Муносиб хизмат шароити фаолият самарадорлигини таъминлайди

  • 16:07
  • 08,07-2019
  • 472
  • Улашинг

Бугун мамлакатимиз ички ишлар органлари моддий-техник базасини янада яхшилаш, ходимларга муносиб хизмат шароитларини яратиш, уларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва зарур воситалар билан таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов ИИВ Академияси ҳамда Малака ошириш институти шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ва пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ходимлар самарали хизмат қилиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, бино ва иншоотларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.

ИИВ Малака ошириш институтидаги қурилиш ишларини кўздан кечириш жараёнида ўқув синф хоналарининг кенг ва ёруғ бўлиши, янги барпо этилаётган кутубхона биноларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши зарурлигига эътибор қаратилди. Бинонинг ташқи кўриниши, иситиш ва совутиш тизимлари ҳамда атрофни ободонлаштириш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.

Институтнинг орқа ва ён томонларидаги аҳоли яшаш уйлари 2-бинога жуда яқин жойлашганлиги боис мутасадди ходимларга Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қурилиш лойиҳасини хавфсизлик қоидаларига асосан қайта ўрганиб чиқиш вазифаси топширилди.

Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ Буюк ипак йўли кўчасидаги муқаддам Тошкент вилояти ИИБ жойлашган бинога кўчиб ўтган бўлиб, мавжуд маъмурий ва ёрдамчи биноларни капитал таъмирлаш бўйича 3,3 миллиард сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва қурилиш ишлари бошланган. Вазир ушбу масканда олиб борилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, Навбатчилик қисмининг жиҳозланиши, қурол сақлаш ҳамда архив ҳужжатларини юритиш хоналарининг қурилиши бўйича зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берди.

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойида ИИВ Академияси ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланади. Вазир шу муносабат билан таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, Академия Ахборот-ресурс марказида бугун жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Юртимиз таълим даргоҳлари орасида ягона ҳисобланган ушбу марказда жаҳоннинг барча мамлакатларидаги таълим муассасаларида мавжуд бўлган электрон китобларни ўқиш имконияти яратилади. Бу эса ўқитувчилар ва курсантларнинг ўз устида ишлаши ва билим савиясини янада оширишга хизмат қилади.

Ўқув биносида янги қурилаётган аудиторияларнинг замон талаблари даражасида жиҳозланиши, курсантлар сифатли таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, таъмирланаётган спорт зали ва янги қурилаётган сув ҳавзаси мунтазам равишда спорт машғулотлари билан шуғулланиш учун яхши имконият эканлиги ҳақида сўз юритилиб, қурилиш ва таъмирлаш жараёнлари юзасидан Академия раҳбарияти ҳамда вазирликнинг масъул ходимларига топшириқлар берилди.

Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг қуйи тизимларида ҳам бир қатор қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Вазир Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси, Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бинолари ҳамда 500 ўринга мўлжалланган «Маънавият ва маърифат» залининг қурилишини кўздан кечирди. Замонавий усулда, энг сўнгги ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда бунёд этилаётган мазкур маърифат масканида асосий қурилиш ишлари тугалланган бўлиб, ички ва ташқи пардозлаш, электр, иситиш ва совутиш тизимларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазири Тошкент шаҳар ИИББ маъмурий биноси ҳовлисини янада ободонлаштириш, янги қурилаётган иншоотларнинг мавжуд бинолар билан умумий уйғунлик касб этишига эътибор қаратиш ва, энг асосийси, мурожаат этаётган фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратишга доир зарур тавсиялар берди.

Бир сўз билан айтганда, таркибий ва ҳудудий ички ишлар органларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари келгусида юртдошларимиз ва шахсий таркиб учун қулайлик яратиб, фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хуршид РЎЗИЕВ,

майор.