қатнашаётган ички ишлар органи ходими билан бирга экин майдонига жўнаб кетади. Йиғилиш ўтказилган жойдан бир километр атрофида узоқлашишганидан сўнг Маматқул Аҳмедовнинг фикри ўзгаради ва далага бормаслигини, ўримга рози эмаслигини билдиради. Табиийки, ички ишлар органи ходими бу ҳақда раҳбарига маълум қилади. Шу тарзда туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Акром Мисиров Маматқул Аҳмедов турган жойга етиб боради.

— Автомашинадан тушишим билан Маматқул Аҳмедов ўз-ўзидан бизни ҳақоратлаб, сўкина бош­лади, — дейди подполковник Акром Мисиров. — Оқсоқолнинг ёши, соғлиғини инобатга олиб, қолаверса, нима мақсадда жанжал бошлаётганлигини сезганим учун ортиқча гапирмадим. Агарда ғаллани ўрдиришни истамаса, бу тўғрида шахсан ўзи ҳокимга айтиши кераклигини маълум қилдим. У рози бўлиб, автомашинага ўтирди. Лекин ҳоким ва ИИБ бошлиғи кўриниши билан дод солиб, «Ходимлар мени дўппослади, вой белим», дея ётиб олди. Кимдир тез ёрдам машинасини чақирди ва у шифохонага ётқизилди.

– Қонунга кўра, ички ишлар органи ходимига алоқадор низоли воқеалар прокуратура назоратига олинади, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Диёр Соатов. – Шу боис туман прокуратураси вакили иштирокида туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч ёрдам бўлими мудири Темур Назаров Маматқул Аҳмедовни тиббий кўрикдан ўтказган. Ҳолатнинг ўзига хослиги инобатга олиниб, жараён видеотасвирга туширилади.

— Автоуловга тираниб турган одамни қўл ёки оёқ зарби билан автомашинага тиқишганида унинг танасида қизариш, кўкариш, шишиш, йиртилиш каби белгилар пайдо бўларди, — дейди шифокор Темур Назаров. — Текширув давомида эса бирорта ҳам зарба изи кузатилмади. Беморнинг териси оқ бўлгани учун ҳар қандай жароҳат яққол кўриниши лозим эди. Аммо қон босими ошгани рост. У киши юқори гипертоник қон босимида юради. Илгари микроинфарктни бошидан ўтказгани боис қон босими ошиши бўйича муолажа қилдик. Маматқул Аҳмедов ишимизданми, ташхисимизданми қониқмади, шекилли, вилоят марказидаги шифохонага даволаниш учун жўнаб кетди. Аммо кўп ўтмай қайтиб келди. Чунки у ерда ҳам ётиб эмас, қатнаб даволаниш бўйича тавсия беришибди.

Айтганча, бу йил республикамизнинг аксар ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам ёмғир кўп ёғди. Бу ғалладан юқори ҳосил кўтарилишига, яна ҳам аниқроғи, қарийб 310 минг тонналик хирмон уюлишига сабаб бўлди. Яқин йилларда вилоятда бу миқдорда дон йиғилмаган. Шу маънода, мақолада келтирилган об-ҳавонинг ноқулай келганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам асоссиз.

— Бу йил туманимиздаги 244 та фермер хўжалигидан тахминимизча 10 фоизигина режани бажара олмайди, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳайитбой Азизов. — «Аҳмедов Фарҳод чорваси» фермер хўжалигига келсак, экин майдонининг мелиоратив ҳолати ўртача, шу сабаб яхшигина ҳосил кўтариб, шунга яраша даромад олиш мумкин эди. Бундан ташқари, чорвачилик фермер хўжалигининг ғалла топшириш бўйича шартнома қилиши қонунга зид деган гап ҳам нотўғри.

Чорвачилик фермер хўжалиги билан ғалла топширишга оид шартнома тузилиши қонунга зидлиги тўғрисидаги иддао «Кun.uz» мухбирига тегишли. Қисқаси, мақола муаллифи бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатларга кўз югуртириши, ҳеч бўлмаса, мутахассисга мурожаат қилиши лозим эди. Шунингдек, материалда туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Акром Мисировнинг фамилияси «Мисаев» тарзида қўлланган. Танқид нишонига олинган кишининг фамилиясини билмаслик юксак малака белгиси эмас, ҳарқалай.

Қолаверса, бир томонга ён босиб, холислик мезонларини бузишнинг сири нимада бўлиши мумкин? Қаламнинг ноқислигими ёки..? Нима бўлганда ҳам бу ҳол «Ёмон ўйинчига оёқлари халақит қилади», деган гапни эсга туширди.

Яна бир гап. Барча қатори ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам оиласи, ота-онаси, фарзандлари, шахсий ҳаёти борлигини, туҳмат қилиш орқали уларга азият етиши мумкинлигини эътибордан четда қолдирмаслик жоиз. Зеро, қонун олдида ҳамма тенг.

 

Р.S. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 майдаги фармойи­ши асосида бошоқли дон ҳосили ўрим-йиғим ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, ғалла ўриш комбайнларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномалари фермер хўжаликлари томонидан сўзсиз бажарилиши учун шахсий жавобгарлик бир қанча давлат тузилмалари қаторида Ички ишлар вазирлиги зиммасига ҳам юклатилган.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роsтdа» мухбири.