Хотин-қизлар фаоллиги – жамият ривожининг муҳим омили

  • 13:10
  • 10,10-2019
  • 159
  • Улашинг

   ИИВ Академияси Хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган галдаги тадбир «Давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш» мавзусига бағишланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, парламентнинг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Файзиева иштирок этган тадбирда соҳага қаратилаётган эътибор ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

   Таъкидлаб ўтилганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи тобора ортиб бормоқда. Хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлаш, жамиятимизда рўй бераётган янгиланишлар жараёнида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

   – Шарқда аёлларга ўзгача ҳурмат, иззат-икром кўрсатилган, – дейди 3-курс курсанти Гулҳаё Камолова. – Мустақиллик йиллари аёлларга эътибор миллий қадрият даражасига кўтарилиб, хотин-қизларимиз ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётимизнинг фаол аъзосига айланди. Таъкидлаш жоизки, жамиятимизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеи юксалиб бормоқда. Бугунги тадбирда бу борада эришаётган ютуқларимиз эътироф этилиб, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

   Учрашувда профессор-ўқитувчилар ҳам сўзга чиқиб, ўқув даргоҳида таълим олаётган курсант қизлар ўз соҳаларининг билимдони бўлиш билан бирга, адабиёт, санъат, жисмоний тарбия ва спорт каби йўналишларда ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритаётгани алоҳида эътироф этишди.

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.